Азизлари қадр топган юрт
  • 19 Январь 2017

Азизлари қадр топган юрт

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти, Истиқлолимиз Меъмори Ислом Каримов “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” эканлигини таъкидлаб, буюк аждодларимиз ва бугунги авлодлар ўртасида улуғвор маънавий кўприкни тиклади. 

Шу асосда ўтмишимиз мутафаккирлари, атоқли сиймолари, алломаю қаҳрамонларимиз бебаҳо мероси, қадамжолари — бизнинг абадиятга дахлдор хазинамиз, салоҳиятимиз ибрати, ғайрат-шижоатимиз, ўзимизга бўлган ишончимиз тимсолига айланди.

Ҳеч кимга сир эмас, бир вақтлар ўтган улуғларимиз қўним топган масканлар хароба бўлиб, ҳар биримизнинг руҳиятимизда оғир изтироблар уйғотарди. Биринчи Президентимиз том маънода руҳиятимизнинг ана шундай ҳолатига барҳам берди. Унинг эзгу ташаббуси, юксак эътибори, эъзози туфайли қутлуғ қадамжолар обод этилди, мукаммал таъмирланди. 

Чунончи, Занги ота зиёратгоҳи ҳам илгари шундай маҳзун кайфиятга чўмганидан бар-чамиз хабардормиз. Истиқлол мўъжизасини кўрингки, энди бу жой муаззам бир қадамжо, зиёратга келган одамларнинг қалби таскин топадиган бетакрор маскан. 

Айтиш жоизки, нафақат юртимиз, балки бутун Марказий Осиёдаги пок ниятли зиёратчиларни ўзига чорлаб келаётган Занги ота мажмуаси она заминимиздаги ноёб тарихий-меъморий, маданий-маърифий ошиёнлардан ҳисобланади. Мазкур даргоҳга бевосита ташриф буюриш, обида ва ёдгорликларнинг асл моҳиятини дилдан ҳис қилиш ўзликни теран англашга имкон беради.

Манбалардан маълумки, Занги ота Аҳмад Яссавийнинг устози Арслонбобнинг эвараларидандир. Қолаверса, Аҳмад Яссавий Занги отага холавачча экани қайд этиб ўтилган. Занги ота ҳам табиб, ҳам авлиё сифатида элу юрт орасида катта обрў қозонган. Нақл қилишларича, одамларнинг сигирларини боқиб, подачилик қилиб, ҳалол ризқ топиб, оддийгина ҳаёт кечирган. Чорвадорлар Занги отани ўз пирлари, деб билганлар. -Ривоятларда Занги отанинг қарамоғидаги қорамоллар (сигирлар) яйловда ўтлаб, кечқурун уйга қайтишда кишиларнинг экинзорига кирмаслиги, бир чимдим ҳам ўт-ўланга тил узатмаслиги баён этилган.

Юксак камолотга эришган аждодимизнинг бутун умри Мовароуннаҳр халқлари ҳаётининг оғир, даҳшатли даврида кечган. Мўғул истилочилари мамлакатни хонавайрон қилиб, халқ оммасини қуллик исканжасига солган бир пайтда Занги ота ва унинг издошлари халқ орасида ватанпарварлик ҳамда меҳнатсеварлик, адлу инсоф, поклик ва яхшилик, меҳр-шафқат ҳамда диёнат каби умуминсоний ғояларни тарғиб қилганлар.

Зиёратгоҳ азалдан халқимиз интилган эъзозли қадамжо сифатида маълум бўлса-да, эндиликда унинг сийрати замонавий тамойиллар билан уйғунлашиб, муҳташам маънавий мажмуа қиёфасига кирди.  

Дастлаб соҳибқирон Амир Темур 1397 йилда ушбу обидани бунёд этгач, Мирзо Улуғбек 1420 йилда уни янада кенгайтирган. Ўтган олти аср мобайнида муқаддас маскан бир неча бор даврлар силсиласида вайроналикка юз тутди. Фақатгина мамлакатимиз истиқлолга эришганидан сўнг, у эътибор ва эъзоз топди, десак муболаға эмас. 

Хўш, бугун мажмуа қандай қиёфа касб этди? Нималар ўзгарди? Шу ҳақда муфассал сўз юритсак. Мазкур мажмуа тубдан таъмирлангач, бири-бирини тўлдирувчи иншоотлар узукка кўз қўйгандек ярашиб, яхлит манзарани ҳосил қилди. Занги ота, Анбар она мақбараларига бориладиган йўлагу майдонлар кўркам ва ораста тус олди. 31 метрлик янги минора алоҳида салобат бахш этиб турибди. 

Майдоннинг кўзга кўринадиган жойларида имон, диёнат, савобли ишларга ундовчи ҳикматли сўзлар, ҳадису шарифдан сатрлар битиб қўйилган. Мажмуа ҳудудига кирар экансиз,  Қуръони карим суралари янграй бошлайди. Эзгу сўзлар, пурмаъно ҳадислардан вужудларга илоҳий қувват сингади. 

Ҳар фаслда алмашиб турадиган кўркам гулзорлар, бахмал майсалар, тиниқ фавворалар, файзли суҳбатгоҳлар, шинам сўрилар зиёратчилар ҳайратига ҳайрат қўшади. Кенг майдон саҳнига ётқизилган нафис қопламалар шакли-шамойили бир қарашда тартиб билан тўшалган жойнамозни эслатади. 

Бу табаррук масканга ҳар куни 5 мингга яқин  одам зиёратга келади. Келгусида ташриф буюрувчилар кўпайиши кундек равшан. Эътиборли томони шундаки, Занги ота мажмуасида хорижий мамлакатлардан қадам ранжида қилаётган турли миллат вакилларини ҳам учратиш мумкин.

Қадамжода шундай ажойиб манзара яратилдики, завқ билан зиёрат қилган инсон кўнглида “Ўзимиз яшаётган жойни ҳам шундай гўзал масканга айлантирсак” деган яхши ният пайдо бўлади. Ахир яхшиликдан яхшилик туғилади-да. Занги ота мажмуаси чин маънода қайта қурилди. Ушбу манзилни обод қилган инсонлар меҳнати самараси асрлар оша бўй кўрсатиб тураверади. Зеро, муқаддас масканга келган одамлар руҳан покланиб, -бундай ободликка ҳисса қўшганлар ҳаққига дуолар қилишмоқда. 

Дов-дарахтлар, гулу гиёҳлар, шарқироқ сув, табиий, ажиб микроиқлим, маънавий жиҳатдан дилларга хуш ёқувчи муҳит — қалбни аллалайди. Кўнгилларда эзгу туйғулар чечак ёзади. Инсон дунёда хайрли амаллар, савобли ишлар билан яхши ном қолдиради, деган хулоса тафаккур гавҳарига ўрнашади. Ўй-хаёлдаги ножоиз фикрлар ўчади. Ён-атрофдаги нияти пок одамларга нисбатан меҳру оқибат тўлиб-тошади.

Занги ота мажмуаси ана шундай мушоҳадаларни устувор қиладиган муқаддас даргоҳ. Шундай экан, Шайх Аҳмаджон Махдум Ҳанафий-Нақшбандийнинг “Қаердаки, бир авлиёнинг қабри бўлса, Аллоҳ таоло унинг ҳурматидан ўша жойга баракот беради” деган муборак каломи ижобат бўлаётгани бугунги ҳақиқат замирида яққол намоёндир.

 

Собур МУРОДОВ,

«Занги ота зиёратгоҳи» ёдгорлик мажмуаси директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Дўстлик кечаси Сарҳисоб ва режалар »