Дўстлик кечаси
  • 19 Январь 2017

Дўстлик кечаси

«Истиқлол» санъат саройида 18 январь куни Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигига бағишланган маданий дастур бўлиб ўтди.

Мазкур дўстлик ҳамда санъат кечаси Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Байналмилал маданият маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янграб, тадбир бошланганидан дарак берди. Сўзга чиққанлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳада изчил ривожланиб бораётгани, икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар бунга ҳуқуқий асос бўлаётганини алоҳида таъкидлади.

— Хитойда «Дўстинг қанча кўп бўлса, йўлинг шунча кенг бўлади» деган мақол бор, — деди Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сун Лицзе. — Ўзбекистон Хитой учун яқин дўст ҳамда стратегик ҳамкордир. Бу -муносабатлар янада ривожланиши тарафдоримиз. Ушбу байрам тадбири халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлашига ишонамиз. 

Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳада, жумладан, маданий-гуманитар йўналишда ҳам изчил ривожланиб бормоқда. 2005 йили Тошкентда хитой тили ва маданиятини ўрганиш бўйича Конфуций институти очилган. Ҳозир ушбу даргоҳда 350 дан зиёд тингловчи, талаба ҳамда ишбилармон таҳсил олмоқда. Институт ташкил қилинганидан буён 2,5 мингдан ортиқ кишилар ўқув курсларини тамомлади. 

2012/2013 ўқув йилидан Пекин чет тиллар университетида ўзбек тилини ўқитиш йўлга қўйилган. 2013 йил 15 май куни Шанхай университети ҳузуридаги ШҲТ Жамоат дипломатияси илмий-тадқиқот институти негизида Ўзбекистон тадқиқотлари ва таълим алмашувлари маркази очилган. 1998 йили ташкил этилган «Ўзбекистон — Хитой» ва 2007 йили ўз фаолиятини бошлаган «Хитой Халқ Республикаси — Марказий Осиё мамлакатлари» дўстлик жамиятлари мамлакатлараро маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

— Мамлакатларимиз ўртасида самарали ҳамкорлик доирасида мен Ланжоу, Дальян, Сямэнь каби шаҳарларда таҳсил олдим, педагог сифатида малакамни оширдим, — дейди Шанхай университети Хитой тили ва адабиёти факультети докторанти Нигина Расулева. — Бугунги концерт — дўстона алоқаларимиз ифодаси. Ўзбек ва хитой халқ қўшиқлари ҳамда рақсларидан баҳраманд бўлдик.

Тадбирда «Ўзбекистон — Хитой: биродарлик йўли» номли ҳужжатли фильм намойиш этилди. 

Концертда «Сабо» миллий рақс ансамбли томонидан «Шарқ», «Хоразмча рақс», Ўзбекистон халқ артисти М. Тошматов, халқаро танловлар лауреатлари Р. Мирзакамолов, 

Г. Нурметова ижросида «Абадий дўстлик», «Мен ва менинг Ватаним», «Дўст», «Она ўлкам» сингари қўшиқлар ижро этилди. Хитой миллий маданият маркази ушу тўгараги аъзоларининг кўргазмали чиқиши, «Арслон» рақси, хитойлик Фан Инчуаннинг «Порла, Тошкент» қўшиғи ва бошқа чиқишлар томошабинларга завқ улашди. 

Севара АЛИЖОНОВА,

ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Туйғулар фалсафаси Азизлари қадр топган юрт »