Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жаноби Олийларига
  • 20 Июнь 2014

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Жаноби Олийларига

Жаноби Олийлари!

“Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро илмий конференция муносабати билан Ўзбекистонга ташрифим давомида менга кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром ва меҳмондўстлик учун Сизга чин дилдан самимий миннатдорлик изҳор этишга рухсат бергайсиз.

Сиз билан бирга, ушбу ғоят муҳим конференциянинг очилиш маросимида иштирок этиш мен учун улкан шараф бўлди. Анжуман юксак савияда ташкил этилгани ва теран мазмунли маърузалар билан мени ҳайратга солди. Айниқса, Сизнинг нутқингиз менда катта таассурот қолдирди. Ўрта асрларда Шарқнинг буюк алломалари ва мутафаккирлари қилган кашфиётлар, бугунги кунда Сизнинг раҳнамолигингизда илм-фан ва таълим соҳасида эришилаётган улкан ютуқ ва марралар ҳақида жуда кўп фойдали маълумотга эга бўлдим.

Ўзбекистонга қисқа ташрифим давомида Халқаро қуёш энергияси институти, Ботаника боғи, Тошкент ирригация ва мелиорация институти, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада бу ютуқларнинг айримлари билан бевосита танишдим. Олимлар ва илм-фан арбоблари билан фикр алмашиш, мулоқотлар асносида Ўзбекистонда илм-фан ва таълимни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганига, ўрта асрлар Шарқ олимларининг илмий анъаналарини давом эттирган ҳолда, чуқур билим ва тафаккур мамлакатингиз келажагини таъминлашга йўналтирилаётганига амин бўлдим. Фурсатдан фойдаланиб, Сиз, Жаноби Олийларига, ушбу эзгу ишларга раҳбарлик қилаётганингиз ва бу борадаги саъй-ҳаракатларингиздан ҳайратга тушганимни яна бир бор изҳор этмоқчиман. 

ЮНЕСКО Ўзбекистон билан доимо ҳар томонлама яқин ҳамкорлик қилиб келган. Мамлакатингизда ўтказилган самарали мулоқотлардан сўнг Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни бундан-да мустаҳкамлаш учун улкан имкониятлар мавжудлигига ишончим янада ошди.  

Жаноби Олийлари, самимий миннатдорлигим ва чуқур ҳурматимни қабул қилгайсиз.

Ҳурмат билан,

Хуберт ГИЗЕН,

ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари, Осиё ва Тинч океани мамлакатларидаги илм-фан бўйича минтақавий ваколатхонаси

директори.



 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn