Амир Темур сиймосига эҳтиром
  • 11 Апрель 2017

Амир Темур сиймосига эҳтиром

Соҳибқирон Амир Темур ўз даврида энг қудратли давлат барпо этган, илм-фан, маданият ва маънавият ривожига кенг йўл очган, дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк шахсдир. 

Бобокалонимизнинг адолатли жамият барпо этиш, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлашга оид эзгу тамойиллари бугун Ватанимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳаётининг ўзига хос мезонига айланди.

Чунончи, мамлакатимизда миллий давлатчиликни шакллантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, фарзандларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт барпо этиш мақсадига қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятан Амир Темур ўгитларига уйғун. 

Ҳаёти мазмунини “миллатнинг дардига дармон бўлишдан иборат”, деб билган соҳибқироннинг шахси, амалга оширган бетимсол ишлари халқаро миқёсда ҳамон катта қизиқиш билан ўрганилмоқда.

Анъанага мувофиқ, 9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида улуғ бобокалонимиз таваллудининг 681 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда турли вазирлик ҳамда идоралар, жамоат ташкилотлари, олимлар, ижодкорлар, ўқитувчи ва талаба-ёшлар, юртимизга ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққан Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Нозим Ҳабибуллаев, тарих фанлари доктори Шоҳиста Ўлжаева, публицист Бахтиёр Ҳайдаров ва бошқалар соҳибқироннинг ҳаёти ҳамда фаолияти авлодлар учун ибрат эканлигини таъкидладилар. 

Дарҳақиқат, истиқлолнинг илк йиллариданоқ мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида буюк аждодларимиз хотираси ҳамда улар яратган бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш, асраб-авайлаш ҳамда келгуси авлодларга бус-бутун етказиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди.

Кўчалар, майдонлар, хиёбонлар ул зот номи билан аталди. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабзда улуғ саркарданинг ҳайкаллари ўрнатилди. 

1995 йилда Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил этилди. 1996 йил мамлакатимизда “Амир Темур йили” деб эълон қилинди ҳамда пойтахтимизда Темурийлар тарихи Давлат музейи қад ростлади, “Амир Темур” ордени таъсис этилди. Худди ўша йили Тошкент, Самарқанд ва қатор хорижий давлатларда ЮНЕСКО шафелигида соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди.

Яна бир қувонарли жиҳати шундаки, айни пайтда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг барчаси “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисида “Буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: “Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!” деган чуқур маъноли сўзлари ҳар биримиз учун ҳаётий эътиқодга айланиши зарур”, деган эзгу даъвати буюк бобокалонимизга юксак эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.

— Амир Темурнинг навқирон авлод тарбиясида тутган ўрни бениҳоя катта, — дейди Янгийўл тумани Гулбаҳор саноат касб-ҳунар коллежининг тарих фани ўқитувчиси Ҳикматулла Тулибаев. — Соҳибқироннинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш орқали ёшларда миллий ўзликни англаш, юксак маънавият, тарихий-маданий меросга ҳурмат муносабатини мустаҳкамлаш, йигит-қизларни ҳар томонлама ватанпарварлик руҳида тарбиялашга эришилади. Шу нуқтаи назардан, биз ўқувчилар билан мунтазам равишда ушбу муаззам хиёбонга, Темурийлар тарихи Давлат музейига тез-тез келишни одат қилганмиз. 

Тадбирда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари ўзбек ва инглиз тилларида америкалик машҳур шоир Эдгар Аллан Понинг “Буюк Темур” достонидан парча ўқиди. Республика дизайн ва рассомлик коллежи ўқувчилари Амир Темур ва темурийлар давридаги либосларни намойиш қилди. 

Буюк соҳибқирон ҳайкали пойига гуллар қўйилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов иштирок этди.

Шу куни Темурийлар тарихи Давлат музейида “Амир Темур даврида боғ яратиш санъати” деб номланган кўргазма очилди.

* * *

Соҳибқирон таваллудининг 681 йиллиги Самарқанд вилоятида ҳам кенг нишонланди. Хусусан, 9 апрель санасида эрта тонгдан жамоатчилик вакиллари, ёшлар Амир Темур мақбарасини зиёрат қилдилар. Улуғ саркарда ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Самарқанд давлат университети ҳамкорлигида илмий конференция бўлиб ўтди.

Ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талабалар қатнашган мазкур анжуманда Амир Темур давлатчилиги тарихи, унинг дунё фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси, амалга оширган бунёдкорлик ишлари, юртимизда мустақиллик йилларида соҳибқирон сиймосининг тикланиши ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Қадимий ва ҳамиша навқирон Шаҳрисабзда буюк саркарда ҳамда давлат арбоби, соҳибқирон бобомиз таваллудининг 681 йиллигига бағишлаб бир қатор анжуманлар ўтказилди. Шаҳар марказидаги Амир Темур хиёбонида бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси Қашқадарё вилояти бўлими, корхона ва ташкилотлар, ўқув муассасалари вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари қатнашди.

Иштирокчилар дастлаб Оқсарой мажмуасидаги Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Тадбир доирасида вилоят мусиқали драма театри актёрлари томонидан ижро этилган соҳибқирон ҳаётига оид монологлар ва саҳна кўринишлари, Амир Темур номидаги моддий маданият тарихи музейида ташкил қилинган театрлаштирилган мусиқий тадбир барчада катта таассурот қолдирди. 

Амир Темур таваллудининг 681 йиллигига бағишланган тадбирлар Қорақалпоғистон -Республикаси ва бошқа вилоятларда ҳам бўлиб ўтди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ, 

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,  

Аҳад МУҲАММАДИЕВ, 

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Эзгулик тарғиботи Энг содиқ дўст »