Сен борсан — мен борман, биз бормиз, Ватан...
  • 24 Март 2017

Сен борсан — мен борман, биз бормиз, Ватан...

Ажойиб халқимиз бор. Одамлар орасида юриб, гоҳида шундай теша тегмаган фикрлар, таърифларни эшитасизки, беихтиёр завқингиз келади. Ва бу туйқусдан қалбингизда ўзингизга ишонч, янгича тафаккурга интилиш иштиёқини шуълалантиради. Бугун юрт кезиб, ёш-ялангми, кекса отахону онахонми, суҳбатга тортсангиз, улар дилидаги гаплар бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёяётган янгиланишларга дахлдор эканини дарров пайқайсиз. Ана шу якдиллик замирида эса, халқни рози қилиш, бахтли-саодатли ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратишимиз керак, деган улуғ мақсад, хайрли ният барқ уриб турибди.

— Президентимизнинг турли соҳа вакиллари ва халқ билан ўтказаётган учрашувларини кузатиб бораяпмиз, — дейди навоийлик тадбиркор Акбар Бобомуродов. — Ана шу жараёнлар ҳаётга, келажакка бўлган қарашларимизни тубдан ўзгартириб юборди. Қабул қилинаётган фармонлар, қарорлар, фармойишлар, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ҳудудларига амалга ошираётган ташрифлари, қабуллар... Очиғи, оддий одамлар ҳаёти, юрт равнақи йўлида қилинаётган бу эзгу саъй-ҳаракатлар қалбимизда Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаб, фидойилик кўрсатишга ундамоқда. Менга, айниқса, Президентимизнинг Хоразм вилоятига қилган сафари чоғидаги “...Ўттиз-қирқ сотих ер ўнта оилани боқади”, деган сўзлари қаттиқ таъсир қилди. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганларидек, ҳақиқатан ҳам, бугун қишлоқларимиздаги хонадонларда деярли шунчадан ер бор-у, аммо мақсадли фойдаланилмаяпти. Маҳалладошлар билан шу фикр атрофидаги мулоҳазаларимиз баҳсга айланиб кетди. “Олма пиш — оғзимга туш” деб осмонга қараб ётадиган замонлар ўтиб кетди, дейди улардан бири. Дунё кўрган тадбиркор дўстимиз эса Вьетнам шоличилик технологиясини оғзидан бол томиб таърифлайди. “Шундай ўлкалар борки, ҳар қарич ердан насиба олади, баъзи жойларда бир нав экиндан икки-уч карра ҳосил етиштирилади. Улардан нимамиз кам? Ҳамма гап тушунчада, тафаккурда экан-да”, дейди у. Чиндан ҳам, кўпчилигимизнинг табиатимизни лоқайдлик ҳануз тарк этмаган. Дейлик, ўзимизча боғдорчиликка унаб ерга ниҳол суқамиз. Сўнг йиллаб дарахтнинг ҳосилга киришини -кутамиз. Орада унумдор замин ўт босиб ётади. Ваҳолонки, кўчатлар тагига бошқа экинлар экиб, йилига бир неча бор ҳосил олиш мумкин-ку. Буни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Ишимиз юришиб, мўл хирмон кўтарилган тақдирдаям, бир-икки чақирим наридаги бозор “об-ҳаво”сига қараб, даромадимизни хомчўт қиламиз. Замонавий маркетинг, дунё бозори ҳақида-ку умуман ўйламаймиз.

Бугун юртимиздаги ҳар бир шаҳар, қишлоқ ободонлашиб, тобора чирой очмоқда. Бунёд этилаётган иморатлар киши ҳавасини келтиради. Аҳоли учун яратилаётган шароитлар эса одамнинг қалбига чўғ солади. Гарчи, Навоий ёшроқ ва кичикроқ шаҳар бўлса-да, бу ерда ҳам пойтахтдагидек йирик супермаркетлар фаолият кўрсатади. Уларга кириб айлансангиз, юртимиздаги файзиёбликдан кўнглингиз тоғдек юксалади. Дўконда цитрус мевалардан тортиб, қирмизи олмаю нок, шафтолию олхўри ва ҳатто, эрта баҳор бўлишига қарамай, ишкомдан ҳозиргина узилгандек ярқираб турган узумгача бор. Фақат -асосий қисми — четники. Еб кўрсангиз, маза-матраси йўқ. Нархи эса осмонда. Бу, ҳали айтганимиз — замонавий маркетинг самараси. Нафсиламрини айтганда, ўзимизнинг тотли мева-чевага етадигани йўқ. Буни юртимизга ташриф буюрувчи хорижликлар ҳам кўп ва хўп эътироф этишган. Кўрган бўлсангиз, Европада одамлар қовунга шакар сепиб ейишади. Бизда эса унинг тилими тилни ёради. Муаммо — ҳудудимизда ўралашиб қолганимизда, маррани узоқроқ ололмаётганимизда. 

Тўғри, илгари четга чиқиш, ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқа қилишда баъзи қийинчиликлар, тушунмовчиликлар бўлганлиги бор гап. Маблағ масаласи ҳам оёқдан олиб турарди. Бироқ бугун давлатнинг ўзи барча имкониятни яратиб бераётир. Мева--чеваю полиз маҳсулотларимизнинг экспортини ташкиллаштирувчи тизим шакллантирилди. Сармоя ташвишини ҳам давлат ўз зиммасига олди. Ўйлаб кўринг, қайси замонда ва қаерда масъул идоралар вакиллари эшикма-эшик юриб “Кредит олинг, мана бу соҳа бўйича бизнес юритсангиз, бунча даромад қиласиз”, дея илтифот кўрсатган... Заминимиз бебаҳо. Чўпни тиқсанг, кўкаради. Фақат меҳнат қилиш, кўламни кенгроқ олаверишимиз, тафаккуримиз, дунёқарашимизни ўзгартиришимиз керак экан!

— Истагу интилиш аввал ҳам бор эдию ўзимизга ишонч сустроқ эди-да, — дейди паркентлик тадбиркор Неъмат Гулметов. — Тўғриси, кунимиз ўтаяпти-ку, деб юраверганмиз. Ҳозир биласизми, нимани режа қилаяпман? Ерларимиз лалми, сув чиқариш қийин. Ёмғир кўп тушиши сабабли зах меъёрдагидан анча баланд бўлади. Бу йил эллик гектар ерни ўзлаштириб, қайрағоч кўчатларини қадамоқчиман. У сувга чидамли дарахт. Ҳаш-паш дегунча ўрмонга айланади. Дарахтлар тагига эса маймунжон билан қорағат (смородина) экаман. Боғ этагида асалари, чорва, парранда парваришлашни мўлжаллаганман. Ўт-ўлан шу ернинг ўзидан чиқади. Ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиб қўйдим. Эллик гектар ўрмон бўлса, ёғоч ҳам шундан, асал, гўшт, сут-қаймоқ, тухум ҳам -шундан. Етти хазина эмасми бу?..

 — Президентимиз сафарлари чоғида қаерларга боришлари ва нималарга эътибор қилишларига, албатта, диққат қаратаман, — дейди кўпни кўрган устозларимиздан бири Шуҳрат ака Каримов. — У кишининг мевани қайта ишлаш, балиқчилик, боғдорчилик тармоқлари ҳамда йирик ва илғор технологияларга асосланган объектлар билан танишувидан кўзланган мақсад замирида барчамизга, мана кўринглар, мулоҳаза қилинг-лар, деган ишора бордек, назаримда. Ҳеч ўйлаб кўрдикми, мисол учун, давлатимиз -раҳбари ташриф буюрган гидроэлектр станциялари, цемент, трансформатор заводи каби корхоналар нима учун барпо этилаяпти? Ички эҳтиёжимизни қондириш учун, дейди биров. Бир қарашда шундай. Бироқ узоқни кўзлаш дегани шуки, маҳаллийлаштирилган ўша ускуналар яқин келажакда экспорт ҳам қилинади. Кечагина оддий симни ташқаридан олиб келган юртимиз, дейлик, халқ хўжалиги учун зарур бўлган технологик ускунани экспорт қилади. Ўзбекистонимизда ишлаб чиқарилган маҳсулот дунёга чиқса, унга эришиш учун харидорлар пешма-пеш навбатда туришса, бу, албатта, ҳаммамизни руҳлантиради, фахрлантиради.    

Эсингизда бўлса, бир пайтлар Ўзбекистон аграр республика, дея кўп такрорланаверганидан, ҳатто, ўзимиз ҳам шунга ишониб, биз фақат экин-тикингагина яраймиз-да, деб кўникиб қолгандик. Бугун эса юртимиз дунёнинг энг саноатлашган давлатлари қаторидан ўрин олмоқда. Барча тармоқ ва соҳага илғор технологиялар жорий қилинаяпти. 

— Албатта, барча соҳа — иқтисодиётда ҳам, муҳандислик, мелиорация, оғир ҳамда енгил саноатда ҳам, фармацевтика, тиббиётда ҳам замонавий билим ва тафаккурга эҳтиёж ҳар қачонгидан-да катта, — дейди ёш академик олим 

И. Абдураҳмонов. — Нимага десангиз, замон шиддат билан ривожланмоқда. Бир зум чалғисангиз, ортда қолишингиз аниқ. Қувонарлиси, мамлакатимизда илм-фаннинг барча жабҳаси илдам ривожланаяпти. Хусусан, бизнинг Геномика ва биоинформатика марказимиз ҳам энг сўнгги русумдаги илмий тадқиқот ускуналари билан жиҳозланган. Кечагидек эсимда, муассасамизнинг фаолият бошлашида Президентимиз Шавкат -Мирзиёев кўп тер тўккан, бизга керакли маслаҳатларни берган эдилар. Шу боис ҳам қисқа муддат ичида бир қанча янги навлар яратишга муваффақ бўлдик. Ёшларимиз -дунёнинг энг илғор мамлакатларида тажриба алмашиб қайтишди. Тадқиқотларимиз жаҳон илмий марказларида эътироф этилди. Ўтган давр мобайнида ғўзанинг янги, касалликларга анча чидамли, эртапишар ва толасининг узунлиги билан устун навини яратдик. Совуққа чидамли узум ҳамда анор навлари устида изланишларимиз ниҳоясига етиб қолди. Давлатимиз раҳбари ўртага ташлаётган масалалар, албатта, барчамизни фикрлашга чорламоқда. Эътибор берган бўлсангиз, у киши ҳар бир чиқишида тафаккур ва дунёқарашимизни ўзгартиришимиз керак, дея куйиниб гапирмоқда. Эскича қараш билан турмушни фаровон этиб бўлмаслигини уқтираяпти. Барчамизни қуришга, яратишга ва -пировардида бахтиёр яшашга даъват этмоқда. Бунинг учун юртимизда барча асос -яратилган. Бир эсга олинг, мустақиллигимизнинг илк йилларида фарзандларимиз чет мамлакатларнинг илғор ўқув даргоҳларига таълим олишга юборилган бўлса, энди ўша муассасалар — Вестминстер, Инҳа, Турин, Сингапур университетларию институтлари бугун юртимизда ўғил-қизларимизга келажак технологияларидан таълим бермоқда. -Бундан кўзланган мақсад эса аниқ: замонавий фикрлайдиган, илғор техника билан тиллаша оладиган авлодни шакллантириш. 

Дарҳақиқат, айни пайтда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан навқирон авлод вакилларини Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам эътирофга сазовор. Муҳими, бундай ўзгаришлар нафақат юртдошларимиз, балки дунё аҳлини ҳам бефарқ қолдираётгани йўқ. Улар Ўзбекистонда кейинги қисқа даврда амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо беришаяпти. 

Кристофер Форт — АҚШлик таниқли тадқиқотчи. Унинг Ўзбекистон билан боғлиқ хотиралари, таассуротларининг миқёси кенг. Мамлакатимизда бўлиб, бир муддат шу -ердаги янгиланишлар жараёни билан бевосита танишган.

— Ўзбекистон мени ўзига маҳлиё қилди, — дейди у. — Юртингизда амалга оширилаётган ислоҳотларни кузатдим. Барча соҳада ўсиш суръатлари қайд этилмоқда. Айниқса, ўлкангизда маънавиятга эътибор ҳавас қиларли даражада. Бундан ҳар қанча ибрат олса, арзийди. 

— Мен Ўзбекистонда бўлмаганман, бироқ бу ажойиб ўлка билан устозим, Нобель мукофоти лауреати Хорхе Луис Борхес асарлари орқали яхши танишман, — деб ёзади Буэнос-Айресда яшовчи ёзувчи Виктория Касарес. — Дунё тобора маънавий таназзул ботқоғига ботиб бораётган бир даврда Ўзбекистонда маънавиятга эътиборнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани таҳсинга лойиқ. 

Молдовалик ёзувчи Олеся Рудягинанинг сўзлари ҳам ҳар биримизни чуқур мушоҳадага чорлаши баробарида, юртимизда бошланган эзгу ишлардан фахрланиш ҳиссини уйғотади. 

— Бугун дунёда китоб ўқиш даражаси жуда суст, — деб ёзади у. — Айниқса, глобаллашув жараёнлари, кейинги йилларда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар одамларни тирикчилик ташвишларига кўмиб ташламоқда. Шундай бир вазиятда мамлакатингизда китоб, китобхонлик тарғиботи йўлида ниҳоятда хайрли саъй-ҳаракатлар бошлангани, ҳатто, бу масалада давлат миқёсида махсус фармойиш эълон қилинганини эшитиб, ҳавасим келди. Бу халқнинг, мамлакатнинг ёрқин келажаги йўлидаги яна бир олижаноб ишдир. 

Албатта, бундай эътирофлар юртдошларимиз қалбига чексиз ғурур ва мамнуният бахш этади. Зеро, бу эл, бу юрт — барчамизники. Ривожи, равнақи ҳаммамизнинг бахту иқболимиздир. Шоир айтганидек:

Сен борсан — мен борман,

Биз бормиз, Ватан…

Исажон СУЛТОН,

ёзувчи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn