Сарҳисоб ва режалар
  • 24 Январь 2017

Сарҳисоб ва режалар

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2016 йилдаги фаолияти якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, юртимизда истиқлол йилларида маънавий-маърифий соҳадаги ишларни юксалтириш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат, қадриятларга чуқур эҳтиром туйғусини сингдиришга алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти. Бунда адабиётнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда муҳим. 2016 йилда пойтахтимизда яшаб ижод қилаётган уч юздан зиёд адиблар юртимизнинг барча ҳудудида сафарларда бўлди. Улар жойларда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, юртдошларимизнинг турмуш тарзи, ободлик, фаровонлик йўлидаги интилишлари билан яқиндан танишди. Таассуротлари асосида матбуот саҳифаларида публицистик мақолалар чоп этилди.

Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Шу муносабат билан Навоий асарлари жаҳоннинг яна ўн тўрт тилига таржима қилинди. Уюшма аъзолари Германиянинг Берлин шаҳрида ўтказилган Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллигига бағишланган халқаро илмий конференцияда иштирок этди. Берлин давлат кутубхонасига алломанинг 10 жилдлик асарлари мажмуаси совға қилинди.

Бундан ташқари, бобокалонларимиз Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди, Мустақиллик байрами, ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун, Конституциямиз қабул қилинганининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан мамлакатимиз ҳудудларида ташкил қилинган тадбирларда ёзувчи ва шоирлар фаол қатнашди.

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида “Минг бир ибратли ҳаёт” китоби, истеъдодли ёш шоирларнинг “Биз — истиқлол фарзандларимиз”, ёш таржимонларнинг “Баҳор булбулларининг чаҳ-чаҳи” баёзлари нашрдан чиқди. “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида 11 нафар истеъдодли ёш ижодкорнинг илк китоблари чоп этилди.

Президентимизнинг 2016 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юртимиз бўйлаб шеърият шайдолари учун учрашувлар, адабий кечалар, семинарлар ўтказилди.

Йиғилиш давомида уюшма фаолиятига доир бошқа масалалар танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Азизлари қадр топган юрт Бебаҳо илмий мерос »