Ўзбекистон Президенти Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирини қабул қилди
  • 25 Май 2017

Ўзбекистон Президенти Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 май куни мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири Шайх Абдулла бин Зоид Ал Наҳаённи қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, кенг кўламли ўзаро амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини алоҳида таъкидлади.

Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити доирасида 21 май куни Ар-Риёд шаҳрида Абу Даби Амирлиги валиаҳди, БАА Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ал Наҳаён билан учрашув, шунингдек, турли даражадаги алоқалар фаоллашгани Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишидан икки мамлакат ҳам манфаатдорлиги ва бунга тайёр эканини тасдиқлаши қайд этилди. 

Суҳбатда БАА етакчи банк-молия институтлари ва компаниялари иштирокида иқтисодиётнинг турли тармоқларида истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуси Амирликлар томонидан қўллаб-қувватлангани юқори баҳоланди. БАА делегациясининг ташрифи давомида Маданий ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро англашув меморандуми имзолангани мамнуният билан қайд этилди. 

Шайх Абдулла бин Зоид Ал Наҳаён Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва БАА Президенти Шайх Халифа бин Зоид Ал Наҳаён ва Абу Даби Амирлиги валиаҳди, БАА Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ал Наҳаённинг юксак ҳурмати ва эзгу тилакларини етказди. 

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга Бирлашган Араб Амирликлари тайёрлигини таъкидлади. 

ЎзА.

Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ ва 

Сарвар ЎРМОНОВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn