«Баҳор нафаси»
  • 26 Апрель 2017

«Баҳор нафаси»

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ёшлар симфоник оркестрининг “Баҳор нафаси” концерт дастури бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур тадбирга мусиқа ихлосмандлари, маданият ва санъат намояндалари, талаба-ёшлар, дипломатик корпус ва -халқаро ташкилотларнинг мамлакатимиздаги ваколатхоналари ходимлари таклиф этилди. 

Юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, чунончи, уларнинг иқтидор ҳамда истеъдодини рўёбга чиқариш, ўз салоҳиятини кенг намойиш қилишига шарт-шароитлар яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. 2016 йилнинг 15 сентябридан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни бу борадаги саъй-ҳаракатларга янгича жадаллик бағишлади. 

Ушбу концерт дастури ёшлар ўртасида миллий ва жаҳон мумтоз мусиқа санъатини кенг тарғиб этиш, уларнинг Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида камол топишида ўзига хос тарбия воситаси сифатида хизмат қилиши, шубҳасиз.

— Жамоамиз 2015 йилда ташкил этилган бўлиб, мусиқа йўналишидаги нуфузли таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳамда ижодий жамоаларда меҳнат қилаётган 100 га яқин ёш созандалардан таркиб топган, — дейди Ёшлар симфоник оркестри бадиий раҳбари, бош дирижёр, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоев. — Ўтган давр мобайнида биз бир қанча концерт дастурларимиз билан хорижий давлатлар ва республикамизнинг турли ҳудудларига ўндан ортиқ гастроллар уюштирдик. Бугунги тадбир ҳам бизга яратиб берилган яна бир имкониятдир. Дастуримиз томошабинларга манзур келган бўлса, мақсадимизга эришдик, деб ҳисоблаймиз.

Мусиқий кечада хор жамоалари, яккахон опера ижрочилари томонидан миллий ҳамда жаҳон мусиқа санъатининг энг сара асарлари ижро этилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn