Малайзия делегацияси Ўзбекистонда
  • 06 Май 2014

Малайзия делегацияси Ўзбекистонда

Мамлакатимизга ташриф буюрган Малайзия Бош вазирининг ўринбосари, таълим вазири Муҳиддин бин Ҳожи Муҳаммад Яссин 5 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги алоқалар икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар асосида кўплаб соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида турли соҳаларни, жумладан, савдо-сармоя, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш, ҳаво транспорти қатнови, илм-фан, маданият, сайёҳлик, табиий ресурсларни ўзлаштириш каби йўналишларни қамраб олувчи йигирмадан зиёд ҳужжатдан иборат бўлган мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асос мавжуд.
Ўзбекистонда Малайзия сармояси иштирокида иқтисодиётнинг нефть-газ, тўқимачилик саноати, мебелсозлик, электр техникаси маҳсулотларини ишлаб чиқариш, молиявий хизматлар кўрсатиш ва бошқа жабҳаларни қамраб олган кўплаб қўшма корхоналар фаолият юритмоқда.
— Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик бугунги кунда иқтисодиёт, таълим ва сайёҳлик каби соҳаларда жадал равнақ топмоқда, — деди Муҳиддин бин Ҳожи Муҳаммад Яссин. — Сайёҳлик соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигимиз улкан салоҳиятга эга. Малайзияда Ўзбекистонни, хусусан, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарларни зиёрат қилишни, мамлакатингизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини яқиндан ўрганишни истовчилар жуда кўп.
Малайзия Бош вазирининг ўринбосари, таълим вазири Муҳиддин бин Ҳожи Муҳаммад Яссин Ўзбекистон олий ва ўрта махсус таълим вазири Алишер Ваҳобов билан учрашди. Музокарада мамлакатларимиз ўртасида таълим йўналишидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳақида сўз юритилди. 
Учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланаётгани, талабалар алмашинувининг кенг йўлга қўйилгани бунга ёрқин мисол экани таъкидланди. Бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки мамлакатнинг таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашувини янада фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Муҳиддин бин Ҳожи Муҳаммад Яссин Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар билан ҳам учрашди.
Мазкур университетда йигирмага яқин хорижий тил, жумладан, малай тили бўйича сабоқ берилади. Олий ўқув юртида фаолият юритаётган Малай тили маркази талабаларнинг ушбу тилни чуқур ўзлаштиришига кўмаклашиш баробарида, университет билан ҳамкорликда қатор маданий тадбирлар, анжуман ва семинарлар ўтказиб келади.
Бугунги кунда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Малайзиянинг қатор таълим муассасалари, жумладан, Перлис ва Султон Идрис университетлари ҳамда Аллианс тиббиёт коллежи билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйган.
Учрашув якунида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан Малайзиянинг Бинари университети ўртасида ҳамкорликка оид англашув меморандуми имзоланди.

Ирода УМАРОВА,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn