Санъатимиз ғунчалари
  • 23 Апрель 2014

Санъатимиз ғунчалари

Ҳаётда қобилиятсиз ўғил-қизнинг ўзи йўқ, дейдилар. Ҳақ гап. Зеро, бола мурғаклигиданоқ бирор бир фойдали машғулотга жалб этилса, қизиқиш ва интилишлари тўғри йўналтириб борилса, вақт ўтиши билан у истеъдодга, истеъдод эса иқтидорга айланиши, шубҳасиз.

Булунғур туманилик Элдор Бобоёров ҳам болалигидан санъатга меҳр қўйди. Қалбида қўшиқчиликка ҳавас уйғонди. Фарзандидаги қизиқишни ўз вақтида илғаган ота-онаси уни қўллаб-қувватлади, муносиб рағбатлантирди. 2011 йили туман марказида замонавий услубда болалар мусиқа ва санъат мактаби қад ростлаши эса болакайнинг орзуларига қанот бағишлади.
Мана, икки йилдирки, Элдор Бобоёров ана шу мактабда “Анъанавий хонандалик” йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Ҳозир у тенгдошлари орасида “Камалак юлдузлари — 2012”, Муҳиддин Қори Ёқубов, “Янги овозлар” каби вилоят ва республика миқёсидаги кўрик-танловлар совриндори сифатида яхши танилган.
— Мактабимизда 185 нафар ўқувчига 17 та йўналиш бўйича сабоқ берилаяпти, — дейди мазкур мактаб директори Шербек Ярматов. — Уларнинг аксарияти Элдор сингари иқтидор эгалари. Ўз маҳоратини мунтазам ошириб боришмоқда. Жумладан, муассасамиз қошидаги “Дуторчи қизлар” ансамбли, “Навқирон Наво — 1” гитарачилар гуруҳи ҳамда халқ чолғу оркестрининг турли танлов ва фестиваллардаги муваффақиятли иштироки, фахрли ўринларни қўлга киритгани бизни  янада изланишга, янгидан-янги ютуқларга руҳлантираяпти.
— Табиат манзаралари, миллий либосларни чизишга қизиқаман, — дейди мактаб ўқувчиси Баҳора Абдувоҳидова. — Мақсадим — келгусида моҳир дизайнер бўлиб етишиш. Шу боис тасвирий санъат сирларини пухта ўрганиш билан бирга, тўгарак машғулотларида миллий либослар, уларнинг кўринишлари ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиб бораяпман.
Дарҳақиқат, эътибор, имконият ва рағбат бор жойда истеъдод бўй кўрсатади. Президентимизнинг “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори айни шундай устувор мақсадлар рўёбига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур қарор асосида 2009 — 2013 йиллар давомида Самарқанд вилоятида 14 та болалар мусиқа ва санъат мактаби янгидан қурилди, 8 таси капитал реконструкция қилинди. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азамат Умаровнинг таъкидлашича, жорий йилда ҳам бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилади. Чунончи, айни пайтда 3 та ана шундай таълим муассасасини янгидан барпо этиш ҳамда биттасини капитал реконструкция қилишга киришилгани бунинг тасдиғидир. Қолаверса, ўтган даврда мавжуд болалар мусиқа ва санъат мактабларининг барчаси замонавий мусиқа асбоблари, мебель жиҳозлари, ўқув қўлланмалари билан таъминлангани эртамиз эгаларининг ҳеч кимдан кам бўлмай камол топишларида мустаҳкам пойдевор бўлмоқда.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn