Андрис Берзиньш: Ўзбекистонга ташрифим ғоят самарали бўлди
  • 30 Май 2014

Андрис Берзиньш: Ўзбекистонга ташрифим ғоят самарали бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов таклифига биноан мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Розуқулов ҳамроҳлигида 29 май куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмон қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишувни Мирзо Улуғбек расадхонасидан бошлади. Мазкур расадхона аждодларимизнинг буюк даҳоси, юртимиз илм-фанининг чуқур илдизлари ва тараққиётидан далолат беради. Андрис Берзиньш Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва илмий мероси билан таништирилди.

Латвия Президенти Амир Темур ва Хўжа Дониёр мақбараларини бориб кўрди. Олий мартабали меҳмонга ушбу обидаларнинг тарихи, Мовароуннаҳрда қадимий шаҳарсозлик, илм-фан ва ҳунармандлик ривожи ҳақида маълумот берилди.

Андрис Берзиньш Шарқ меъморчилигининг ноёб обидалари бўлган Регистон мажмуи ва Бибихоним масжидини катта қизиқиш билан томоша қилди. Бу муҳташам обидалар ўзбек халқининг бунёдкорлик салоҳияти, илм-фан ва маданият ривожига эътиборининг ёрқин намунаси эканини таъкидлади. Латвия раҳбари Регистон мажмуида ташкил этилган латвиялик рассом Валдис Бушс кўргазмасини кўздан кечирди.

Дунёда буюк аждодларимизнинг сўнмас даҳосига ҳурмат-эҳтиром, уларнинг бой илмий меросини ўрганишга қизиқиш ҳамиша юқори бўлган. Бунинг тасдиғини турли мамлакатларда уларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ва бадиий асарлар яратилгани, улуғ аждодларимиз хотирасига ёдгорликлар барпо этилганида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, Латвияда Ибн Сино ва Мирзо Улуғбекка ўрнатилган ҳайкаллар халқимиз тарихига чуқур ҳурмат ифодасидир.

Андрис Берзиньш Сиёб деҳқон бозорида ҳам бўлди. Мамлакатимиз фаровонлиги рамзи бўлган сархил ноз-неъматларни, сотувчи ва харидорлар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги билан Юрмала шаҳар думаси ўртасида ҳамкорликка оид битим имзоланди.

Латвия Президенти сафар якунида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.

— Ўзбекистон Республикасига ташрифим ҳар томонлама самарали бўлди, — деди Андрис Берзиньш. — Делегациямиз аъзолари ўзбекистонлик шериклари билан аниқ масалаларни муҳокама қилиб, ўзаро фойдали келишувларга эришди. Бу келишувлар ва имзоланган ҳужжатлар мамлакатларимиз ҳамкорлигини янада ривожлантириш, ўзаро алоқаларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш имконини беради. Хусусан, Юрмала билан Самарқанд ўртасида имзоланган ҳужжат нафақат бу икки шаҳар, балки мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни турли соҳаларда ривожлантиришга хизмат қилади. 

Олий мартабали меҳмон Шарқ гавҳари Самарқанд шаҳрини яна бир бор кўриш бахтига муяссар бўлганидан мамнунлигини билдирди. Самарқанднинг тарихий обидалари ўзбек халқининг бой маданий ўтмиши, мумтоз меъморлик санъатининг юксак намунаси эканини эътироф этиб, истиқлол йилларида шаҳарда амалга оширилган бетимсол бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларидан ҳайратга тушганини таъкидлади.  

Шу билан Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи якунига етди. 

Нодира МАНЗУРОВА,

Ғолиб ҲАСАНОВ, 

ЎзА махсус мухбирлари.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn