Бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадрият
  • 20 Апрель 2017

Бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадрият

“Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш — одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир”.

Президентимизнинг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қайд этилган ушбу жиҳатлар айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда меҳнат фронти фахрийлари иштирокида ўтказилаётган тадбирларда яққол ифодасини топмоқда.

94 ёшли Собитхон Обидов Поп туманининг Чодак қишлоғида яшайди. Отахон элу юртнинг ҳурмат-эҳтиромидан миннатдор эканини айтиб, дуога қўл очганда, Ватанимизга тинчлик-омонлик, фаровонлик тилайди. Нуроний ҳолидан қўни-қўшнилари, маҳалла-кўй доимо хабардор. Айниқса, байрам кунлари йўқловчилар ҳар қачонгидан кўпаяди. Мана, куни кеча вилоят ва туман ҳокимияти, “Нуроний” жамғармаси ҳамда бир қатор жамоат ташкилотлари вакиллари меҳнат фронти фахрийсини Президентимиз номидан айём билан табриклаб, пул мукофоти, совға-саломлар топширишди.

— Бу йилги байрам тадбирлари бошқача ўтаяпти, — дейди Собитхон ота. — Бугун хонадонимизга бир марталик пул мукофоти билан бирга, яп-янги “Дамас” автомашинасини ҳам олиб келишди. Навбатсиз сотиб олиш имтиёзидан фойдаланиб, тўловини қилган эдик. Рўзғорда машина бўлса яхши-да. Бундан оиламиз жуда хурсанд. 

Умрининг энг гуллаган даврини — ёшлик чоғларини оловли жанггоҳларда ўтказган Абдусалом ота Раҳмонов ҳам бугун элу юртимиз ардоғида. Айни пайтда Наманган туманининг Малла ҳовуз маҳалласида яшаётган Абдусалом отанинг ҳаёт йўллари ёшлар учун ибрат мактабидир, десак, адашмаймиз. Зеро, урушдан қайтгач, кўп йиллар мобайнида таълим соҳасида фаолият юритган отахон ёшларни маънавиятли ва маърифатли этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшган.

Байрам арафасида туман мутасаддилари ва кенг жамоатчилик вакиллари унинг хонадонига ташриф буюриб, Абдусалом отага махсус сертификат ва пул мукофотини тантанали вазиятда топширдилар.

Умуман олганда, вилоятда Президентимизнинг шу йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар 87 нафар уруш қатнашчиси, 3509 нафар фронт орти ва меҳнат фахрийси, шунингдек, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг оиласига шодлик олиб киради. 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn