Қадр топган жойда азиздир инсон
  • 05 Январь 2017

Қадр топган жойда азиздир инсон

Инсон қачон бахтдан масрур бўлади? Аввало, ҳаётий манфаатлари, орзу-умидлари рўёбга чиқиб, чинакам яшаш завқини туйган паллада! Шу маънода, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратиш, аҳоли қатламлари эҳтиёж ва муаммоларини давлат даражасида ҳал этишга йўналтирилгани билан алоҳида аҳамият касб этишини ҳар биримиз дилдан ҳис қилиб турибмиз.

Бундай саъй-ҳаракатлар самараси юртдошларимиз турмуш даражасини юксалтириш, инсон ва унинг қадр-қимматини улуғлаш билан боғлиқ кенг кўламли тадбирларда яққол намоён бўлаяпти. Бошқача айтганда, давлатимизнинг халқчил сиёсати, фидойи, жонкуяр инсонлар ғайрат-шижоати билан юртимиз обод, турмушимиз фаровон бўлиб бормоқда. Президентимиз таклифи билан 2017 йилга мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилиши тимсолида бу яна бир бор ўз исботини топди. 

Дарҳақиқат, ўз юртидан ғурурланган одамларда гап кўп, фикр кўп. Улар билан самимий, юзма-юз суҳбатлашилса, дилидагини айтади. Шу боис давлатимиз раҳбари ўз маърузасида инсон манфаатларини таъминлаш учун, аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-умидлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш кераклигини таъкидлаб, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, бунинг самарали механизмини яратиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Мазкур жабҳада, масалан, ҳудудларда ташкил этиладиган Халқ қабулхоналари жуда яхши самара бериши қайд этилди. Зеро, одамлар бундай жойларда кундалик муаммолари, дардини яширмай билдиради. Ҳар бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган қатъий тартиб натижасида ариза, шикоятлар тезкорлик билан ўз ечимини топади. Халқ билан ана шундай яқинлашув пировардида аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта. Қолаверса, маърузада инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ, деган эзгу ғояни изчил давом эттириш билан боғлиқ яна бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилдики, уларнинг ижроси халқимиз ҳаёт даражасини янада оширишнинг янги истиқболларини очиб беради.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонимизнинг сўнгги чорак аср давомидаги тараққиёти, биз шу давр ичида амалга оширган оламшумул ишлар замирида халқимиз онгу шуури юксалгани, меҳнати, изланиш ва интилишлари қадрланиши билан боғлиқ ҳаётий омиллар турганини англаш қийин эмас.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида рўёбга чиқариладиган кенг миқёсли хайрли тадбирлардан умидимиз катта. Бинобарин, ана шу эзгу ишлар юртимиз ҳар бир фуқаросининг юксак орзу-умидларига қанот бағишлайди.

Латифа АҲМАДАЛИЕВА,

Наманган вилояти ўлкашунослик музейи 

тарих бўлими мудири, 

«Шуҳрат» медали соҳибаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn