Президент Ислом Каримов ШҲТ саммити доирасида учрашувлар ўтказди
  • 12 Сентябрь 2014

Президент Ислом Каримов ШҲТ саммити доирасида учрашувлар ўтказди

Душанбе, 11 сентябрь. ЎзА махсус мухбири Баҳодир ЭРГАШЕВ хабар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 11 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Тожикистон пойтахтига келди.
ШҲТ олий органининг бу йилги мажлиси Тожикистоннинг ушбу ташкилотга раислиги доирасида ўтказилмоқда.
Ислом Каримов саммитга ШҲТда кузатувчи мақомидаги мамлакат раҳбари сифатида ташриф буюрган Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашди. Томонлар турли соҳалардаги ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилди, бу алоқаларни, хусусан, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашдилар.
Транспорт-коммуникация соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишидир. 2011 йилда Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон темир йўл коридорини ишга тушириш бўйича битим имзолангани бунга мисол бўла олади. Таъкидлаш жоизки, трансминтақавий транспорт коридорини очишга қаратилган (иштирокчи мамлакатлар томонидан ўз вақтида илгари сурилган лойиҳа деб баҳоланган) бу ташаббус Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган. Ушбу лойиҳа Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади. Экспертларнинг фикрича, мазкур лойиҳа иқтисодий жиҳатдан катта салоҳиятга эга. Янги бозорларга чиқишнинг бундай қулай йўли бошқа мамлакатлар, хусусан, Хитой ва Россия учун ҳам манфаатли бўлиши мумкин.   
Шу куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан учрашди. Икки давлат раҳбарлари ўзаро ва минтақавий масалалар юзасидан, жумладан, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш борасида фикр алмашдилар.
Тожикистон Президенти ғоят мазмунли суҳбат учун Президент Ислом Каримовга миннатдорлик билдирди. Имомали Раҳмон Ўзбекистоннинг ШҲТ фаолияти самарадорлиги ва халқаро нуфузини оширишга қаратилган амалий ташаббуслари ўз вақтида илгари сурилгани ва улар ҳар томонлама асосли эканини таъкидлади. 
Президент Ислом Каримов Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан ҳам музокара ўтказди. 
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатдорлик хусусиятига эга. Савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланмоқда.
2013 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 7,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани бунинг тасдиғидир. Икки юздан ортиқ давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро битим ва шартномалар ҳамкорликнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Ислом Каримов ва Владимир Путин мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқотларнинг мунтазамлиги муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Душанбе шаҳрига ташрифи давом этмоқда. Давлатимиз раҳбари 12 сентябрь куни ШҲТга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг 14-мажлисида иштирок этади.

(ЎзА).

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn