Шавкат Мирзиёев: ички ишлар органлари ходимларининг ўзи жиноятлар содир этса, буни қандай изоҳлаш мумкин?
Версия для печати
  • 10 Ноябрь 2017

Шавкат Мирзиёев: ички ишлар органлари ходимларининг ўзи жиноятлар содир этса, буни қандай изоҳлаш мумкин?

Президент 9 ноябрь куни Самарқандда ўтказилган Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятига ҳам тўхталиб ўтди.

Шавкат Мирзиёев вилоятда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишлар бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини қайд этди. Буни ички ишлар органларида кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, қайта тайёрлаш бўйича ишларнинг қониқарсиз йўлга қўйилгани билан изоҳлади. 

"Ички ишлар органлари ходимларининг асосий вазифаси жиноятларни барвақт аниқлаш ва олдини олишдан иборат. Лекин уларнинг ўзлари томонидан оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилса, буни қандай изоҳлаш мумкин?" – деди Президент. 

Давлат раҳбарининг маълум қилишича, жорий йилнинг ўтган даврида 42 нафар ички ишлар ходими томонидан 25 та жиноят содир этилган. Уларнинг 10 таси мансабни суиистеъмол қилган, 7 таси пора олган. Жиноят содир этганларининг 9 нафари вилоят миқёсидаги ходимлардир. Ҳар йили ички ишлар ходимлари томонидан ўртача 40 тага яқин жиноят содир этилмоқда. Бу кўрсаткич юқори даражада қолаётир. 

"Табиий бир савол туғилади: Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ф.Қувондиқов бундай ҳолатни қандай изоҳлайди? Ёки у узоқ муддат бу лавозимда ишлаб чарчаб қолдими? Агар чарчамаган бўлса, ишида натижа бўлиши керак. Натижа эса йўқ. Буям ҳақиқат. 

Бундай нохуш ҳолатга Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти алоҳида, такрор айтаман, алоҳида эътибор қаратиши шарт. 

Бундан буён ички ишлар тизимида кадрлар билан ишлаш, уларнинг малакаси ва масъулиятини ошириш ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, бу масала қатъий назоратга олиниши зарур. 

Президентнинг Давлат маслаҳатчиси О.Муродов Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда, бир ҳафта муддатда ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг келиб чиқишига чек қўйиш ва шахсий таркиб ўртасида маънавий-руҳий муҳитни соғломлаштириб, тартиб-интизомни мустаҳкамлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўрсин", – деган Мирзиёев.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn