Оқсаройда қабул
  • 08 Май 2014

Оқсаройда қабул

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 7 май куни Оқсаройда мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уильям Бёрнсни қабул қилди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорлик сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва икки томон учун манфаатли бўлган бошқа соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.

Турли соҳаларда мунтазамлик касб этган мулоқотлар, жумладан, икки мамлакат парламентлари ва ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги изчил алоқалар томонлар учун самарали ва конструктив ҳамкорликни қарор топтириш имконини бермоқда.

Учрашувда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда АҚШ компаниялари иштирокида тузилган 190 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 53 таси тўлалигича хориж капитали асосида ташкил этилган. Мамлакатимизда АҚШдаги 40 етакчи корпорациянинг ваколатхоналари очилган.

Суҳбат давомида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинди. Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, хусусан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

Уильям Бёрнс самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, АҚШ раҳбарияти бундан буён ҳам Ўзбекистон билан турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

(ЎзА).
Сарвар ЎРМОНОВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn