Ўзаро алоқалар янги босқичга кўтарилмоқда
  • 09 Март 2018

Ўзаро алоқалар янги босқичга кўтарилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг таклифига биноан жорий йил 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлади.

Мамлакатларимиз ва қардош халқларимиз ўртасидаги анъанавий яхши қўшничилик ришталари бугунги кунда янгича мазмун касб этмоқда. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ҳамда биргаликдаги амалий саъй-ҳаракатлари бунга кучли туртки бераяпти. Сўнгги давр оралиғида Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон халқаро ҳамда минтақавий аҳамиятга молик тадбирлар доирасида тўрт маротаба учрашдилар. Бир неча марта бўлиб ўтган телефон орқали мулоқотлар чоғида давлатларимиз халқларининг фаровонлиги, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ-равшан вазифалар рўёбига босқичма-босқич эришиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Шуни қайд этиш жоизки, бундай саъй-ҳаракатларнинг ижобий натижалари барчанинг кўз ўнгида намоён бўлмоқда. Масалан, 2017 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиздан кўпроқ ўсиши билан 230 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил қилди. Душанбе ва Тошкентда бўлиб ўтган саноат корхоналари маҳсулотларининг кўргазма-ярмаркалари ҳамда бизнес анжуманлари чоғида мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасида ўрнатилган алоқалар бундай кўрсаткичга эришиш имконини берди. Навбатдаги тадбир жорий йил 7 — 9 март кунлари Тожикистон пойтахтида ўтказилади.

Маълумки, республикаларимиз ўртасида товар алмашуви ҳеч қандай истисносиз эркин савдо режими асосида ҳаётга татбиқ этилмоқда. Шунингдек, 2002 йили ташкил қилинган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Тожикистон қўшма комиссияси ҳам бу борадаги ўзаро алоқаларнинг чуқурлашишида муҳим ўрин тутаяпти. Мазкур комиссиянинг охирги йиғилиши жорий йил январь ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтди.

Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида тўхталганда, сўнгги йил давомида икки республика ҳудудларида Ўзбекистон ва Тожикистондаги йирик компанияларнинг савдо уйлари очилгани ҳамда икки томонлама ишбилармонлар кенгашининг тузилгани ўзаро алоқалар ривожига кўмаклашишини айтиш мумкин. Тадбиркорлар, вазирликлар, идоралар, давлат бошқаруви органлари ҳамда савдо-саноат палаталари вакиллари мазкур кенгашнинг аъзолари ҳисобланишади. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга амалга оширадиган давлат ташрифи доирасида ушбу кенгаш ўзининг биринчи йиғилишини ўтказади.

Икки томонлама муносабатларда чегара масалалари бўйича ҳам салмоқли ишлар бажарилди. Яқиндагина, яъни 1 март куни Ўзбекистон — Тожикистон чегараси орқали 9 та ўтиш пункти тантанали равишда очилди.

Бу воқеани интиқлик билан кутган икки давлат аҳолиси энди ҳеч бир қийинчиликларсиз Жартепа — Саразм, Қушкент — Ўратепа, Учқўрғон — Ҳавотоғ, Ҳавастобод — Зафаробод, Бекобод — Ҳаштяк, Поп — Навбунёд, Равот — Рават, Гулбаҳор — Айваж автомобиль ўтказиш пунктлари ва Амузанг — Ҳошади темир йўл ўтказиш пункти орқали ўзаро борди-келди қилишлари мумкин.

Бу, шубҳасиз, барча соҳада икки томонлама ҳамкорликни, шу жумладан, чегараолди ҳудудлариаро ўзаро алоқаларни янада кенгайтиришга кўмаклашади. Шуни ҳам эсга олиш ўринли бўладики, 2017 йил 29 августда, яъни Термизда Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирларда Тожикистоннинг Турсунзода тумани делегацияси иштирок этган куни бу йўналишдаги биринчи қадамлар ташланган эди. 9 сентябрда эса Сурхондарё вилояти вакиллари Турсунзода туманида Тожикистон мустақиллиги кунига бағишлаб ташкил қилинган тантанали тадбирларда қатнашгани ҳолда, қўшни мамлакат аҳолисининг хурсандчилигига шерик бўлдилар.

2017 йил маданий-гуманитар йўналишдаги алоқаларнинг равнақ топишида алоҳида, сермазмун йил бўлганини ҳам қайд этиш жоиздир. Кейинги 20 йил мобайнида биринчи маротаба Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари, шунингдек, республикамизда қўшни Тожикистон маданияти кунлари ташкил қилинди. Мазкур тадбирлар икки халқ ўртасидаги дўстлик байрамига айланди.

Бир неча бор Тожикистоннинг турли шаҳарларида ўзбекистонлик таниқли эстрада ижрочиларининг концертлари ўтказилди, Душанбеда Ўзбекистон қўғирчоқ театри гастроли ҳамда Тошкент давлат цирки гуруҳининг чиқишлари уюштирилди.

Юқорида санаб ўтилган тадбирларнинг барчаси икки томонлама ҳамкорликнинг фақат ўсиб боражагидан далолат беради. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга амалга оширадиган давлат ташрифи чоғида эса ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши йўлидаги янги вазифалар ва мақсадлар белгилаб олинади, деб ёзади «Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn