ОҚСАРОЙДА ҚАБУЛ
  • 11 Июль 2014

ОҚСАРОЙДА ҚАБУЛ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 10 июль куни Оқсаройда расмий ташриф билан мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Туркия Республикаси
ташқи ишлар вазири Аҳмет Давутўғлини қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, ушбу учрашув Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатини баҳолаш, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашиш учун қулай имконият эканини таъкидлади.
Ўзбекистон билан Туркияни азалдан нафақат маданиятимиз, тилимиз ва маънавиятимиз муштараклиги, балки савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик боғлаб туриши қайд этилди.
А. Давутўғли самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Туркия раҳбарияти номидан Президентимиз ва халқимизга чуқур ҳурмат-эҳтиром изҳор этди. Туркия икки томонлама муносабатларни мамлакатларимиз ва халқларимизнинг узоқ муддатли манфаатларига хизмат қиладиган юксак даражага кўтариш тарафдори эканини таъкидлади.
Бугунги кунда Туркия Ўзбекистоннинг ташқи савдо бўйича энг йирик беш ҳамкоридан биридир. 2013 йилда мамлакатларимиз ўртасида товар айланмаси 1 миллиард 347 миллион АҚШ долларини ташкил этди ва бу 2012 йилга нисбатан 10,5 фоиз кўпдир. Ўзбекистонда Туркия сармояси иштирокида 485 корхона фаолият юритмоқда.
Суҳбат чоғида маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Сайёҳлар алмашишни ривожлантиришдан ҳар икки томон манфаатдор экани қайд этилди. Туркия делегацияси ташриф доирасида Марказий Осиёнинг қадимий шаҳарлари — Самарқанд, Бухоро ва Хивада бўлиб, бу борадаги ҳамкорликнинг истиқболига гувоҳ бўлиши мумкин.
Учрашувда айрим минтақавий ва халқаро муаммолар, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама этилди.


(ЎзА).
Сарвар ЎРМОНОВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn