Шавкат Мирзиёев: 2-3 та иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман
  • 10 Ноябрь 2017

Шавкат Мирзиёев: 2-3 та иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман

Жорий йил 9 ноябрь куни Самарқандда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Президент Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий дастурлар ва инвестиция лойиҳаларига тўхталиб, барчанинг эътиборини қуйидаги рақамларга қаратди.

"...Саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасини оладиган бўлсак, умумий қиймати 1 триллион 800 миллиард сўмлик 321 та йирик лойиҳани амалга ошириш бошланди. 

Ўтган даврда вилоятда 24 та йирик корхона ишга туширилди. Хусусан, Самарқанд шаҳрида йилига 8 миллион дона дори воситалари ишлаб чиқарадиган корхона фаолияти йўлга қўйилди. Жомбой туманида 300 гектар ёнғоқзор барпо этилди. Самарқанд туманида 1 миллионта парранда боқиладиган хўжалик ташкил этилди. Йил охирига қадар яна 20 та йирик корхона ишга туширилади.

Энг муҳими, бу корхоналарнинг барчаси ички бозоримиз учун, одамларимиз учун керакли маҳсулотлар чиқариб, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда. 

Яна бир муҳим томони шундаки, бу лойиҳаларнинг ҳаммаси тадбиркорларнинг ташаббуси билан, уларнинг ўз маблағлари иштирокида амалга оширилмоқда. Биз уларга молиялаштириш ва рухсат бериш, қулай имконият яратиш бўйича ёрдам бермоқдамиз, холос.

Мен ўз маблағи, ташкилотчилиги билан ҳеч бўлмаганда 2-3 та иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман, деб айтган гапларимни бугун ҳам такрорлашдан чарчамайман. Мана, Самарқанднинг ўзида шунча корхоналар очилиб, минг-минглаб иш ўринлари яратилаётган экан, бунинг учун вилоятдаги барча кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаси вакилларига чин юракдан раҳмат айтмоқчиман", деган Президент. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn