Латвия Президенти Андрис Берзиньш: «Бизнинг Ўзбекистон билан муносабатларимиз узоқ муддатлидир»
  • 27 Май 2014

Латвия Президенти Андрис Берзиньш: «Бизнинг Ўзбекистон билан муносабатларимиз узоқ муддатлидир»

Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньш Ўзбекистонга расмий ташрифи олдидан “Жаҳон” ахборот агентлигининг саволларига жавоб берди.

— Жаноб Президент, мамлакатларимиз бир-биридан минглаб километр узоқликда жойлашган бўлса-да, бу Ўзбекистон — Латвия сиёсий мулоқотларининг изчил ривожланишига халақит бермайди. Ўтган йили куз фаслида Президент Ислом Каримов давлат ташрифи билан Латвияда бўлди, жорий йилда эса Сиз Ўзбекистонга ташриф буюрмоқдасиз. Мамлакатимизга бўлажак ташрифингиздан қандай мақсад ва вазифаларни кўзлаётирсиз?
— Президент Ислом Каримовнинг ўтган йил октябрь ойида Латвияга буюрган ташрифи якунлари янада самарали ҳамкорлигимиз учун яхши асос бўлди. Кейинги пайтларда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш изчил ривожланиб бормоқда. Рақамлар, ҳозирча, албатта, у қадар катта эмас. Бироқ Латвияда Ўзбекистон Савдо уйининг очилиши — бу Президент Ислом Каримовнинг ташаббусларидан бири — ушбу кўрсаткич ўсишини таъминлайди. Менга маълум қилишларича, Савдо уйи орқали тузилган шартномаларнинг қиймати ҳозирнинг ўзидаёқ 30 миллион АҚШ долларидан ошган. Бу, бор-йўғи, биргина мисол, лекин у ўзаро алоқалар ривожида катта салоҳият мавжудлигини жуда яққол кўрсатиб турибди.
Бугун мен шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистонга сафар арафасида биз мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурматга, манфаатларни эътироф этиш ва бир-бирини қўллаб-қувватлашга асосланган ишончли ва шериклик муносабатларимизни давом эттириш ҳамда мустаҳкамлаш истагидамиз.
Тошкентда бўладиган олий даражадаги музокаралар давомида биз жуда аниқ-равшан масалалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашамиз. Айниқса, менинг назаримда, ҳозирги пайтдаги жуда муҳим бўлган халқаро хавфсизлик, Афғонистон, транзит масалалари шулар жумласига киради.
Ташриф учун хийла катта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисидаги қатор ҳужжатлар имзоланади. Масалан, қайта янгиланадиган ресурсларга доир масалалар ҳам мавжудки, улар Латвия учун жуда муҳимдир.
Узоқ йиллик ҳамкорлигимизнинг фойдали таркибий қисмларидан бири  “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ҳисобланади. У, мана, ўн йилдирки, “Тошкент — Рига — Нью-Йорк” ҳамда “Нью-Йорк — Рига — Тошкент” авиақатнови билан мамлакатларимиз пойтахтларини боғлаб турибди.
Дарҳақиқат, мамлакатларимиз ўртасидаги масофа катта. Бироқ бунинг фойдали жиҳати ҳам бор: бизлар турличамиз ва муайян маънода бизлар бир-биримизни тўлдиришимиз мумкин. Биринчи галда, савдо-сотиқда. Шу боис ўнлаб тадбиркорлар биз билан Тошкентга боришади. Амалий масалалар ҳал этилиши учун ҳукумат вакиллари ҳам бўлади, таълим ва маданият  соҳасидаги таниқли одамлар ҳамроҳлик қиладилар.
Ўз томонимдан шуни яна бир бор тасдиқлашни истардимки, биз Латвия ва Ўзбекистоннинг сиёсий ҳамда иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлашдан манфаатдормиз.
Бизлар орттирган тажрибага эҳтиёж бўлган соҳаларда лойиҳаларни ҳаётга янада фаолроқ татбиқ этишга Латвия тайёрдир. Ўйлайманки, биз кўпгина соҳалар — қишлоқ хўжалиги, маданият ва бошқа йўналишларда бир-биримиздан ўрганишимиз мумкин.
Ўзбекистонда Латвия учун жуда фойдали бўлган кўпгина соҳалар бўйича тажриба бор. Шунинг учун ҳам мамлакатларимиз ўртасида ўзаро алмашувлар йўлга қўйилаяпти. Ишончим комилки, ташрифимнинг натижаси ўлароқ, ўзаро муносабатларимиз янада ривожланиши мумкин бўлмоғи учун биз янги тажриба ва таассуротлар оламиз.

— Кейинги 8 — 10 йил давомида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти юқори суръатлар билан ривожланмоқда. Сиз ана шундай ўсишни ҳамда бунинг мамлакат ҳаётидаги бошқа соҳаларга таъсирини қандай баҳолайсиз?
— Мен жуда кўп вақтдан буён Ўзбекистонда бўлмадим. Шунинг учун бугунги кунда уларнинг ҳаммаси қандай кўринишга эга эканлигини тасаввур қилиш мен учун бир оз енгил эмас. Юртингизга борганимдан сўнг буни аниқ айта оламан. Бироқ рақамлар ва далиллар, ҳақиқатан ҳам, глобал молиявий инқироз оқибатларига қарамасдан, Ўзбекистон барқарор ва яхши тенденцияларини ҳамда иқтисодий ривожланиш натижаларини ишонч билан намоён қилаётганидан далолат берадики, улар иқтисодиёт ўсишининг салмоқли салоҳиятини тасдиқлайди.

— Мана, 20 йилдан ортиқ давр давомида Ўзбекистон демократияга содиқ қолгани ҳолда, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш институтларини ривожлантириб, кўп асрлик ўзига хос бўлган анъаналарни авайлаб асраб, ўз йўлидан бормоқда. Бу йўл Латвияда қандай қабул қилинаётир? Сизнингча, ҳамкорликнинг қайси йўналишлари энг истиқболли ҳисобланади?
— Президент Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон оқилона, вазмин ҳамда чуқур ўйланган ички ва ташқи сиёсат олиб бормоқда. Ўзининг ривожланиш йўли асосида тобора олға қараб одимлар экан, муқаррар муваффақиятларни қўлга киритмоқда. Биз буни қутлаймиз. Ўз навбатида, бизда ҳам 24 йил давомида мамлакатимизни ривожлантириш бўйича орттирган жуда яхши тажриба бор, албатта. Бу тажрибага, айниқса, парламентаризмни ривожлантириш тажрибасига Иккинчи жаҳон урушидан олдин асос солинган эди. Асосий Қонунимиз — 1918 йили қабул қилинган Конституциямиз барқарор асослар барқарор ривожланишга олиб келишини тасдиқлайди. Биз Ўзбекистонда бу борада кучли анъаналар аллақачон мавжуд эканлигини биламиз.
Бизда Европа Иттифоқига кириш тажрибаси бор. Ҳозир у ерда 28 та давлат биргаликда — чегараларсиз, Шенген ҳудуди давлатлари божхона хизматларида ҳеч бир чекловларсиз ишлашмоқда. Ўзбекистоннинг жадал иқтисодий ўсиши ва улкан табиий ресурслари мавжудлиги, ижобий жуғрофий ўзига хослиги шароитида — буларнинг барчаси керакдир. Менинг назаримда, мамлакатларимиз ўртасида гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний тарқатилишига қарши кураш йўналишидаги ҳамкорлик ҳам жуда муҳим ҳисобланади. Латвия ҳам бунинг жиддийлигини ҳис қилади. Ана шундай тажриба жуда зарур ва бу бизнинг музокараларимизнинг мавзуларидан бири бўлади.
Латвиянинг аъзо мамлакат сифатида Европа Иттифоқидаги иштироки Ўзбекистоннинг демократия йўлида муҳим роль ўйнайди ва ишончим комилки, бундан-да янада каттароқ роль ўйнайди. Айниқса, бугунги кунда бизнинг ўзаро иқтисодий алоқаларимиз тобора ривожланиб бораётганидан келиб чиқсак, бу аён бўлади. Шунингдек, муносабатларимизга ташриф арафасида тайёрланган қарорлар ҳам янги туртки беради. Улар маданий соҳага ҳам тегишли. Ҳаммаси бир-бири билан боғлиқдир. Одамлар, халқлар ўртасида алоқалар қанча кўп бўлса, шунча яхши.
Транзит имкониятларини таъминлаш, янги технологияларга бўлган қизиқиш, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, ёғочни қайта ишлаш ва қурилиш иқтисодий ҳамкорликнинг устувор ва долзарб йўналишларидан ҳисобланади. Шунингдек, бизнес, божхона ва солиқлар ҳам. Муваффақиятли сиёсий мулоқот, минтақавий истиқбол ва ўзаро тўғри тушуниш ҳамкорлик соҳаларини кенгайтириш учун асосли омил бўлади. Ўзбекистон бундан кейин ҳам мамлакатимизнинг транспорт ва логистика инфратизими имкониятларидан фойдаланиши мумкинки, улар маҳсулотларингизнинг Европа бозорларига экспортини кенгайтириш учун устқурма бўлиб қолади. Бу йўналишларнинг барчаси аниқ белгилаб олинган, ҳамкорлигимиз аллақачондан буён мавжуд ва у, ишончим комилки, олдинга қараб одимлайверади.

— Замонавий Ўзбекистон — тарихи, маданиятининг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақаладиган мамлакат бўлиб, бутун дунёдан, жумладан, Латвиядан ҳам борган сари янада кўплаб сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Биз бундан 10 йил муқаддам Ригада бутун дунёга машҳур олим, астроном Мирзо Улуғбек ҳайкали очилганини эслаймиз. Яна бир бошқа мисол: Тошкент ва Рига — биродарлашган шаҳарлар. Ўтган йили Ригада Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъати усталарининг кўргазмаси бўлиб ўтди. Латвиялик қўшиқчи Диана Пирагс ва ёш мусиқачилар гуруҳи Самарқандда ЮНЕСКО шафелигида ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида ўз чиқишлари билан иштирок этди. Булар мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорликнинг биргина бўлаги холос...
— Шу маънода, делегациямиз таркибида маданият ва санъат арбоблари борлиги, ишончим комилки, бу борадаги муносабатларимизни сезиларли даражада тўлдиради. Бизларни бирдек тўйинтирадиган, бойитадиган жиҳат — маданият эканлигига аминман.
Ўзбекистонга ташрифим давомида Самарқандда юрмалаликлар ҳозирлашаётган Латвия рассомлари кўргазмасининг расмий очилиш маросимида қатнашишни режалаштираяпман. Шарқнинг кўҳна дурдонаси — Самарқанд ва бизнинг курорт шаҳримиз Юрмала ўртасида ўзаро муносабатларнинг ўрнатилиши ҳам бир-биримиз билан яқинлашувимиз йўлидаги салмоқли қадамдир, деб ўйлайман.
Умуман, хулоса тариқасида шуни яна бир карра таъкидлашни истар эдимки, Ўзбекистон Латвия учун Марказий Осиёдаги жуда муҳим шерик ҳисобланади. Ўзбекистон ўзини ишончли ва масъулиятли халқаро шерик сифатида намоён қилди. Биз унинг Марказий Осиёда фаровонликни ва тинчликни мустаҳкамлашдаги ўрнини юқори баҳолаймиз. Шуни айтишим жоизки, бизнинг Ўзбекистон билан самимий муносабатларимиз узоқ муддатлидир.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn