Тинч ва фаровон ҳаёт неъмати
  • 01 Май 2014

Тинч ва фаровон ҳаёт неъмати

Сайфи Fаффоров — Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси.Вобкентнинг табаррук нуронийларидан бири. Отахонни доимо невараю чеваралари даврасида кўрасиз. Сўзлари оддий, аммо жўяли. Суҳбати дилтортар. Гурунглашиб ҳаёт, умр мағзини чаққандек бўласиз. Айниқса, тинчлик, осойишталик ҳақидаги гаплари самимийликка йўғрилган.

— Тонг-саҳарлаб туриб, ён-атрофга қаранг, — дейди у. — Дарвозалар олдига сув сепилган, чиннидай тоза қилиб қўйилган. Келинларимиз тандирга ўт қалашган. Эндигина узилган нон иси димоғингизни қитиқлайди. Невараларимиз мактабга бориш тараддудида. Кимдир маъракага, кимдир ишга ошиқаяпти. Ҳар куни соғ-саломат туриб, шу манзарани кўрганга нима етсин?!  Юртбошимизга раҳмат. Биз, уруш қатнашчилари, нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаяптилар. Ҳамиша халқимиз эъзозидамиз. Мана, яқинда давлатимиз раҳбарининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Бу катта эътибор намунаси. Шу кунларга етказганига шукр. 

Уруш кўрган, тинчлик қадрини теран англаган отахоннинг сўзларини тинглаб, ҳар қандай кишининг кўнглидан шукроналик ҳисси кечиши тайин. Дарвоқе, шукроналик...

— Жойларда табаррук ёшдаги отахон ва онахонлардан иборат шукроналик гуруҳлари тузганмиз, — дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими кенгаши раиси, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Юсуф Қурбонов.— Улар нафақат шаҳар ва туман марказлари, балки энг чекка қишлоқларда ҳам бўлиб, шу кунга қадар ёшлар билан  икки минг мартага яқин учрашув, мулоқот, давра суҳбатлари ўтказишди. Нуронийларимиз шу тариқа ёш авлодни истиқлолга садоқат, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялашга ўз ҳиссаларини қўшаяптилар.

Вилоятда айни кунда 200 нафардан зиёд Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, фронт ортида мардонавор меҳнат қилган 3800 нафардан кўпроқ киши, ёши юздан ошган 76 нафар қария бор. Уларнинг барчаси давлат ва жамоатчилик эътиборида. Масалан, “Нуроний” жамғармаси турли ташкилотлар билан ижтимоий шериклик тамойиллари асосида уруш ва меҳнат фахрийларига моддий ёрдам кўрсатмоқда, уларга совға-саломлар улашилаяпти. Кекса ва ногирон инсонларнинг турмуш шароитлари ҳомийлар томонидан яхшиланмоқда. Уруш қатнашчиларининг бир гуруҳи “Ситораи Моҳи Хосса” санаторийсида дам олиб, саломатлигини тиклади. 20 минг нафарга яқин кекса отахон ва онахонлар учун қадимий Бухоро, Самарқанд, Тошкент шаҳарлари  бўйлаб саёҳатлар ташкил этилди. Меҳнат фахрийлари юртимизда истиқлол даврида амалга оширилган бунёдкорлик ишларини ўз кўзлари билан кўрдилар. Бу, табиийки, уларнинг шукроналик гуруҳларидаги фаолияти самарали кечишига ҳам хизмат қилади. Зеро, тинч ва фаровон ҳаётни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, ота-боболаримизнинг эзгу анъаналарини келгуси авлодга етказишга ҳар биримиз масъулмиз.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn