Шавкат Мирзиёев қоракўлчилик бўйича институт ва жамғарма ташкил этиш бўйича топшириқ берди
  • 16 Февраль 2018

Шавкат Мирзиёев қоракўлчилик бўйича институт ва жамғарма ташкил этиш бўйича топшириқ берди

Бухоро туманида вилоятда амалга ошириладиган иқтисодий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Чорвачилик, паррандачилик, ипакчилик, эчкичилик, асалчилик ва бошқа тармоқларни ривожлантириш, пахта майдонларини қисқартириш ва мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш ҳисобига экспорт салоҳиятини ошириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга қаратилган режалар ҳақида маълумот берилди.

Шавкат Мирзиёев қоракўлчиликни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бухоро қоракўлчиликнинг асл ватани экани, маҳаллий аҳоли илгаридан бундай маҳсулотларни бутун дунёга сотиб, катта даромад топганини қайд этди. Бу соҳада йўқолиб бораётган наслчилик ва тажрибани қайта тиклаш, чўпон ва тикувчи ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Қоракўлчилик бўйича институт ва жамғарма, Бухорода завод ташкил этиш юзасидан топшириқлар берди.

Яна бир диққатга сазовор лойиҳа – тут баргидан фойдали чой ишлаб чиқаришга доир. Мутахассисларнинг фикрича, тут баргида кофеин ва танин моддаси одатдаги чойдан 200 баробар кам. Витамин ва минераллар эса, аксинча, кўпроқ. 

Президентимиз бу лойиҳани маъқуллаб, бундай чой аҳоли саломатлиги учун фойдалилиги, импорт ўрнини босиши билан алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади. 

Бухорода ўрмон хўжалиги йўналишида ҳам катта имкониятлар мавжуд. Юртимизда ўсадиган шифобахш неъматлар кўплаб соҳаларда кенг қўлланилади. Хусусан, цистанхе ва исириқ ўсимлигига хорижий фармацевтика корхоналарида талаб юқори. Биргина цистанхенинг доривор хусусияти женшень ўсимлигига қараганда беш баробар юқорилигига эътибор қаратилди. 

Шавкат Мирзиёев бундай табиий имкониятларни тўла ишга солиш орқали янги иш ўринлари яратиш, экспортни кўпайтириш бўйича топшириқлар берди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn