Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги ташаббуси жаҳон ҳамжамиятида ўзининг амалий ифодасини топди
  • 27 Май 2014

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги ташаббуси жаҳон ҳамжамиятида ўзининг амалий ифодасини топди

2014 йил 6 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида том маънодаги тарихий воқеа юз берди — мазкур ташкилот тузилганидан буён биринчи маротаба беш ядровий давлат — АҚШ, Буюк Британия, Франция, Хитой ва Россия  якдиллик билан ва бир пайтнинг ўзида муҳим халқаро ҳужжатни — Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги Шартномага Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги Протоколни имзолашди.

Ушбу қадам Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 1993 йили БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб илгари сурилган ташаббуснинг тўла амалга оширилишини ниҳоясига етказгани ҳолда, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳамда ядро қуроли тарқалмаслиги ва қуролсизланиш бўйича глобал режимнинг кучайишига улкан ҳисса қўшади.

Ўзбекистон мустақилликнинг биринчи кунлариданоқ инсонпарварлик ва тинчликсеварлик қадриятларига асосланган тинчлик ва яратувчанлик билан ривожланиш йўлини танлаган эди. Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар ва халқлар манфаатлари ва тақдири муштараклиги ҳамда минтақавий ва глобал хавфсизлик бўлинмас эканлигини чуқур тушунишга асосланган ҳолда Ўзбекистон ўзининг барча халқаро саъй-ҳаракатларини минтақанинг тинчлик билан ва барқарор ривожланишини таъминлашга йўналтириб келади.

Бугун дунёнинг турли минтақаларида, шу жумладан, Марказий Осиёда қарама-қаршилик ва қуролли низолар чуқурлашиб бораётган, терроризм, экстремизм, оммавий қирғин қуроллари тарқалиши ва миллий чегараларни тан олмайдиган бошқа хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда Ўзбекистон оқилона ва узоқни кўзлаган изчил сиёсат олиб бораётганини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди. Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни асраш ҳамда мустаҳкамлаш, минтақани хавфсизлик ва барқарор ривожланиш зонасига айлантириш Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясида устувор вазифалар қаторида туради.  

Шуни эътироф этиш керакки, Ўзбекистон Президенти илгари сурган кўпгина ташаббуслар халқаро жамоатчилик томонидан ҳақли равишда қўллаб-қувватланмоқда. Ана шундай ташаббуслар орасида қуйидагилар мавжуд: Президент Ислом Каримовнинг 1999 йили Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Истамбул саммитида таклиф этган Терроризм билан кураш бўйича Халқаро Марказни яратиш ғояси 2001 йилнинг сентябрида БМТ Хавфсизлик Кенгаши доирасида Аксилтеррор қўмитанинг таъсис этилишида ўз тажассумини топди. 2002 йил октябрида БМТ Бош котибининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида тилга олинган, яъни Президент Ислом Каримовнинг таклифи бўйича Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва улар прекурсорларининг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш бўйича Марказий Осиё минтақавий ахборот мувофиқлаштириш маркази (ЦАРИКЦ) ташкил этилган эди.

