Оқсаройда қабул
  • 09 Июнь 2014

Оқсаройда қабул

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 6 июнь куни Оқсаройда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Жозе Грациану да Силвани қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференциядаги фаол иштироки учун меҳмонга миннатдорлик билдирди. Президентимиз ФАО озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга доир халқаро сиёсат ва тадбирларни ишлаб чиқиш борасида жаҳон ҳамжамиятининг муҳим институти эканини қайд этди.

Ўзбекистон БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотига аъзо бўлган 2001 йилдан буён мамлакатимизда саккизта миллий ва минтақавий лойиҳа амалга оширилди. Айни пайтда миллий ва минтақавий аҳамиятга молик яна бешта лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. 

Учрашувда ФАО асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги ресурслари бўйича халқаро ва минтақавий мувозанатни шакллантириш, ривожланаётган мамлакатларга энг илғор селекция ва ерга ишлов бериш усуллари, замонавий қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш технологияларини жалб этишда, тўғри ва тўйимли овқатланишни таъминлаш масаласини халқаро даражага кўтаришда муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Ўзбекистонда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрланмоқда, сувни тежаш ва сув ресурсларини бошқариш бўйича замонавий технологиялар жорий этилмоқда. Ерга ишлов бериш, селекция ва уруғчилик, шунингдек, чўлланиш ва ернинг емирилишига қарши курашишнинг илғор усуллари татбиқ этилмоқда.

Учрашувда ташкилот раҳбарининг Ўзбекистонга илк ташрифи чоғида Тошкентда ФАО ваколатхонасининг очилгани мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги салоҳиятини юксалтиришга йўналтирилган ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Суҳбат давомида озиқ-овқат таъминоти, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат экинларининг қурғоқчиликка чидамли янги навлари ва деҳқончиликнинг замонавий усулларини жорий этиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. 

Жозе Грациану да Силва самимий қабул ва конференциянинг юксак савияда ташкил этилгани учун Президентимизга  миннатдорлик изҳор этди. Мазкур форум озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш каби долзарб муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этишига ишонч билдирди. Меҳмон ФАО Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтиришга тайёр эканини яна бир бор таъкидлади. 

(ЎзА).

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn