Эзгулик ва ҳаёт куйчиси
  • 16 Декабрь 2016

Эзгулик ва ҳаёт куйчиси

Юртимизда инсон қалбидаги нозик туйғуларни, халқимизга хос орият ва ғурурни, озодлик ҳамда истиқлолни ўзининг гўзал шеър ва достонларида юксак маҳорат  билан ифодалаган Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Эркин Воҳидовнинг китоблари кириб бормаган хонадон йўқ ҳисоби.

Зеро, унинг дилбар сатрлари кишига ифтихор ҳамда шижоат бахш этади, бахт ва шодлик, тинчлик-хотиржамликни қадрлашга, чин инсоний фазилатлар соҳиби бўлишга ундайди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат -Мирзиёевнинг шу йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори адабиёт ихлосмандлари, шоир ва ёзувчилар, кенг жамоатчилик томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган тадбирда ҳам алоҳида таъкидланди. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган мазкур анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М. Аҳмедов ва бошқалар қарор ижроси доирасида мамлакатимиз миқёсида улуғ шоир таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш ҳамда унинг хотирасини абадийлаштириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар хусусида тўхталди. 

Қарорга мувофиқ, Эркин Воҳидовнинг ўзбек тилида “Сайланма” асарларини, инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилинган шеърий тўпламларини нашрга тайёрлаш ҳамда чоп этиш, шоир ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш, асарлари асосидаги спектаклларни қайта намойишга қўйиш, шоир яшаган уйда ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш, мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, илмий конференциялар, адабий кечалар ўтказиш кўзда тутилган. Айни пайтда ана шундай тадбирлар ташкил қилинмоқда.

Эркин Воҳидовнинг “Юрак ва ақл”, “Менинг юлдузим”, “Нидо”, “Лирика”, “Ёшлик девони”, “Чароғбон”, “Достонлар”, “Ҳозирги ёшлар”, “Муҳаббат”, “Тирик сайёралар” каби китоблари, гўзал шеър ҳамда достонлари, публицистик мақолалари жамият тақдири, инсон келажаги ҳақида фалсафий мушоҳадаларга бойлиги билан ажралиб туради. 

— Устоз Эркин Воҳидов шеърияти ҳар биримиз учун юксак ибрат мактабидир, — дейди Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Маҳмуд Тоир. — Зеро, унинг сатрларида ватанпарварлик, тинчлик, ҳурлик, адолат, саховат, софлик каби эзгу фазилатлар, гўзал туйғулар тараннум этилган. Биргина “Инсон” қасидаси орқали шоир улуғ неъмат — осойишталикни асраш, бағрикенг бўлиб яшашга чақиради. Ушбу қасидани ўқир экан, турли талотўплардан зада бўлган она заминга қаратилган даъватдан, айниқса, таъсирланади киши: 

...Онаизоринг — замин, 

Танҳо йўғу боринг — замин, 

Хаста беморинг — замин, 

Ўғлон ўзинг, дармон ўзинг... 

Бундай ўлмас сатрлар, дилга ҳамроҳ мисралар устоз ижодкорнинг ҳар бир асарига хос. 

Тадбирда “Онажоним — шеърият” тўгараги аъзолари Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Эркин Воҳидов шеърларидан намуналар ўқишди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Соз сеҳри «Тошкент қувончлари» »