Афғон халқига улкан мусибатлар келтирган ва бутун минтақа учун жиддий хавф-хатар манбаи бўлиб қолган Афғонистондаги узоқ йиллик қонли урушга чек қўйишга даъват этган Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуслари жаҳон ҳамжамиятининг алоҳида эътиборини жалб қилди. 1993 йилдаёқ, яъни БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида Президент Ислом Каримов жаҳон ҳамжамиятини Афғонистон муаммосини ҳал этишда фаол кўмаклашишга чақириб, том маънода бонг урган эди. 1995 йили БМТ Бош Ассамблеясининг 50-сессиясида Ўзбекистон Афғонистонга қурол-яроғ киритилишига қарши халқаро эмбарго қўйиш ғояси билан чиқиб, бу мамлакатда умуммиллий муросага эришилиши учун коалицион ҳукумат тузиш моделини таклиф этди. 1997 йили мамлакатимиз раҳбарияти ташаббуси билан БМТ шафелигида “6+2” шаклидаги мулоқот гуруҳи фаолият кўрсата бошлади. Бунинг шарофати билан 1999 йил 21 июль куни “Афғонистондаги можарони тинч йўл билан бартараф этиш тамойиллари тўғрисида”ги Тошкент декларацияси имзоланди. 2001 йилда Президентимиз БМТ Бош котибига йўллаган мурожаатида Афғонистонни демилитаризация қилиш масаласини БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши кун тартибига қўйиш таклифини илгари сурди. Президент Ислом Каримов 2008 йили НАТО/СЕАП ташкилотининг Бухарест саммитида Афғонистон Ислом Республикасидаги можарони биргаликда сиёсий йўл билан ҳал этиш, бу мамлакатдаги ихтилофлилик салоҳиятининг даражасини пасайтириш ва унга мувофиқлаштирилган иқтисодий ёрдам кўрсатилиши мақсадида Мулоқот гуруҳи фаолиятини “6+3” гуруҳи шаклида қайтадан бошлашни таклиф этди. 

Мазкур мулоқот гуруҳида кўрсатилган айнан ўша давлатлар Афғонистон атрофидаги воқеаларнинг ривожланиши жараёнида афғон инқирозини ҳал этиш йўлларини қидириш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларга энг кўп даражада жалб этилгандир.
Минтақамиз хавфсиз ривожланишининг асослари сифатида экологик ва ижтимоий-иқтисодий барқарорликка эришиш юзасидан Ўзбекистон таклифлари дунёда кенг қўллаб-қувватланмоқда. Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбарлари 1993 йили замонамизнинг энг ҳалокатли ва кенг миқёсли экологик инқирози — Орол денгизи фожиаси оқибатларини бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун Оролни қутқариш халқаро жамғармасини таъсис этдилар.   

Шубҳа йўқки, Ўзбекистоннинг дунёда ўзининг кенг эътирофини топган ва қўллаб-қувватланган йирик халқаро ташаббуслари орасида Президент Ислом Каримов томонидан 1993 йил 28 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида илгари сурилган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этиш тўғрисидаги ғояси алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон раҳбари БМТ минбаридан туриб қуйидагиларни баён этган эди: “Ҳозирги замон воқелиги шундайки, бир мамлакатнинг хавфсизлиги бошқа давлат ҳисобидан таъминланиши мумкин эмас. Минтақа хавфсизлигини бутун жаҳон хавфсизлиги муаммоларидан ажралган ҳолда кўриб бўлмайди. Шунга асосланиб, Ўзбекистон ядро қуролининг батамом тугатилиши учун, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартноманинг самарали ҳаракат қилиши ва унинг ҳеч бир муддатсиз узайтирилиши учун ҳаракат қилади... Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг ядросиз зона деб эълон қилинишининг қатъий тарафдоридир”.

Ўзбекистон раҳбарининг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш бўйича даъвати минтақа давлатларининг ядросиз ривожланиш ҳамда оммавий қирғин қуролларининг назоратсиз тарқалиши таҳдидларига қарши фаол кураш йўлидаги ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берар эди. Бу ташаббусда Марказий Осиё воқелиги, минтақадаги ва унинг атрофидаги мураккаб геосиёсий шарт-шароитлар, шунингдек, кафолатланган халқаро-ҳуқуқий таъминланиш зарурати нуқтаи назаридан бундай турдаги қуролларга эга бўлмаган Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлиги ҳисобга олингандир. Айнан ана шу омиллар, халқаро экспертларнинг фикрича, Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланган Ўзбекистон ғоясининг муваффақиятли амалга ошишига хизмат қилди.

Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш ташаббуси қуролсизланишни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёри сифатида мустаҳкамлаган қоидаларни ўз ичига олувчи БМТ Низомига ҳамда давлатларнинг ўзаро тинч-тотув яшаши ва қуролсизланиш тамойиллари мустаҳкамлаб қўйилган Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Хельсинки якуний актига мос келади. Ядросиз ҳудудларнинг глобал ядро қуролини тарқатмаслик тартиботининг узвий қисми сифатида барпо этилиши Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартноманинг фундаментал қоидаларидан бири саналади. Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб 1992 йилнинг май ойида ушбу халқаро шартномага қўшилиш орқали минтақанинг бошқа давлатларига намуна кўрсатди.

Ядросиз ҳудудларнинг моҳияти шундан иборатки, уларни барпо этиш ташаббуси тегишли минтақа давлатларидан чиқиши лозим. Барпо этиш воситаси мажбурий кучга эга халқаро шартнома бўлиши лозим. Унда иштирокчи давлатлар ўзларига шартнома қўлланилиши ҳудудида ядро қуролининг буткул йўқ бўлиши юзасидан мажбуриятларни оладилар. Барпо этилаётган зонада ядровий фаолиятни текшириш ва назорат тизимининг яратилиши мавжуд бўлиши шарт бўлган элементлардан бири саналади. Шунингдек, ядросиз ҳудуд БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ҳам эътироф этилиши жоиздир. Яна бир муҳим элемент бешта ядровий давлатнинг (АҚШ, Буюк Британия, Франция, ХХР ва Россия) “ядросиз зона мақомини ҳурмат қилиш, иштирокчи давлатларга нисбатан ядро қуролини қўлламаслик ёки уни қўллаш билан таҳдид қилмаслик” мажбурияти ҳисобланади.

Ядро қуролидан холи зоналарни шакллантириш жараёни, одатда, барча иштирокчи давлатларнинг ҳамда уларни қўллаб-қувватловчи ташкилот ва мамлакатларнинг давомли, кескин ва мақсадга йўналтирилган фаолиятини талаб қилгани ҳолда у узоқ йилларга чўзилиши мумкин. Аммо бундай саъй-ҳаракатлар натижалари, нуфузли халқаро ташкилотларнинг қатъий билдиришларича, ўзини кўп маротаба оқлайди, зеро, улар инсониятни оммавий қирғин қуроли тарқалишининг олдини олиш ва алалоқибатда бутун дунёда ядровий хавфсизлик таъминланиши мақсадига эришилишига яқинлаштиради.

Ҳозирги пайтгача Лотин Америкасида (1967 йилдаги Тлателолко Шартномаси), Тинч океанининг жанубий қисмида (1985 йилдаги Раротонга Шартномаси), Жануби-Шарқий Осиёда (1995 йилдаги Бангкок Шартномаси) ҳамда Африкада (1996 йилдаги Пелиндаба шартномаси) ядро қуролидан холи зоналар яратилган. Бу йўналишдаги бошқа ҳаракатлар омадли келмади. Хусусан, 1992 йилги Корея яриморолининг ядро қуролидан холи, деб эълон қилиниши ҳақидаги қўшма декларация ўз кучини йўқотди. Мана, 40 йилдирки, БМТда Яқин Шарқни оммавий қирғин қуролидан холи ҳудудга айлантириш зарурлиги тўғрисидаги самарасиз қарорлар қабул қилинмоқда.

Марказий Осиё — ядро қуролидан холи зона ғоясини ҳаётга татбиқ этиш Марказий Осиё давлатлари билан бир қаторда, ядро қуролига эга бўлган бешта мамлакатдан ҳамда БМТнинг тегишли тузилмаларидан узоқ ва оғир меҳнатни талаб этди. 1997 йил 28 февраль куни минтақанинг 5  давлати раҳбарлари Қозоғистонда бўлиб ўтган учрашувда ҳамжиҳатлик билан ядро қуролидан холи зона яратиш ҳақидаги ташаббусни қўллаб-қувватлашган ҳолда Олмаота Декларациясига имзо чекдилар. Мазкур ҳужжат ядро қуролини тарқатмаслик йўналишида сиёсий ишонч муҳитини яратди. Айнан ўша даврдан Марказий Осиё — ядро қуролидан холи зона ғояси минтақанинг барча беш давлати ва улар ҳудудида истиқомат қиладиган халқларнинг умумий хоҳиш ва истакларини акс эттирган кенг қамровли минтақавий ташаббусга айланди.
1997 йил 15-17 сентябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган “Марказий Осиё — ядро қуролидан холи зона” мавзуидаги халқаро конференцияда Марказий Осиё — ядро қуролидан холи зона ташаббусининг кейинги концептуал ривожланишига ҳамда унинг сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан расмийлашишига эришилди. Форум иштирокчилари олдида нутқ сўзлар экан, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Марказий Осиё — ядро қуролидан холи зонани яратишнинг моҳияти ва йўллари тўғрисида ўз фикрларини билдирди:

— Ядро хавфсизлигига умумий, кенг қамровли хавфсизлик, омон қолиш муаммосининг таркибий қисми сифатида қаралиши керак. Ядро қуролига эга ва эга бўлмаган давлатларнинг мажбуриятлари ўртасидаги мувозанат — ядро қуролидан холи зонанинг самарали фаолият кўрсатиши асосидир. Мен Марказий Осиёдаги ядро қуролидан холи зонанинг ишончли, мустаҳкам бўлиши, ядро қуролига эга бўлган барча давлатлар унинг мақомини эътироф этган тақдирдагина таъминланишига қатъиян аминман.

— Зонанинг барча фаолият имкониятларини ядро қуроли тарқалиши хавфининг олдини олишга сафарбар эта оладиган механизм ишлаб чиқилиши лозим. Шу мақсадда иштирокчи давлатлар халқаро миқёсда тўпланган тажрибага ҳамда бир қанча асосий тамойилларга (зона ядро қуролидан тўла равишда холи бўлиши таъминланиши лозим; унинг фаолият кўрсатиши бўйича иштирокчи давлатларгина эмас, барча манфаатдор мамлакатлар ҳам ўз зиммаларига мажбурият олиши мумкин; ядро қуролидан холи зонанинг барпо этилиши ҳақидаги битимлар келишилган мажбуриятларга риоя қилишни таъминловчи самарали назорат тизимини ўз ичига олиши лозим; назорат МАГАТЭ ва БМТнинг Хавфсизлик Кенгаши кафолати остида олиб борилиши лозим) суяниши керак.

— Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонанинг барпо этилиши ва унинг фаолият кўрсатиши — Ядро қуролини тарқатмаслик ҳақидаги Шартнома доирасида белгилаб берилган дунё миқёсидаги ядро хавфсизлиги тизимининг ажралмас қисмидир. Айни пайтда ядровий қуролсизланиш бўйича тадбирлар билан бир қаторда оммавий қирғин қуролларининг бошқа турлари ҳам тарқалишининг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар амалга оширилиши лозим.

— Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани яратиш масалалари ядро синовлари оқибатларини бартараф этиш, ижтимоий ва экологик муаммоларни ҳал қилиш, инсонларнинг муносиб турмушини таъминлаш билан чамбарчас боғлиқ бўлиши керак.

— Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш ғояси минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича илгари қилинган саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир.

Минтақа давлатларининг ядро қуролидан холи зонани барпо этиш бўйича фаолияти жаҳон ҳамжамияти томонидан ижобий баҳоланди ҳамда БМТ ва МАГАТЭ, шунингдек, ЕХҲТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланди. 1997 йил 9 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси минтақа давлатларининг ўз мақсади йўлидаги қатъийлигини халқаро жиҳатдан тўла қўллаб-қувватлашини кўрсатгани ҳолда 52/38S рақамли “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш” резолюциясини қабул қилди. Айтиш жоизки, бундан кейин ҳам Бош Ассамблея ўз резолюцияларида доимо ва изчиллик билан минтақа мамлакатларининг ядро қуролидан холи зонани барпо этиш бўйича фаолиятини қўллаб-қувватлашини тасдиқлаб келди.

Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона шартномаси лойиҳасини ишлаб чиқишда БМТнинг Қуролсизланиш масалалари бўйича департаменти ва МАГАТЭ экспертлари фаол кўмак кўрсатишди. Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий эксперт гуруҳларининг Женевада, Бишкекда, Тошкентда, Саппоро ва Самарқандда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона шартномасини ишлаб чиқиш бўйича  қатор учрашувлари ўтказилди. 2002 йил 27 сентябрь куни Самарқандда Шартноманинг биринчи лойиҳаси ўзаро келишилди ва кўриб чиқиш учун “Ядровий бешлик” мамлакатларига тақдим этилди.

Қайд этиш жоизки, кўплаб мамлакатлар, шу жумладан, ядровий давлатларда ҳам Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш ташаббусининг ҳаётга татбиқ этилиши эҳтимоли юзасидан муайян шубҳалар мавжуд эди. Бундан ташқари, ядро қуролидан холи зонани барпо этиш тўғрисидаги Шартнома лойиҳасининг ишлаб чиқилиши чоғида ядро қуролига эга бўлган бешта мамлакат вакиллари ўз геосиёсий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, мазкур ҳужжатнинг алоҳида қоидалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва талабларини баён қилдилар.

Шу билан бирга, ядровий давлатлар билан Шартнома матни юзасидан жадал маслаҳат учрашувлари ва музокаралар чоғида Марказий Осиё давлатлари белгиланган мақсадларга эришиш йўлида қатъият, англашилмовчиликларни енгиб ўтиш ҳамда ўз миллий манфаатларига мос келадиган ва йирик давлатлар позицияларини ҳам ҳисобга оладиган муросаларга эришиш қобилиятини намоён этдилар.

Минтақавий эксперт гуруҳининг 2005 йил 7-9 февраль кунлари Тошкентда бўлиб ўтган еттинчи учрашувида ядровий давлатлар, МАГАТЭ ва БМТ Ҳуқуқий масалалар бўйича департаментининг таклиф ва мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда, минтақа мамлакатларининг Шартнома матни бўйича якдил позицияси келишиб олинди. Тошкент баёнотининг матни БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблеянинг 59-сессияси расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, охир-оқибатда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш тўғрисидаги Шартнома минтақа давлатлари томонидан 2006 йилнинг 8 сентябрида Семипалатинск шаҳрида имзоланди. Мазкур ҳужжат имзоланишининг рамзий аҳамияти бор. Маълумки, “совуқ уруш” йилларида ҳарбий тенгликни таъминлаш сиёсати доирасида Семипалатинск полигонида 459 та ядро қуроли портлаши ўтказилган, Қозоғистон узоқ давом этган ядровий портлашлардан ниҳоятда катта зарар кўрган ва бундай сиёсат миллионлаб қозоғистонликларнинг ҳаёти ва саломатлиги ҳисобидан олиб борилган эди.

Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш ҳақидаги тарихий шартноманинг имзоланиши БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қўллаб-қувватланди. Бош Ассамблея 2006 йилнинг 6 декабрь куни 61/88 сонли “Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш” номли минтақа давлатлари номидан Ўзбекистон тақдим этган махсус резолюцияни қабул қилди. Бош Ассамблея Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш тўғрисидаги Шартномани минтақавий ҳамда халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этди.

Ўзбекистон минтақа мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш ҳақидаги Шартномани 2007 йил 10 май куни ратификация қилди. Шартнома 2009 йил 21 мартда минтақанинг қолган барча давлатлари томонидан ратификация қилинганидан сўнг кучга кирди.

Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш ҳақидаги Шартнома бешта ядровий давлат томонидан Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги протоколнинг имзоланиши билан узил-кесил халқаро-ҳуқуқий жиҳатдан расмийлашди. Протокол 2014 йилнинг 6 май куни БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартноманинг Умумлаштирувчи конференцияси Тайёргарлик қўмитасининг Учинчи сессияси чоғида имзоланди. Шу муносабат билан БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг махсус баёнотида таъкидланишича, АҚШ, Буюк Британия, Франция, ХХР ва Россия Марказий Осиёдаги ядросиз ҳудуд мақомини ҳурмат қилиш ва унга риоя этиш, шунингдек, минтақа мамлакатларига нисбатан ядро қуролини қўлламаслик ва уни қўллаш билан таҳдид қилмаслик мажбуриятини олдилар. БМТ қуролсизланиш масалалари бўйича Юқори вакили Ангела Кейн қайд этганидек, “Кафолатлар тўғрисидаги Протоколнинг имзоланиши Марказий Осиёдаги минтақавий хавфсизликнинг ҳам, ядро қуролини тарқатмасликнинг глобал тартиботини ҳам мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим босқич бўлди”. АҚШ давлат котибининг халқаро хавфсизлик ва ядро қуролини тарқатмаслик масалалари бўйича ёрдамчиси Т. Кантримен АҚШнинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш тўғрисидаги Шартномага Хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги Протоколни имзолаши “Марказий Осиё давлатлари томонидан ушбу минтақани ядро қуролидан холи ҳудуд сифатида сақлаб қолиш бўйича амалга оширилган самимий ва юксак таҳсинга сазовор саъй-ҳаракатларнинг эътирофидир”, дея баёнот берди. Бошқа ядровий давлатлар вакиллари ҳам Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона барпо этилишига “Халқаро ядро қуролини тарқатмаслик тартиботининг пойдевори” ҳамда минтақадаги тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили сифатида юксак баҳо бердилар.

Шартнома муддати белгиланмаган характерга эга. У 18 та моддадан, Хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги Протокол ҳамда унинг қоидаларига амал қилиш масалаларини кўриб чиқиш учун маслаҳат учрашувлари ўтказиш процедураларининг Қоидаларидан иборат.

Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш тўғрисидаги Шартномага кўра, Марказий Осиё давлатлари ўзларига қуйидаги асосий мажбуриятларни олганлар: тадқиқотлар ўтказмаслик, ҳар қандай ядровий қурол ёки бошқа ядровий портлаш ускунасини ишлаб чиқмаслик, уни ишлаб чиқармаслик, захираларини тўпламаслик ёки бошқа усуллар билан қўлга киритмаслик, эгалик қилмаслик ёки унинг устидан назоратни амалга оширмаслик; ўз ҳудудида ядро қуроли ёки бошқа ядровий портлаш ускунасининг, унинг кимга тегишлилигидан қатъи назар, ишлаб чиқарилиши, қўлга киритилиши, жойлаштирилиши, сақланиши ёки қўлланилишига йўл қўймаслик.

Марказий Осиёдаги ядро қуролидан холи зона уни дунёда мавжуд барча ядросиз ҳудудлар орасидан ажратиб турадиган қатор беқиёс жиҳатларга эгадир:
Биринчидан, Марказий Осиё ядро қуролидан холи зона — Шимолий Яримшарда, тўлалигича қуруқлик билан ўралган ва денгизларга чиқиш йўлига эга бўлмаган ҳудудда барпо этилган илк ядро қуролидан холи ҳудуддир. Марказий Осиё зонаси Россия ва Хитой сингари ядро қуролига эга икки давлат билан бевосита чегарадошдир. Бундан ташқари, у де-факто ядро қуролига эга бўлган икки мамлакат — Ҳиндистон ва Покистон билан ҳам ёнма-ён жойлашган.

Иккинчидан, бу илгари ядро қуроли мавжуд бўлган ва унинг синовлари ўтказилган минтақада барпо этилган биринчи ядросиз ҳудуд бўлиб, Марказий Осиёда истиқомат қилаётган одамлар мазкур синовларнинг оқибатларини ҳозирги кунга қадар ҳис қилишади. Шу маънода, ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги шартномада экология ва радиация хавфсизлигини таъминлаш, ўтмишда собиқ Совет Иттифоқи ядро мажмуаси объектларининг фаолияти туфайли жиддий зарар кўрган атроф-муҳитни тиклаш борасида тадбирлар ўтказишга доир қоидаларга муҳим эътибор қаратилади. Шартнома ядро қуроллари ва бошқа ядровий портлаш ускуналари синовларини, шунингдек, минтақа мамлакатлари ҳудудида бошқа давлатлар радиоактив чиқиндиларининг кўмилишини тақиқлайди.

Учинчидан, Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш ҳақидаги Шартнома ядросиз ҳудудлар тўғрисидаги ҳужжатлар ичида ўзининг барча иштирокчиларига битим кучга кирганидан сўнг 18 ой мобайнида МАГАТЭ билан Кафолатлар тўғрисида Қўшимча протоколни тузиш ҳамда Ядро синовларини буткул тақиқлаш тўғрисидаги шартнома бўйича мажбуриятларини тўлалигича бажариш юзасидан мажбуриятни юклайдиган илк ҳужжатдир. Мазкур шартнома МАГАТЭнинг юқорида кўрсатилган протоколи ишлаб чиқилганидан кейин ҳамда барча Марказий Осиё давлатлари ратификация қилган Ядро синовларини буткул тақиқлаш тўғрисидаги шартнома имзоланганидан сўнг тузилган ана шундай ҳужжатлар орасида биринчиси бўлди.

Тўртинчидан, Марказий Осиё ядро қуролидан холи зонаси минтақавий хавфсизликнинг янги элементини яратиб, у терроризмга қарши кураш ҳамда ядровий материаллар ва технологияларнинг нодавлат субъектлар, энг аввало, террорчилар қўлига тушишининг олдини олишни таъминлайди. Моҳиятан, ядро қуролидан холи зона ҳақидаги Ўзбекистон ташаббусининг амалга оширилиши Хавфсизлик Кенгашининг 2004 йилдаги 1540-резолюциясини бажариш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, мазкур резолюция ҳукуматларга ядровий, кимёвий ва биологик қуроллар ҳамда уларнинг террорчилар томонидан ташиш воситаларининг қўлга киритилиши, тарқатилиши ва қўлланилишининг олдини олиш юзасидан мажбуриятларни юклайди.

Аммо Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартноманинг ўзига хос жиҳати унинг кенг қамровли ва мажмуавий хусусиятида акс этади. У халқаро хавфсизликнинг ядро қуроли ва уни яратиш компонентларини тарқатмаслик, Ядро қуролини тарқатмаслик ҳақидаги шартнома режимини мустаҳкамлаш, ядровий қуролсизланиш ва демилитаризация, ҳудудларнинг экологик тикланишида ҳамкорлик, терроризмга қарши кураш, минтақавий ва халқаро тинчлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш сингари муҳим йўналишларини ўз ичига олади.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зона тўғрисидаги Шартнома Марказий Осиёнинг барча беш давлатини қамраб оладиган хавфсизлик соҳасидаги биринчи кўп томонлама битим бўлди. Ядро қуролисиз ҳудудни яратиш жараёнида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон қатъий сиёсий ирода, конструктивликни, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ўз халқларининг тараққиёти ва равнақи учун зарурий шарт-шароитларни яратиш йўлида саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қодирликларини намоён этдилар.

Айнан шу сабабли Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи зонани барпо этиш юзасидан ташаббусининг амалга оширилиши бутун дунёда тинчлик, минтақавий барқарорлик ҳамда минтақа мамлакатлари ва йирик давлатларнинг сермаҳсул ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим омил, дунё ҳамжамиятининг изчил ривожига жамоавий улуш ва, албатта, халқаро хавфсизлик ҳамда ядровий қуролсизланишни мустаҳкамлашнинг энг муҳим элементи сифатида юксак баҳо ва эътирофга сазовор бўлди. 

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn