Фавворалар чорлайди бизни
  • 01 Май 2014

Фавворалар чорлайди бизни

Дарёдиллик, бағрикенглик — халқимизга хос азалий фазилат. Аммо фазилатлар осмондан тушмайди. Ота-боболаримиз бағрикенгликни она-заминимиздан, дарёдилликни Аму ва Сирдан, оқкўнгиллилик, ёруғ юзликни тиниқ осмонимиздан олган бўлса, не ажаб?

Пурвиқор тоғларимиз, бепоён қир-адирларимиз бағридан қайнаб чиқаётган зилол чашмалар аждодларимизнинг софлиги ҳақидаги қўшиқлармикан?  Нима бўлганда ҳам биз — мана шу булоқларимиз каби тиниқ тилакли, хуш ниятли халқмиз. Халқимиз қалбидан, Ўзбекистон осмонидан бутун дунёга фақат эзгулик, оқ-оппоқ истаклар, тинчлик таронаси таралади.

Муҳтарам Президентимиз Наврўз табригида “Ўз осмонининг мусаффо бўлишини, тинчлик барқарор бўлган ҳаётни истайдиган халқимиз ўзгаларга ҳам айнан шундай тилакларни раво кўради”, деб таъкидлаган эди.

Ҳазрат Амир Темур бобомиз бунёд этган боғлар ҳақидаги фахру ифтихор ҳамон тилимиздан тушмайди. Зотан, бунёдкорлик ҳам бизларга бобомерос фазилат. Шу боис она-табиатимизнинг беқиёс гўзаллигини, яшиллигини, ирмоқларимиз оҳанги, шалолаларимиз шифосини шаҳарларимиз бағрида ҳам кўришни истаймиз. Бу эзгу ният шахсан давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари, саъй-ҳаракатлари туфайли амалга ошмоқда.

Шу маънода муҳташам пойтахтимиз Тошкент шаҳрида нур сочаётган, дур сочаётган, етти рангда товланаётган фаввораларни халқимиз эзгу ниятларининг оҳангига менгзаш мумкин. Бугун уларнинг ҳар бирида ўзига хос шукуҳ, ўзига хос тарона, ўзига хос гўзаллик ва ором бор.

Қад ростлаётган улкан маданий-маъмурий иншоотлар, истироҳат боғлари, кўркам хиёбонлар халқимиз фароғатини, ёшларимиз жисмоний, маданий камолини ўйлаб бунёд этилаяпти. Улардан унумли фойдалана билиш ҳам ҳар биримиздан масъулият ва эътиборни талаб қилади. Бинобарин, жорий йилдан эътиборан 1 май санасида муаззам пойтахтимиз Тошкент шаҳрида “Фавворалар сайли” ташкил этилмоқда. Бу ўзига хос тинчлик сайли, шукрона сайли, гўзаллик сайли. Зотан, мавжуд гўзалликдан, эзгуликдан баҳра ола билиш киши қалбида хуш ниятлар, янги орзу-умидлар уйғотади.

Ҳар қандай улуғлик, ҳар қандай гўзаллик, айниқса, ҳамюртларининг чеҳрасидаги мамнуният қалам аҳли учун илҳом манбаи. Шу ниятда бир шеър билан азиз ҳамшаҳарларимизни фавворалар сайлига чорлагимиз келди.

 

Қорган каби ширмой ноннинг  зуволасин,

Чертган каби Тошкент чинни пиёласин,

Тинглаб кўринг фавворалар хуш ноласин,

Қилса ҳамки теграсида овворалар,

Шошда сизни асир этгай фавворалар.

 

Эл ишончин бу кўкларга парвозими,

Эл қувончин сувлардаги рақс, нозими,

Энг яхши куй бу сувларнинг овозими?

Етти тепки атлас кийган дилсоралар,

Етти рангда товланади фавворалар.

 

Улар сони қирқ еттига етган бу кун,

Лек довруғи юзлаб элдан ўтган бу кун,

Эл-элатлар бахт жомини тутган бу кун,

Дардларига дармон олур дилпоралар,

Кўҳна Шошда бордир шундай фавворалар.

 

Ҳар фаввора ҳар оҳангда куйлагайдир,

Бири пастроқ, бири баланд бўйлагайдир,

Кўриб турган одам ногоҳ ўйлагайдир,

Баланд тоғда шовулларми шалолалар,

Йўқ-йўқ, дейсиз, бу «шаҳарлик» фавворалар.

 

Мустақиллик майдонининг жилолари,

Ҳурриятнинг сувлардаги садолари,

Бордир юртга уларнинг ҳам вафолари,

Азим Тошкент оқшомида  шароралар,

Йўлингизни куйлаб кутар фавворалар.

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn