Президент йиғилиш ўтказди: “Ергеодезкадастр”давлат қўмитаси таркибий тузилмаси ва фаолият йўналишлари қайтадан тасдиқланди
  • 13 Декабрь 2017

Президент йиғилиш ўтказди: “Ергеодезкадастр”давлат қўмитаси таркибий тузилмаси ва фаолият йўналишлари қайтадан тасдиқланди

Хабар қилинганидек,13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ер ресурслари, геодезия ва кадастр соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишланган йиғилиш  бўлиб ўтди.

Йиғилишда “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси раҳбарларининг соҳа фолиятини такомиллаштиришда кўрилаётган чора-тадбирлари юзасидан ҳисоботлари эшитилди.

Маълумки, ер ва кўчмас мулк кадастри ишларини яхшилаш мақсадида жорий йилда “Ергеодезкадастр”давлат қўмитаси таркибий тузилмаси ва фаолият йўналишлари қайтадан тасдиқланди.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг асосий фаолият йўналишлари этиб:

- ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, геодезия ва картография соҳаси фаолияти бўйича ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишини таъминлаш,

- ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ерларни сақлаш ва муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, геодезия ва картография фаолияти самарадорлигини кучайтириш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

- Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш, кўчмас мулк объектларининг электрон маълумотлар базасини такомиллаштириш ва доимий янгилаб бориш;

- соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этган ҳолда давлат кадастр хизматлари сифатини яхшилаш, тадбиркорлик субъектларига тезкор ва сифатли хизматлар кўрсатиш белгиланди, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Қўмита қошида “Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш” жамғармаси ташкил этилди. Қўмита раҳбарияти янгиланди. Қўмита тизимига қўшимча 937 та штат бирлиги берилди ва моддий-техника базаси кучайтирилди.

Жумладан,“Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси органлари тизимига қўшимча равишда киритилаётган штат бирликларини сақлаш, уларнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун жорий йилнинг ўзида “Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси” маблағлари ҳисобидан 45 млрд.сўмдан зиёд маблағлар сарфланиши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги 251-сон қарори билан 2016-2017 йилларда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари ялпи хатловдан ўтказилди.

Бунда, республика бўйича мавжуд 8 минг 901 та маҳаллаларда хатлов ишлари якунланиб, хатлов натижасида 6 млн. 190 минг 942 та (112%) кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилди, шундан 5,8 млн. та турар жой объектлари, 267 минг 963 та нотурар жой объектлари 38 минг 373 та дала ҳовли объектларида хатлов ишлари якунланди.

Бугунги кунгача Давлат солиқ қўмитасига реал вақт режимида 6 млн. 31 минг 418 та (97%) га кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги кадастр маълумотлари тақдим этилди.

Қўмита тизими идоралари томонидан фуқароларга ҳамда тадбиркорлик субъектларига кўрсатилаётган давлат кадастр хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали 7 та давлат хизматлари интерактив усулга ўтказилди.

Учувчисиз учиш аппаратини иқтисодиётнинг реал секторида самарали қўллаш орқали жойларда ер назоратини, қишлоқ хўжалиги экинлари экилиши ва бошқа агротехник тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида квадракопторлар олиб келинди.

Муҳокамада ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри соҳасида муносабатларни комплекс тартибга солиш, ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш, таъсирчан назоратни таъминлашда Қўмита раҳбариятида ташаббус етишмаётгалиги қаттиқ танқидга олинди. Ушбу соҳада ҳал этишни талаб қиладиган кўплаб муаммолар борлиги қайд этиб ўтилди.

Жумладан, жорий йилда агротехник тадбирлар бажарилиши ва шартномада кўзда тутилган экинларни тўлиқ экиш устидан тизимли мониторинг ўрнатилмагани оқибатида 833 та фермер 13 минг гектарга пахта-ғалла экинларини экиш учун шартнома тузиб, умуман экмагани кўрсатиб ўтилди.

Шунинг учун Бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаевга ердан самарали фойдаланиш, фермерлар томонидан тузилган шартномалар бажарилишини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Ўз навбатида,йиғилишда давлат кадастр хизмати томонидан 2016-2017 йилларда кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиб, аниқланган ҳужжатсиз мол-мулкни рўйхатга қўйиш ишлари ҳам тўлиқ якунланмагани жиддий кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, хатловда 1 миллион 100 мингта уй-жойнинг ҳужжати 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида расмийлаштирилмагани, 145 мингта кўчмас мулк объектидан 15 йилдан кам муддат мобайнида ҳеч қандай ҳужжатсиз фойдаланиб келингани, шунингдек, ноқонуний эгалланган 8,5 минг гектар ерда ва муҳофаза зоналарида 67 мингта объект қурилгани аниқланган.

Бироқ, кадастр хизмати органлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ушбу объектларнинг кадастр ҳужжатини тайёрлаб, улар бўйича мулк ҳуқуқини эътироф этиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ерларда қурилган объектни бузиш ёки уларга эгалик ҳуқуқини бериш ишлари тўлиқ якунламагани қаттиқ кўрсатиб ўтилди. Жумладан, 15 йилдан ортиқ вақт фойдаланиб келинган

1,1 миллионта уй-жойдан 751 мингтаси ёки 68 фоизи бўйича кадастр ҳужжатлари тайёрлангани, ушбу ишлар назоратдан четда қолгани таъкидлаб ўтилди.

Шундан келиб, чиқиб Бош вазир ўринбосари Зоир Мирзаевга, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаевга ҳудудий ҳокимликлар билан бирга кадастр ҳужжати йўқ уй-жой ва ерларни тўлиқ рўйхатга олиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар ва қурилган уйлар масаласини ҳал этиш бўйича қарор, дастур ва график ишлаб чиқиб, амалга ошириш томпшириғи берилди.

Соҳага ахборот коммуникацияларини, жумладан кўчмас мулк ҳисобини юритиш бўйича “ягона ахборот тизими” жорий қилиш, солиқ органлари билан кунлик ахборот алмашинуви йўлга қўйиш ишларида сусткашликка йўл қўйилган.

Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевга хатловга кўра аниқланган ҳужжатсиз уй-жой ва ерларни кадастр органларида рўйхатга қўйиш, улар бўйича кадастр ва солиқ органларидаги маълумотлар базаси тўлиқ бўлиши ва янгиланиб боришини таъминлаш учун “Ергеодезкадастр” қўмитаси билан ҳамкорликда иш олиб бориш вазифаси юклатилди.

Ер ва мулкни рўйхатга олиш тартибини такомиллаштириш зарурлигига йиғилишда алоҳида урғу берилди. Буни Жаҳон банки эълон қилган рейтингда Ўзбекистон “мулкни рўйхатга олиш” кўрсаткичи бўйича 73-ўринда эканлигида ҳам кўриш мумкин.

Шунинг учун, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси Абдушукур Абдуллаевга бир ой муддатда кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ва расмийлаштиришни “ягона дарча” орқали автоматлашган тарзда амалга ошириш, бу борада солиқ ва нотариус идоралари билан маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши топширилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини ва экиш ишлари назоратини кучайтириш мақсадида замонавий учувчисиз учиш аппаратлари “дронлар”ни харид қилиш ишларини якунлаш, учувчисиз учиш аппаратларини ўзимизда ишлаб чиқариш мақсадида “Инновацион марказ”ни ташкил этиш юзасидан қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn