Ҳукуматлараро қўмита мажлиси
  • 30 Май 2014

Ҳукуматлараро қўмита мажлиси

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 29 май куни Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Жанубий Корея ҳукуматлараро қўмитанинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи ишлар, иқтисодиёт, молия, нефть-газ, савдо-сармоя, автомобилсозлик, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати, тўқимачилик, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, авиаташув, атроф-муҳит муҳофазаси, алоқа ва ахборотлаштириш, геология каби соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири, қўмита ҳамраиси Элёр ўаниев Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар барча соҳаларда жадал тараққий этаётгани, икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йилнинг сентябрь ойида Корея Республикасига давлат ташрифи юксак суръат билан ривожланиб бораётган ўзаро алоқаларни янги мазмун билан бойитди. 

Корея Республикаси Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ва ишончли стратегик шериги ҳисобланади. Мамлакатларимиз иқтисодий йўналишда катта салоҳият ва имкониятларга эга. Бу борада икки давлат ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. 

2013 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,1 миллиард АҚШ долларидан ошди. Ўзбекистонда Жанубий кореялик ишбилармонлар билан ташкил этилган қарийб 420 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Корея Республикасининг саксонга яқин компанияси мамлакатимизда ўз ваколатхонасини очган. Улар савдо, тўқимачилик ва енгил саноат, тоғ-кон металлургияси, кимё ва озиқ-овқат саноати, машинасозлик, металлни қайта ишлаш, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш, транспорт хизмати кўрсатиш каби соҳаларда иш юритади. 

Жанубий кореялик бизнес вакиллари иштирокида юртимизда қатор стратегик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Сурғил” кони негизида қиймати қарийб тўрт миллиард долларлик Устюрт газ-кимё мажмуаси барпо этилмоқда. У нефть-кимё соҳасида дунёдаги энг йирик лойиҳалардан биридир. 

Мажлисда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида изчил ривожланаётган савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик ўзаро муносабатларни янада кенгайтириш, истиқболли қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш имконини бераётгани қайд этилди.

— Ўзбекистон эришаётган юксак иқтисодий кўрсаткичлар таҳсинга сазовор, — деди Корея Республикаси ташқи ишлар вазирининг иқтисодиёт масалалари бўйича ўринбосари, қўмита ҳамраиси Ан Чонг Ги. — Ўзбекистон билан машинасозлик, энергетика, металлургия, кимё саноати, тўқимачилик, қишлоқ ва сув хўжалиги каби соҳаларда ўзаро фойдали алоқаларни янада ривожлантиришдан манфаатдормиз. Мажлисда мамлакатингиз билан ушбу йўналишлардаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалаларини атрофлича муҳокама этдик.  

Тадбирда меҳмонларга мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналарида иш юритиш учун яратилган имконият ва имтиёзлар, шунингдек, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар соҳасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. 

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари  юзасидан фикр алмашилди.

Корея Республикаси ташқи ишлар вазирининг иқтисодиёт масалалари бўйича ўринбосари Ан Чонг Ги Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ҳам учрашув ўтказди. 

Ирода УМАРОВА,

ЎзА мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn