Габриэль Пиричка: «Ўзбекистон буюк олим ва мутафаккирларнинг Ватанидир»
  • 30 Апрель 2014

Габриэль Пиричка: «Ўзбекистон буюк олим ва мутафаккирларнинг Ватанидир»

2014 йил 15-16 май кунлари Самарқандда ўтказиладиган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро илмий конференциянинг иштирокчилари ҳозирданоқ анжуман ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашмоқда.

Словакиядаги Ориенталистика жамиятининг раиси, Словакия Фанлар академиясининг Ориенталистика институти доктори Габриэль Пиричка “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан бўлиб ўтган суҳбат чоғида қуйидагиларни айтди:

— Ўзбекистон башарият цивилизацияси тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшган буюк олим ва мутафаккирларнинг Ватани ҳисобланади.  

Табиий фанлар соҳасидаги энг машҳур аллома — Абу Али ибн Синонинг асарлари Словакияда шарқшуносликнинг асосчиси профессор Ян Бакош (1890-1967) томонидан француз тилига ўгирилган. 500 йилдан зиёд давр мобайнида Европа ва Осиёда табобат илми Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” номли фундаментал асари асосида ўқитилган. Ҳар йили ЮНЕСКО томонидан илм-фандаги одоб-ахлоқ бўйича Ибн Сино мукофотининг берилиши бежиз эмас.

Биз яна бир буюк мутафаккирни, ҳадисларнинг улуғ билимдони — Имом Бухорийни ҳам биламиз. 1997 йили алломанинг юбилейи ЮНЕСКО томонидан нишонланган эди. Имом Бухорий мероси юксак ҳурмат қозонгани ҳолда бутун мусулмон дунёсида ва унинг ташқарисида ҳам жуда катта эъзоз топган. Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” тўплами унга жуда катта машҳурлик олиб келган. Бу тўплам тўласинча ёки қисман дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган,  унга жуда кўп шарҳлар ёзилган.   

Ўзбек халқининг буюк аждодлари мероси ҳақида фикр юритганимда, мен бу мероснинг турли илмий соҳаларни ўз ичига оладиган қамрови кенглигига доим қойил қоламан. Амир Темурнинг набираси, астроном ва математик Мирзо Улуғбек бунинг яққол мисоли бўла олади. 

У тригонометрия ва сферик геометрия жабҳасида улкан истеъдод соҳиби бўлган. Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси ҳозиргача унинг ақл-заковати ва юксак билимларини эслатиб туради.

У ўз даврининг машҳур академиясига ҳам асос солган. Улуғбекнинг вафотидан кейин ҳам бу ерда таниқли тадқиқотчилар илмий фаолият олиб боришган. Fарблик Тихо Браге, Николай Коперник, Иоганн Кеплер ва Томас Хайд сингари олимлар Улуғбек асарларидан ўз тадқиқотлари учун кўплаб фойдали маълумотларни олганлар.

Ўн олти йиллик танаффусдан сўнг халқаро илмий конференцияда иштирок этиш учун эртакмонанд Самарқанд шаҳрига яна бораётганим мени ниҳоятда қувонтирди. Сафарим чоғида Ўзбекистон тараққиётига бевосита гувоҳ бўлиш ва юз берган ўзгаришларни баҳолаш имконига эга бўламан, деб умид қиламан.

Яқинлашиб келаётган анжуман ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий меросини ўрганиш, бу борада қизиқарли фикрлар алмашиш учун самарали мулоқот майдони сифатида хизмат қилиши шубҳасиздир. У турли мамлакатлар ва ўқув муассасалари олимлари ўртасида янгидан-янги алоқалар ўрнатиш имконини ҳам беради.  

«Жаҳон» АА.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Миллий достончилик мактаби «Меҳр қолур...» »