Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида 500 миллион доллардан зиёд 40 дан ортиқ экспорт шартномаси имзоланди
Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида 500 миллион доллардан зиёд 40 дан ортиқ экспорт шартномаси имзоланди Президент матбуот хизмати
  • 05 Декабрь 2017

Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасида 500 миллион доллардан зиёд 40 дан ортиқ экспорт шартномаси имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани музокараларни икки мамлакат делегациялари иштирокида давом эттирдилар.

Кенг кўламли мулоқот чоғида савдо-иқтисодиёт, транспорт, транзит, энергетика, кимё, агросаноат, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг Қўшма баёноти имзоланди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 ҳужжат имзоланди. Хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссия тузиш, Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш, юк ташиш, божхона соҳасидаги алоқалар тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир. 

Шунингдек, ташриф доирасида умумий қиймати 500 миллион доллардан зиёд бўлган 40 дан ортиқ экспорт шартномаси имзоланди.

Президентлар оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда бўлиб ўтган музокаралар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, 2018 йил Афғонистонда Абу Райҳон Беруний илмий меросига бағишланган халқаро конференция ўтказилади.

Шунингдек, Тошкентда олима аёлларга бағишланган халқаро симпозиум ҳам ўтказилади. 

Афғонистонда мангу қўним топган ўзбек алломаларининг қадамжолари биргаликда обод этилади. 

Музокаралар якунида Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ўзбек тилида гапирди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев буни олқишлаб, бу халқларимизнинг тарихи, тили, маданияти яқинлигининг далолати эканини таъкидлади. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn