Абадиятга дахлдор мерос
  • 29 Апрель 2014

Абадиятга дахлдор мерос

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида халқаро илмий конференция ўтказилади.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 апрелдаги Фармойишига мувофиқ ташкил этилаётган мазкур анжуманда дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан олимлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва илмий марказлар вакиллари қатнашиши кутилмоқда.
Айни пайтда Самарқандда ушбу халқаро анжуманга қизғин ҳозирлик кўрилаяпти. Ҳудуддаги олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот институтлари олимлари томонидан дунё цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган аждодларимиз меросини ўрганиш юзасидан олиб борилаётган ишлар таҳлил этилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Археология институти олим ва мутахассислари ҳам ўзларининг бу борадаги илмий изланишларидан кенг жамоатчиликни хабардор этмоқда.
Ушбу нуфузли анжуманнинг юртимизда ўтказилиши бежиз эмас. Зеро, Ватанимиз ҳудудида илм-фан, санъат ва маданият қадим-қадимдан шаклланган. Аждодларимиз бундан уч минг йиллар илгари ҳозирги замонавий илм-фаннинг илк пойдеворини қўйган ва ривожлантирган. Шунинг учун ҳам ўрта асрларда ўарбда “Нур Шарқдан таралади” деган ибора пайдо бўлган.
Археологик ва тарихий тадқиқотларнинг кўрсатишича, илм-фан дастлаб ибодатхоналар ва ҳукмдорларнинг саройларида шаклланган. Ибодатхоналарнинг хизматчилари ва коҳинлар диний маросимларни мукаммал ҳамда ўз вақтида ўтказиш учун астрономия, фалсафа, мусиқани яхши билганлар. “Авесто” китобининг бундан 2700 йиллар илгари бизнинг Ватанимизда, аждодларимиз томонидан яратилганлиги ҳам юқоридаги фикрни тасдиқлайди.
1370 йили Соҳибқирон Амир Темур Мовароуннаҳр ҳукмдори бўлгач, бу ўлкада илм-фан янада тараққий этган. Ер юзининг тўрт томонидан илм ахтарган одамлар Самарқандга кела бошлаганлар. Амир Темурдан кейин унинг ишларини набираси Мирзо Улуғбек давом эттирди. Мирзо Улуғбек Самарқандда расадхона ва мадрасалар барпо қилди ҳамда “Самарқанд академияси”ни яратди. Мирзо Улуғбек даврида кўҳна шаҳар дунёнинг илм-фан марказига айланди. Бу муаззам заминда юзлаб олиму уламолар илм-фаннинг турли соҳаларида ижод қилдилар. Тарихий манбаларда айтилишича, Абу Райҳон Беруний 154 та асар ёзган. Улардан то бизгача фақат 24 таси етиб келган. Бу мисолни Абу Али ибн Сино, Абу Наср Форобий, Аҳмад ал-Фарғоний, Имом ал-Бухорий каби улуғ алломаларимизнинг меросларига нисбатан ҳам айтишимиз мумкин.
Марказий Осиёда тиббиёт илмининг ривожланиши ҳам чуқур илдизларга бориб тақалади. Бунда Марказий Осиёнинг Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашганлигининг аҳамияти каттадир. Чунки Буюк Ипак йўли халқларнинг ўзаро маданий алоқаларига ҳам имкон яратган. У орқали Марказий осиёлик олимлар Қадимги Хитой, Ҳиндистон, Юнонистон, Рим тиббиёти қўлга киритган ютуқлар билан танишиш имконига эга бўлган. Айниқса, ўрта асрларда Буюк Ипак йўлида Мовароуннаҳрнинг устувор мавқе касб этиши Сўғд илм-фанининг, жумладан, тиббиёт илмининг ривожланишига омил бўлган. Шу даврдан тиббиёт илми билан бевосита боғлиқ фармацевтика соҳаси ҳам шакллана бошлаган. Бу даврга келиб Марказий Осиё шаҳарларида махсус дорихона ва шифохоналар мавжуд бўлганлиги Пойкентда олиб борилган қазишмалар давомида тасдиқланган.
Айтишларича, Бухоро ҳукмдори Нуҳ ибн Мансур хавфли касалликка дучор бўлганда, ёш табиб Ибн Сино уни даволайди. Бунинг эвазига эса шоҳдан сарой кутубхонасидан фойдаланишга рухсат беришинигина сўрайди, холос. Уни тиббиёт илмида дунёга машҳур қилган асари — “Тиб қонунлари” беш томдан иборат бўлган. Асарнинг аҳамияти шунчалик юқори эдики, аллома китоби узоқ асрлар давомида Европа университетларидаги тиббиёт факультетларида асосий қўлланма вазифасини бажарган.
Ибн Сино фақат тиб илмидагина эмас, балки фалсафа, астрономия, кимё, физика, география, мусиқа ва адабиёт соҳаларида ҳам самарали ижод қилган. Ҳозиргача унинг бу илм соҳаларида яратган 300 дан ортиқ илмий асарлари аниқланган.
Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан буюк аждодларимиз бой илмий меросини ўрганиш, уларнинг хотираларини тиклаш ва абадийлаштиришга киришилди. Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Абу Мансур Мотуридий,
Ҳаким ат-Термизий, Бурҳониддин Марғиноний, Мирзо Улуғбек каби улуғ аждодларимизнинг таваллуд айёмлари нишонланди.
Тарихий манбаларда Имом Мотуридий Самарқанддаги машҳур Чокардиза қабристонига дафн этилганлиги таъкидлаб ўтилган. Ушбу қабристон ўрни ҳозирги Регистон майдонининг шарқий томонида жойлашган бўлиб, ўтган асрнинг 40-50-йилларида қабристон бутунлай йўқ қилиниб, ўрнига ҳовли-жойлар қурилган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 декабрдаги қарорига биноан, 2000 йилда алломанинг 1130 йиллик таваллуд санасини нишонлаш муносабати билан институтимиз олимлари Чокардиза қабристонида қазишмалар олиб борди. Натижада қабристоннинг умумий майдони 4,5 гектар, маданий қатламининг қалинлиги эса 6-7 метрга етиши аниқланди. Тадқиқотлар давомида Имом Мотуридий қабри ёнида XI асрларда бунёд қилинган ва кейинги асрларда қайта қурилган масжиднинг пойдевори топилди. Шу пойдевор асосида Имом Мотуридийнинг қабри аниқланди.
Қабртошлардаги ёзувлар,  ёдгорликда қайд этилган бошқа қабртош-қайроқларнинг мутахассислар томонидан ўрганилиши Х-ХIII асрларда Самарқандда яшаб ижод қилган, номлари ҳали бизга маълум бўлмаган кўплаб алломаларнинг шахсиятини аниқлаш имконини берди.
2000 йилда юртимизда яна бир улуғ аллома — Бурҳониддин Марғиноний хотирасига чуқур эҳтиром сифатида унинг 910 йиллик юбилейи тантаналари халқаро миқёсда нишонланди. Алломанинг асарлари, ҳаёти, ижоди кенг кўламда тадқиқ этилди. Марғиноний 1118 йилда Фарғона водийсидаги Риштон қишлоғида таваллуд топган. Манбаларда қайд этилишича, у ҳам Самарқанд шаҳрининг Чокардиза қабристонига дафн этилган.
Марғиноний дастлабки сабоқни Марғилонда олган бўлиб, манбаларда Марғиноний Марғилоннинг Пирсиддиқ маҳалласида 13 йил яшаганлиги ва шу ерда ўзининг машҳур “Ҳидоя” китобининг биринчи қисмини ёзиб тугатганлиги қайд этилади. Кейинчалик у Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги маданий ва маърифий марказларидан бўлган Самарқандга кўчиб бориб, истиқомат қилган ва илмий фаолият юритган.
Хулоса ўрнида айтишимиз лозимки, юртимизда илм-фан бундан уч минг йиллар илгари шаклланган. Аждодларимиз қомусий олимлар бўлиб, улар бир вақтнинг ўзида математика, астрономия, геодезия, география, тарих, арифметика, фармакология, тиббиёт, фалсафа ва тилшунослик илмлари билан ҳам шуғулланганлар. Мустақиллик туфайли юртимизда туғилиб, илмий мероси жаҳон узра довруқ қозонган буюк аждодларимиз номлари тикланмоқда. 2014 йилнинг 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтадиган халқаро илмий конференция эса улуғ аждодларимизнинг ана шундай бой маънавий мероси аҳамиятини яна бир карра англаш имконини беради.

Амриддин БЕРДИМУРОДОВ,
ЎзР ФА Археология институти директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn