Оқсаройда қабул
  • 06 Май 2014

Оқсаройда қабул

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 5 май куни Оқсаройда Япония Бош вазирининг ўринбосари, молия вазири Таро Асони қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, Ўзбекистон уни нафақат нуфузли сиёсат ва давлат арбоби, айни пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва стратегик шериклик ўрнатишга катта ҳисса қўшган ишончли дўст деб билишини таъкидлади. Президентимиз Таро Асони ушбу ташриф давомида унга Ўзбекистон Банк-молия академиясининг Фахрий доктори унвони берилгани билан табриклади.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил февраль ойидаги Японияга расмий ташрифи Ўзбекистон — Япония муносабатларига янги суръат бағишлади, сиёсий мулоқотни фаоллаштириб, стратегик ҳамкорликни янги мазмун билан бойитди.

Япония Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий шерикларидан бири ҳисобланади. 2013 йил якунига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 215,2 миллион АҚШ долларидан ошган. Япония томонидан Ўзбекистонга киритилган молия воситаларининг умумий ҳажми 2,32 миллиард долларни ташкил этади.

Япониялик ҳамкорлар “Кўкдумалоқ” конида компрессор станциясини ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини қуриш, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини реконструкция қилиш, Самарқанд, Бухоро ва Урганч аэропортларини модернизациялаш каби йирик лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этди.

Бугунги кунда “Қарши — Термиз” темир йўл тармоғини электрлаштириш, Навоийдаги иссиқлик электр станциясини кенгайтириш ва Толлимаржон иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Учрашувда энергетика, кон саноати, нефть-газ, кимё, электротехника, автомобилсозлик ва телекоммуникация соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Таро Асо самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Япония ҳукумати Ўзбекистон билан кенг кўламли иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

(ЎзА).
Аъло АБДУЛЛАЕВ олган сурат.


Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn