«Агар бўлса бу йўлда умрим талаф»
  • 07 Февраль 2017

«Агар бўлса бу йўлда умрим талаф»

Ҳазрат Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” асарида 450 дан ортиқ адиблар ҳақида сўз юритилган. Маълумотларга қараганда, шоир яшаган даврда Ҳиротда тўрт мингга яқин ижодкор бўлиб, уларнинг қарийб барчаси Навоийнинг шогирди, унинг ҳимоясида ижод қилганлар. Шоир адиб, санъаткор, рассом, ҳунармандларга шароит яратиш, уларни моддий таъминлашни ўз зиммасига олган.

Улуғ мутафаккир ёшларнинг камол топишида, энг аввало, илм соҳиби бўлиш ва тинимсиз меҳнат қилиш орқали юксак мақсадларга эришиш мумкинлигини билдиради. Бироқ буларнинг барчасига инсон ўзининг тинимсиз ҳаракати, ижодкорлиги, қадриятларга молик манбаларни узлуксиз ўрганиш, ҳаётда албатта устоз — йўл бошловчини танлаш ҳамда унинг ўгитларига астойдил амал қилиш, тажрибадан ўрганиб, мақсад сари интилиш орқали муродига етиши мумкинлигини таъкидлаган:

Урармен қадам токи боргунча гом,

Ки бўлғай муяссар менга ушбу ком.

Агар бўлса бу йўлда умрим талаф,

Чу бу йўлдадур ул ҳам эрур шараф.

Ва агар бўлсам ўз комима баҳраманд,

Зиҳи мулки жовиду бахти баланд.

Хушо улки, оламда гар чекти ранж,

Яна олам асбобига топти ганж.

Алишер Навоий асарларини мутолаа этар эканмиз, барчасида шахс фаолияти унинг ахлоқи билан бир бутунликда таҳлил этилганлигини, асосан, ахлоқ ижод мазмунини, ижод шахс ахлоқини белгилаганига гувоҳ бўламиз. Айниқса, адибнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида инсонни тарбиялаш, уни турли кўчалардан омон олиб чиқиш ва имкон қадар унда юксак инсоний фазилатларни мужассамлаштириш мақсад этилганки, бу, ўз навбатида, давр ижодкори ва унинг ахлоқи масалаларига ҳам бевосита боғлиқдир. 

Навоийнинг адиб ижоди ва ахлоқига бўлган муносабатининг ёрқин мисолини биз Камолиддин Ҳусайн сиймосида кўрамиз. Навоий Камолиддин Ҳусайннинг давлат, бойлик баҳридан кечиб илм ўрганиш учун Ҳиротга келишини унинг ижобий хислати, деб билади. Айни пайтда унинг бадиий ижод билан чекланмай, Хожа Абдулло Ансорийнинг машҳур асарига шарҳ ҳам ёзганлигини ижоддаги заҳмати сирасига киритади ва Камолиддиннинг рисоласи борлиги, унинг бу асари “фазойил ва камолоти”нинг белгиси эканлигини таъкидлайди. Лекин Камолиддиннинг ўта дарвешлиги ва камтарликни унутиб қўйиши Навоийга маъқул бўлмайди.

Улуғ шоир ижодида шахс жамиятнинг қайси табақасига мансублигидан қатъи назар, унда комил инсон хусусиятларини сингдириш, юксак хислатларни кўриш асос бўлган. Навоий Ҳусайн Бойқаро ва унинг тўнғич ўғли Бадиуззамон Мирзо ўртасидаги низоларни бартараф этиш учун юксак ахлоқли кишиларни мисол келтириб, давр ёшларини тарбиялашга интилган. 

Бунинг ёрқин мисолини адибнинг икки ҳамзамони — Паҳлавон Муҳаммад ва Саййид Ҳасан Ардашер шахсиятига бўлган муносабатида яққол кўришимиз мумкин. Навоий томонидан бу икки шахснинг тасвири, бемалол айтиш мумкинки, ўша даврдаги ёшларга ибрат сифатида тақдим этилган. Агар Навоий Паҳлавон Муҳаммад шахсиятида замонасининг энг зукко, ижоди серқирра, қомусий билим кишисини тасвирлаган бўлса, Саййид Ҳасан шахсиятида кўпроқ инсонийлик хусусиятлари мужассам бўлган кишини кўради. Навоий ёзади: “Адаб ва ҳилм тавозўъ ва ҳаё зотлариға ғолиб эрмишким, ...мажлис аҳлининг кўпидин яхшироқ билур эркандурлар, ҳам ҳаё ва ҳам адаб жиҳатидин, ҳам бировга илзом ва хижолат етмасун деб, кўп сўз айтмас эрмишлар, балки кўп мажолисда такаллум ҳам қилмас эрмишлар”.

Улуғ Навоийнинг мазкур қарашлари бугунги кунда ҳам ёшларимизга умуминсоний хусусиятларни сингдиришда ахлоқ ва меҳнат юксак шахсий фазилатлар билан уйғунлашса, кишига обрў келтириши мумкинлигига ишонч ҳосил қилишимизга ундайди.

Ҳасан ҚУДРАТУЛЛАЕВ,

филология фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn