Ўзбекистон Президентининг Сочига ташрифи ҳақида
  • 11 Февраль 2014

Ўзбекистон Президентининг Сочига ташрифи ҳақида

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 7 февраль куни Сочи шаҳрида XXII қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди.

Ўзбекистон Президентини “Адлер” аэропортида Сочи шаҳри раҳбарияти ва Халқаро Олимпия қўмитаси вакиллари кутиб олди.
Давлатимиз раҳбари шу куни мазкур улкан халқаро спорт байрами учун махсус барпо этилган Олимпия шаҳарчаси мажмуасидаги “Фишт” стадионида бўлиб ўтган Олимпия ўйинларининг расмий очилиш маросимида иштирок этди.
Ушбу ажойиб ва гўзал тадбир Олимпиада иштирокчилари ва меҳмонлари учун, ҳеч шубҳасиз, асосий воқеа бўлди. Бош постановкачи, тажрибали продюсер К. Эрнст раҳбарлигида тайёрланган мазкур маросим миқёсининг кенглиги ва ноёб техник ечими билан стадиондаги барча томошабинларга катта завқ бағишлади, уларда унутилмас таассурот қолдирди.
Бутун дунёдан келган спорт мухлислари тўрт йилликнинг асосий қишки мусобақаларида иштирок этаётган мамлакатлар жамоаларини самимий қутлади.
Россиянинг машҳур спортчилари иштирокида Олимпия машъаласининг  ёқилиши маросимнинг энг ёрқин дамлари бўлди.
Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Сочига ташрифи доирасида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан амалий учрашув ўтказди. Анъанавий дўстлик ва очиқлик руҳида ўтган суҳбат давомида томонлар кенг кўламли ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга бўлажак расмий ташрифи хусусида фикр алмашдилар.
Сочидаги тадбирлар давомида Ўзбекистон Президентининг Туркия Республикаси Бош вазири Ражаб Таййиб Эрдўғон билан қисқа учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Икки мамлакат раҳбарлари ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилиб, ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳақида ҳам фикр алмашилди. Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.

(ЎзА).

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn