Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга расмий ташрифи бошланди
  • 25 Ноябрь 2014

Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга расмий ташрифи бошланди

ОСТОНА, 24 ноябрь. ЎзА махсус мухбири Анвар БОБОЕВ хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 24 ноябрь куни расмий ташриф билан Остона шаҳрига келди.
Шу куннинг ўзида икки давлат раҳбарларининг учрашуви бўлди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим масалалари, Марказий Осиё ва унинг атрофидаги вазият, шунингдек, томонларни қизиқтирган долзарб халқаро муаммолар муҳокама қилинди.
Мамлакатларимиз олий даражадаги ушбу мулоқотга Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш, ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олишнинг муҳим омили сифатида қарамоқда.
Ташрифнинг асосий воқеалари 25 ноябрга мўлжалланган. Президентлар тор доирада ва икки мамлакат делегациялари иштирокида музокаралар ўтказади.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик ривожи нафақат узоқ истиқболга мўлжаллангани, балки бутун Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва фаровонлигига хизмат қилиши билан ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
Мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий ҳужжатлар мажмуи ўзаро ҳамкорликнинг барча соҳаларини қамраб олган. 1998 йилда имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома унинг асосини ташкил этади.

(ЎзА).

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn