«Озод ҳамда обод бир Ватан қолгай»
  • 28 Январь 2017

«Озод ҳамда обод бир Ватан қолгай»

Халқимизнинг мустабид тузум тазйиқларидан тинка-мадори қуриб, эртанги кунга ишончи умуман қолмаган бир пайтда унинг буюк истиқбол саҳифаларини жасоратларга тўлдириб бир куч тарих саҳнасига чиқди.

Мен бугун ўша таҳликали йилларда метин ирода, шахсий қаҳрамонлик ва донолик тимсоли бўлган инсон ҳаётининг айрим парчаларига тўхталмоқчиман.
Ислом Абдуғаниевич Каримов 1989 йилнинг 23 июнида Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари бўлган куннинг эртасигаёқ Вазирлар Кенгашининг мажлисида “Биз бундан буён эскича яшай олмаймиз ва бундай яшашга замоннинг ўзи йўл қўймайди”, деган маъруза билан чиқиш қилди. Бир ўйлаб кўринг-а: биринчи раҳбар бўлиб сайланган куннинг эртасига “ерни деҳқонлар ихтиёрига берадиган тадбирлар жорий этиш...”, “пахта яккаҳокимлиги” каби сўзларни ким дадил айта оларди? Бунинг учун инсонда буюк қалб, мустаҳкам ирода, ўзига нисбатан қатъий ишонч бўлиши керак. Бу сўзлар Ислом Каримовнинг юрагида қайнаб-пишиб тўпланган эди.
Шу ўринда Ислом Абдуғаниевичнинг Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифлари беихтиёр эсимга тушади.
У пайтларда Орол денгизининг асосий қисми қуриб, чўлга айланган, Амударё суви тортилиб, халқ табиат сиқувидан чарчаган, элда умидсизлик пайдо бўлган, қорақалпоғистонликлар тузли қумга айланган денгиз ёқасида қолган эди.
Биз ўшанда биринчи бор Ўзбекистонимизнинг янги раҳбарини кўрдик, унинг сўзларини тингладик. ўайратини, бир сўзли, қатъиятли инсон эканини сездик. Унга ишондик. Чўккалаб қолган халқ оёққа турди.
Ислом Каримовнинг кейинги сафари янги Конституция устида ишланаётган даврга тўғри келди. Айримлар “Янги Конституцияда бизнинг ҳуқуқимиз қандай бўлади? Биз ким бўламиз?” деган саволлар билан юрган эди. Ислом Каримов Нукусда тўпланган халқ олдига чиқиб: “Мустақиллик учиб юрган қушга ҳам керак. Қорақалпоғистон Ўзбекистон таркибидаги суверен Республика бўлади, унинг суверенитетини Ўзбекистон Республикаси ҳимоя қилади”, деди. Бу сўзлар шу куннинг ўзидаёқ олис овулларгача етиб борди.
Ундан кейинги келганларида Нукус шаҳрининг пойтахт бўлганига 60 йил тўлаётган палла эди. Ўшанда Биринчи Президентимиз “Нукус нафақат Қорақалпоғистоннинг пойтахти, бутун Ўзбекистондаги иккинчи пойтахт ҳисобланади, юбилейини ўтказамиз”, деб барчани руҳлантириб юборди.
Кўп ўтмай, шаҳар юбилейига Президентимиз Ўзбекистоннинг вазирлари, барча вилоят ҳокимлари ҳамда бошқа раҳбарлари билан бирга ташриф буюрди. Буни кўрган қорақалпоқ халқи “Сўзи билан иши бир инсон мана шундай бўлади”, деб тик туриб қарсак чалиб, бу буюк инсондан миннатдор бўлганини бугун кўпчилик эсласа керак.
Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 1993 йилда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси тузилганидан сўнг 1994 йилнинг 8 январида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Россия раҳбарларини Нукус шаҳрига таклиф этиб, Орол фожиасини унинг марказида туриб кўрсатганлари халқимиз тарихида ўчмас воқеа бўлди ва бу халқаро жамғарма ишига катта туртки берди.
Сув юзасидан ҳисоблаганда, узунига 340, энига 217 километр бўлган, ҳеч қандай транспорт юролмайдиган саҳрода 400 минг гектардан зиёд саксовул ҳамда ўсимликлар ўтқазилиб, қум кўчишига қарши амалга оширилаётган бугунги катта ишлар ҳам Ислом Абдуғаниевичнинг саъй-ҳаракатлари туфайлидир.
Бугун Қорақалпоғистон катта саноат маркази ва қурилиш майдонига айланди. Фақат кейинги беш йилда ҳудудга 10 триллион сўмлик инвестициялар киритилди. Мустақилликкача қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куйган Устюрт чўлида ўтган йили иккинчи навбати ишга туширилган, энди дунё бозорига икки баравар, яъни йилига 200 минг тонна кальцийланган сода етказиб бераётган Қўнғирот сода заводини бунёд этиш ҳам Ислом Каримовнинг шижоати ҳамда ташаббуси маҳсулидир. Зеро, бунинг учун таваккал қилишдан ташқари, одам ўзига ишонган, иродали бўлиши керак, дейишади мутахассислар.
Муддатидан олдин, 2014 йил охирида дастлабки маҳсулотини чиқара бошлаган, собиқ Иттифоқ ҳудудида тенги йўқ Устюрт газ-кимё комплекси тўлиқ ишга тушгач, йилига 500 минг тонна полиэтилен ва полипропилен етказиб бериш имконияти юзага келади. Энди бир кўз олдимизга келтириб кўрайлик. Ҳар бир вагонга 60 тонна юк ортиладиган бўлса, демак, 500 минг тонна 8333 та вагонга сиғади. Бу ушбу вагонлар Сурғил конидан Тошкент шаҳригача бўлган масофани эгаллайди, деганидир. Бундай замонлар келади, деб ким ўйлабди дейсиз?!
Нукус шаҳрининг 70 йиллигига ташриф буюрганларида, Ислом оға 1984 йили Ўзбекистон молия вазири лавозимида ишлаётганида, Мўйноқ шаҳрига борганини айтиб берган эдилар. Ўшанда маҳаллий аҳоли билан учрашганларида, овул оқсоқоли “Ҳойнаҳой, бу одам қорақалпоқ бўлса керак!” деган экан. Бу сўзларни эшитган Президентимиз “Агар қорақалпоқлар мени “қорақалпоғим” деса, ўзимни ғоят бахтли одам деб биламан!” деган эдилар. Халқимиз буни ҳеч эсдан чиқармайди.
Чиндан ҳам, Ислом Абдуғаниевичнинг қорақалпоқ халқига ҳурмати ўзгача эди. Халқимиз ҳам у Инсонни ўзига яқин сезарди.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов ёзган “Президент” шеърида шундай сатрлар бор:

Келгуси авлодлар олгайлар ёдга,
Тангрим шафоатли назарин солгай.
Сизу биздан шу эртанги авлодга
Озод ҳамда обод бир Ватан қолгай.

Қорақалпоқ халқининг бу инсонга ҳурмати мана шундай теран ҳамда самимий эди. Кечаги эзилган ҳасратли халқимиз бугун энг бахтлилар қаторига қўшилди. Чунки Биринчи Президентимиз бизга ҳеч кимдан кам бўлмай яшашни ўргатиб кетди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорини ўқиб, очиғи, кўзларимга ёш келди. Унда улуғ Юртбошимиз хотирасига ифода этилган чексиз эҳтиром халқимизни руҳлантириб юборди. Зеро, буюк давлат арбоби сифатида тан олинган азиз инсон номини абадийлаштиришга қаратилган бундай юксак эътибор ҳар биримизни бугун олиб борилаётган эзгу ташаббусларга камарбаста бўлишга ундайди.


Шароф УСНАТДИНОВ,
«Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби.


Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn