Латвия Президенти Ўзбекистонга келди
  • 28 Май 2014

Латвия Президенти Ўзбекистонга келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньш 27 май куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди.

Икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Қисқа суҳбатдан сўнг Латвия делегацияси шаҳар ташқарисидаги Кўксаройда ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди. 

Навбатдаги Ўзбекистон — Латвия олий даражадаги учрашувига Ўзбекистон Президентининг 2013 йил октябрь ойида Рига шаҳрига ташрифи доирасида ўтказилган самарали давлатлараро мулоқотнинг мантиқий давоми сифатида қаралмоқда. 

Тошкентда томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама этадилар. 

Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқига аъзо давлатлар орасидаги ҳамкорлари ичида ўзаро савдо ҳажми бўйича Латвия учинчи ўринда туради. 2013 йил якунларига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш 248 миллион АҚШ долларидан ошган. 

Латвия Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар 28 майга мўлжалланган.

Аввал хабар қилинганидек, музокаралар якунлари бўйича икки давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, Ўзбекистон ва Латвия ўртасида турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга йўналтирилган қатор ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган.

 

ЎзА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn