Шавкат Мирзиёев Қирғизистон собиқ раҳбари Алмазбек Атамбоев билан телефон орқали мулоқот қилди 
  • 28 Ноябрь 2017

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон собиқ раҳбари Алмазбек Атамбоев билан телефон орқали мулоқот қилди 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 27 ноябрь куни Қирғизистон Республикаси собиқ раҳбари Алмазбек Атамбоев билан телефон орқали мулоқот қилди. 

Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон Президенти ўзининг Қирғизистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – “Данакер” ордени билан тақдирлангани учун самимий миннатдорлик билдирди. Бу мамлакатларимиз ва қардош халқларимиз ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари, самарали ҳамкорликни ривожлантиришда эришилган улкан муваффақиятлар эътирофи экани таъкидланди. 

Суҳбатда якунига етаётган йил икки томонлама муносабатларда тўпланиб қолган кўплаб, жумладан, анча мураккаб масалаларни ҳал қилишда катта натижаларга эришиш имконини берган ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлгани таъкидланди. 

Қирғизистон ва Ўзбекистонга яқинда амалга оширилган ўзаро давлат ташрифлари икки томонлама муносабатлар ривожига янги суръат бахш этгани, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг сезиларли ўсишига, турли даражадаги ташрифлар алмашинувини фаоллаштиришга хизмат қилгани катта мамнуният билан қайд этилди. 

Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома имзоланганининг тарихий аҳамияти алоҳида қайд этилди. 

Суҳбат якунида икки мамлакат ташқи сиёсатида изчилликни сақлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn