Ўзбекистон — Латвия: Ҳамкорликни жадаллаштириш йўлида
  • 24 Май 2014

Ўзбекистон — Латвия: Ҳамкорликни жадаллаштириш йўлида

2014 йил 27 май куни Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг Ўзбекистон Республикасига расмий ташрифи бошланади. Ўзбекистон — Латвия ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ҳурмат ва манфаатдорликка асосланади. Ҳозирги пайтда бундай муносабатлар изчил ривожланмоқда ва тобора кенгайиб бораётир.

Мавжуд алоқаларни имкониятлардан тўлақонли фойдаланган ҳолда мустаҳкамлаш икки дўст давлат ташқи сиёсатининг устувор қирраларидан бири бўлиб қолди. 1992 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистон ва Латвия ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганидан сўнг 40 дан зиёд давлатлараро шартномалар ҳамда ҳукуматлараро битимлар имзоланди. Ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларини қамраб олган мазкур ҳужжатлар ўзаро шерикликнинг ривожланиши учун асос бўлмоқда.
Томонларнинг самарали ҳамкорликни кенгайтириш йўлидан боришга бўлган интилишини олий даражадаги мунтазам учрашувлар тасдиқлайди. Президент Андрис Берзиньшнинг мамлакатимизга бўлажак ташрифи Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2013 йил октябрь ойида Латвияга буюрган давлат ташрифининг мантиқий давоми ҳисобланади.

Шуни қайд этиш жоизки, икки мамлакат ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида конструктив ва мунтазам маслаҳатлашувлар йўлга қўйилган. Ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида 1997 йилдан 2014 йилгача бўлган даврда маслаҳатлашувлар тўғрисидаги Протокол 1995 йили имзоланган эди. Шунга асосан, ташқи ишлар вазирликлариаро маслаҳатлашувларнинг 13 раунди ўтказилди.

Парламентлараро алоқалар ҳам фаол ривожланаяпти, парламент аъзолари делегацияларининг мунтазам алмашувлари амалга оширилмоқда, икки мамлакатнинг қонун ижодкорлиги фаолияти соҳасидаги тажрибалари ўрганилмоқда ва бир-бирини тўлдирмоқда. 2010 йили Латвия Сеймида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ таъсис этилди. Ўз навбатида, 2012 йили Ўзбекистон парламентида ҳам Латвия Сейми билан ҳамкорлик бўйича гуруҳ тузилди.

2002 йили имзоланган Терроризм, диний экстремизм, наркобизнес ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа кўринишлари билан курашда ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро Битимга мувофиқ, бу соҳадаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Латвия Қўшма комиссияси таъсис этилган. Унинг иккинчи мажлиси 26 — 30 май кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.

Латвия Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериклари учлигига киради. 2013 йил якунларига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 248,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Ўзбекистон Латвияга юқори сифатли пахта толаси, қайта ишланган нефть маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, дори-дармон препаратлари, минерал ўғитлар, рангли металл ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилади. Латвия, ўз навбатида, юртимизга тўқимачилик, электротехника, машинасозлик тармоқлари учун асбоб-ускуналар, озиқ-овқат, фармацевтика маҳсулотлари, оптика ускуналари етказиб беради ҳамда транспорт хизматларини кўрсатади.

Икки мамлакатнинг сармоявий ҳамкорлиги изчил мустаҳкамланиб бормоқда. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда Латвия сармояси иштирокидаги 22 корхона фаолият юритаяпти. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида Латвиянинг 19 компанияси ваколатхонаси аккредитациядан ўтган.
Транспорт соҳаси Ўзбекистон — Латвия ҳамкорлигининг устувор йўналишларидан бири саналади. Мамлакатларимиз олдида асосий минтақавий ва жаҳон бозорларига чиқиш мақсадида амалдаги транспорт йўлаклари рақобатбардошлигини ошириш, бунинг учун мавжуд транзит салоҳиятидан юқори даражада фойдаланиш вазифаси турибди. Шу ўринда қайд этиш зарурки, ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг ташқи савдо юклари Латвия портлари орқали Европа Иттифоқи мамлакатларига етказиб берилмоқда, халқаро темир йўл юклари ташиш ҳажми эса 2013 йили 146 минг тоннадан ошди.

2014 йилнинг 16–17 апрель кунлари Ригада ўтказилган Иқтисодий, саноат ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ҳамда ишбилармон доираларнинг қўшма бизнес-форуми Ўзбекистон — Латвия шериклик алоқаларининг янада мустаҳкамланишида муҳим воқеа бўлди. Мазкур анжуманлар якуни иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаол ҳамкорлик учун салмоқли салоҳият ва имкониятлар мавжуд эканлигини яна бир карра намоён қилди.

Маданий-гуманитар соҳадаги алоқалар ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Ўзбек халқи, унинг бой илмий, маданий ва маънавий меросига ҳурмат рамзи сифатида Ригада буюк бобокалонларимиз Мирзо Улуғбек ҳамда Абу Али ибн Сино ҳайкаллари қад ростлаган. Мунтазам равишда бадиий кўргазмалар ва суратлар кўргазмалари ўтказилмоқда, концертлар ташкил этилаяпти, икки мамлакат фольклор жамоалари эса Ўзбекистон ҳамда Латвияда ўтказиладиган турли маданий тадбирларнинг доимий иштирокчисидир. Жумладан, 2013 йили “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида Латвиянинг “Диана Пирагс ва Чоколад” ҳамда “Талси” мусиқа гуруҳлари муваффақиятли қатнашди. Латвия миллий операси ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри ўртасида йўлга қўйилган ижодий ҳамкорлик кўламлари ҳам тобора кенгайиб бормоқда.

Таълим соҳасидаги алоқаларни йўлга қўйишда ҳам салмоқли натижаларга эришилди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Латвия таълим ва илм-фан вазирлиги ўртасида имзоланган Таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим доирасида 2012 йилнинг 13 ноябрида бўлиб ўтган Доимий икки томонлама комиссиянинг биринчи йиғилиши ушбу жабҳадаги алоқаларнинг жадал ривожланаётгани ва тобора теранлашиб бораётганига мисол бўла олади.

Хулоса тариқасида шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, Латвия Республикаси Президенти Андрис Берзиньшнинг Ўзбекистон Республикасига буюражак расмий ташрифи муҳим воқеа бўлиши баробарида, мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги серқирра муносабатлар тараққиётида ҳам янги саҳифа очади.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn