Ўзбекистон — Қозоғистон: Ҳамкорлик ва яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари
  • 22 Ноябрь 2014

Ўзбекистон — Қозоғистон: Ҳамкорлик ва яхши қўшничиликнинг кўп асрлик анъаналари

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жорий йилнинг 24 — 25 ноябрь кунлари расмий ташриф билан Қозоғистон Республикасида бўлади.

Бу мамлакатларимиз ўртасида 1992 йилнинг ноябрь ойида дипломатия муносабатлари ўрнатилгандан бери олий даражадаги 16-учрашувдир.
Қозоғистон Ўзбекистон учун Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкорлардан бири саналади. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар халқларимизнинг тарихан яқинлиги, икки томонлама сиёсий ва иқтисодий манфаатлар, шунингдек, иқтисодиёт, молия, экология, илм-фан, қишлоқ хўжалиги, маданият, таълим, спорт ҳамда бошқа соҳаларда тобора мустаҳкамланиб бораётган кўп қиррали ўзаро манфаатли алоқалар асосига қурилган.
Барча даражалардаги сиёсий мулоқотларнинг ўсувчанлиги конструктив ҳамкорлик натижаси сифатида бугунги кунга қадар икки томонлама аҳамиятга молик бўлган 165 та ҳужжатнинг имзоланишига кўмаклашди. 1998 йилнинг 31 октябрь куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги Шартнома ҳамда 2013 йилнинг 14 июнь куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги Шартнома улар орасидаги асосий ҳужжатлар сирасига киради.
Ўзбекистон ва Қозоғистон БМТ, ШҲТ, МДҲ ҳамда бошқа қатор халқаро тузилмалар доирасида мунтазам алоқаларни қўллаб-қувватламоқда. Бу мамлакатларимизга муҳим муаммоларни муҳокама қилиш, баҳсли масалаларни ҳал этишнинг ягона механизмини ишлаб чиқиш, шунингдек, турли соҳаларда мавжуд салоҳиятни фаол ривожлантириш имконини бермоқда.
Ҳар икки республика минтақавий ва умумбашарий хавфсизликка, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга алоқадор кўпгина масалалар юзасидан ўхшаш нуқтаи назарга эга эканлиги баробарида, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро наф кўриш ва бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш тамойилларига риоя этади.
Мамлакатларимиз ўртасида амал қилаётган яхши қўшничилик ҳамда ўзаро ҳурмат сиёсати туфайли савдо-иқтисодий ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. 2013 йили давлатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2012 йилдагига таққослаганда, 18 фоиз ўсгани ҳолда, 3 миллиард 244,0 миллион АҚШ долларини ташкил этди. 2014 йилнинг 9 ойи мобайнида эса у 3 миллиард 60,8 миллион АҚШ долларига етдики, бу 2013 йилнинг шу давридаги кўрсаткичга нисбатан 25,7 фоиз кўпдир.
Ўзбекистон Қозоғистонга озиқ-овқатлар ва тўқимачилик буюмларини, транспорт воситалари, хизматлар, ўғит, қурилиш материаллари ҳамда бошқа маҳсулотларни экспорт қилади. Ўз навбатида, мамлакатимиз Қозоғистондан қора ва рангли металлар, турли ёғ-мой маҳсулотларини импорт қилади.
1997 йил 2 июнь куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида Эркин савдо тўғрисидаги Битим ва мазкур битимга эркин савдо тартибидан истиснолар ҳақидаги Протокол икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни тартибга соладиган шартномавий-ҳуқуқий замин ҳисобланади.
Шу билан бирга, махсус тузилган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий салоҳиятни намоён қилиш ҳамда ривожлантиришга кўмаклашмоқда.
Қўшма ва хорижий компаниялар фаолияти иқтисодиёт соҳасидаги самарали ҳамкорликнинг ҳаётга татбиқ этилишидаги яна бир муҳим омил ҳисобланади. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида Қозоғистон капитали иштирокидаги 177 та корхона фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Қозоғистоннинг 3 та фирма ва компанияси ваколатхонаси рўйхатга олинган. Бундан ташқари, Қозоғистон ҳудудида Ўзбекистон Республикаси резидентлари иштирокида 125 та корхона тузилган.
Икки мамлакат муносабатларида маданий-гуманитар соҳа алоҳида ўрин эгаллайди.
Статистика маълумотларида қайд этилишича, Ўзбекистонда қозоқ миллатига мансуб 813 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Юртимизда Қозоғистон маданият маркази, миллий-фольклор ва эстрада ансамбли, қозоқ театрлари фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида қозоқ адабиёти кенгаши тузилган.
Шунингдек, мамлакатимизда қозоқ тилида сабоқ бериладиган мактаблар фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга, олий ва профессионал таълим олиш учун Қорақалпоғистон давлат университети ҳамда Тошкент давлат педагогика университетида қозоқ тили ва адабиёти кафедралари тузилган. Бундан ташқари, республикамиздаги бир қатор педагогика институтларида ҳам қозоқ тили ва адабиёти кафедралари мавжудлиги баробарида, бошқа фанлардан ҳам (физика, астрономия, жуғрофия, иқтисодий билим асослари, математика, информатика ва ҳоказо) қозоқ тилида сабоқ берилмоқда.
Мамлакатларимизнинг илмий ва таълим муассасалари ўртасида, хусусан, 2006 йили Хоразм Маъмун академияси билан Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигининг Р. Сулаймонов номидаги Шарқшунослик институти ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум доирасида ўқув-методика материаллари, ўқитувчи ва талабалар алмашувлари йўлга қўйилган.
Икки давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқотлари дўстона ва самарали мазмун-моҳиятга эга эканлиги икки томонлама муносабатларнинг барқарор ривожланишига кўмаклашмоқдаки, бу минтақавий барқарорликни янада мустаҳкамлашнинг, Ўзбекистон — Қозоғистон ҳамкорлиги салоҳиятини намоён этиш ҳамда мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстона, яхши қўшничилик анъаналарини қўллаб-қувватлашнинг кафолати ҳисобланади.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn