Обод Ватан, озод халқ хотирасида мангу яшамоқ саодати
  • 01 Февраль 2017

Обод Ватан, озод халқ хотирасида мангу яшамоқ саодати

Истиқлолимиз меъмори, буюк давлат ҳамда сиёсат арбоби Ислом Каримовдан халқимизга озод ва обод Ватан қолди. Юртбошимизнинг беқиёс хизматлари боис Ўзбекистонимизни дунё таниди, тан олди. Бугун Биринчи Президентимизнинг сўнмас хотираси қалбларимизда ватанпарварлик, фидойилик, ғайрат-шижоат, мардлик, олижаноблик, эзгулик нурларини сочиб турибди.

Таҳририятимизга келаётган, юртдошларимизнинг дил сўзлари ифода этилган мактублар оқими буни тасдиқлайди. Хатларда Биринчи Президентимизнинг юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида амалга оширган улуғ меҳнати эҳтиром билан ёдга олинади, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Ислом Каримов номини абадийлаштириш тўғрисидаги қарор қабул қилингани алоҳида мамнуният ила таъкидланади. 

“Тақдир экан, ота-онасиз улғайдим, — деб ёзади Фарғона шаҳрида яшовчи Муҳаммаджон Аҳмаджонов ўз хатида. — Лекин ҳамиша Биринчи Президентимизнинг оталарча меҳри кемтик кўнглимга малҳам бўлди. Кўксим ишончга тўлди, ўзимни сира ёлғиз сезмадим. Юртбошимиз мен сингари кўплаб юртдошларимизга доимо ғамхўр бўлдилар. Ҳар қадамда қўллаб-қувватлашларини ҳис этиб яшадим. Бугун жамиятнинг тўлақонли аъзосиман. Билимим, касбим, ҳунарим бор. Олдимга катта мақсадлар қўйганман. Бироқ отамиздек қадрдон инсон энди орамизда йўқ. У киши ўз номини абадиятга муҳрлаб кетди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бир қатор шаҳарларимизда Ислом Каримовнинг ҳайкаллари ўрнатилиши, вилоятимиз марказидаги Санъат саройига, марказий кўчаларимиздан бирига улуғ Йўлбошчимиз номи берилишидан қувондик. Бу эзгуликнинг мангу яшашидан далолатдир”.

Андижон вилояти, Олтинкўл тумани, Иттифоқ маҳалласида истиқомат қилувчи Нигора Нисолбоеванинг мактуби шундай бошланади: 

“Биринчи Президентимиз оналарни эъзозлаб, ҳурмати ва эҳтиромига атаб ҳайкал қўйди. Айтинг, қайси замонда аёл зоти бу қадар улуғланган?! Собиқ тузум даврида ҳаётнинг машаққатлари, оғир синовларига дош беролмай ўзига ўт қўйган муштипарларни кўрганмиз. Истиқлол бизга эрк берди. Рўшнолик берди. Бугун эртанги кунимиздан кўнглимиз тўқ. Фар-зандларимиз келажагини ўйлаб хавотирга тушмаймиз. Буларнинг барчаси учун Биринчи Президентимиздан тоабад миннатдормиз”.

Сурхондарё вилояти, Денов тумани, Боботоғ маҳалласида яшовчи Абдусалом Юзбоевдан келган мактубдаги самимият кишини бефарқ қолдирмайди: 

“Биз Ватанни қадрлашни, Ватанни севишни, фидойиликни Юртбошимиз Ислом Каримовдан ўргандик. У киши ҳаётини мамлакатимиз учун бағишлади. Шу юрт, шу халқ дарди билан яшади, Ўзбекистон деган улуғ бир маконни ёруғ кунларга олиб чиқди... Биз бахтли одамлармиз: шундай инсонга замондош бўлдик!

Биз у киши тимсолида бемисл, оғир жудоликка учрадик. Аммо жипслигимизни, бирдамлигимизни йўқотмадик. Халқимиз бир тану бир жон бўлиб, улуғ раҳнамоси бошлаб берган эзгу ишларни бугун ҳам давом эттирмоқда. Чунки у кишининг ғоялари, ўгитлари барҳаётдир”.

Чироқчи туманидаги 56-мактаб ходими Абдимўмин Бекмирзаев мамлакатимиз етакчиси Қашқадарёга раҳбар этиб тайинланган палладаги нозик бир вазиятни эсларкан, Биринчи Президентимизга бўлган эҳтиромини шундай ифода этади: 

“Адолат топталган жойда одамларнинг ҳамма нарсадан ҳафсаласи пир бўлади. Шундай вазиятда Ислом Каримов, аввало, халқнинг кайфиятини кўтара олди. Уларда эртанги кунга умид уйғотди. “Пахта иши” деган туҳмату маломат билан қамоққа ташланган кўплаб бегуноҳ кишиларни оиласи бағрига қайтарди. Бугун — Қашқадарёмиз гуллаб-яшнаётган гўша. Юртимизнинг йирик саноат марказларидан бири. Ана шу бўстон бағрида, Қарши шаҳрида Биринчи Президентимиз ҳайкали ўрнатилишидан барчамиз мамнун бўлдик. Негаки, келгуси авлодлар бу масканни зиёрат қилиш асносида мустақил Ўзбекистонимизнинг янги тарихини яратган улуғ сиймо хотирасига доимо таъзим бажо келтирадилар”.

Хотира... Кўнгилга таскин, руҳга қувват беради. Зеро, инсон хотираси билан мукаррам. Самимий туйғуларнинг соғинч ва эъзоз билан муштарак ҳолдаги ифодаси кўпинча шеърга айланади. Юртбошимизни ёд этиб ёзилган хатлар орасида -муаллифларнинг шеърий кечинмалари ҳам талайгина. Фарғона тумани давлат солиқ инспекциясида меҳнат қилаётган Роҳатой Назированинг 

“...Сизсиз қарши олмоқдамиз

Етмиш тўққиз ёшингизни...”

сингари дардли сатрлари, айниқса, газетхон қалбидан жой олади.

Наманган вилояти, Янгиқўрғон тумани, Мамай қишлоғида яшовчи юртдошимиз Тўлқин Қўзибоев қалбидаги меҳру эҳтиромни: 

“Самарқандга етганим ҳамон,

Юртбошимиз пойига чўкдим...” дея изҳор этса, шовотлик Йўлдош Эшжоновнинг дил туғёнлари бир ўзбек фарзанди сифатида нурли келажакка чорловдек жаранглайди: 

“Номингизни қалбимизда сақлагаймиз,

Буюк ўзбек деган номни оқлагаймиз...”

Навоий кон-металлургия комбинати Шимолий кон бошқармаси оператори Лобар Худойбердиеванинг Биринчи Президентимизни хотирлаб ёзган мисралари ҳам эътиборни тортади:

“Лол қолади ким келса бу бўстонга,

Ҳавас қилар дунё Ўзбекистонга,

Таъзимдамиз мудом буюк сарбонга,

Бизлар сизга мангу издош, Отажон...” 

Бу сингари сатрларга муҳрланган кўнгил изҳорлари юртимизнинг турли манзилларидан келган мактубларда ҳам мужассамдир. Бунга Абдуғани Сулаймон, Раҳматулло Шоҳимардонов, Саидолимжон Хатамов, Қурбон Муҳаммадризо сингари юртдошларимиздан келган хатларда ҳам яна бир бор амин бўламиз. Уларнинг ҳар бирида мустақиллигимиз асосчиси Ислом Каримовнинг номи ғурур ва ифтихор ила эътироф этилади. Асрларга татигулик ишлари шукроналик билан ёдга олинади. Ўз навбатида, Ислом Каримовнинг издоши, мамлакатимизнинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёев бошлаган изчил ислоҳотларга юксак ишонч билдирилади. 

“Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, деган улуғ даъватга халқимизни чорлаб, умрининг сўнгги лаҳзаларигача Ватан ва халқ манфаатлари учун фидойилик намунасини кўрсатган улуғ Ислом Каримов хотираси қалбимизда абадий яшаб қолаверади.

Фаррух БЎТАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn