Мустақил юрт ҳунармандлари
  • 19 Апрель 2014

Мустақил юрт ҳунармандлари

Кеча пойтахтимизда очилган кўргазма-савдо барча иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Мамлакатимизда ҳунармандчилик ва амалий санъатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳа вакиллари, қўли гул усталарнинг ўз истеъдодларини намоён этишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилаётир. Бунда, айниқса, Президентимизнинг 2010 йил 30 мартда қабул қилинган “Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти. Пойтахтимиздаги Маданият ва санъат кўргазмаси биносида ташкил этилган “Мустақил юрт ҳунармандлари” деб номланган кўргазма-савдонинг очилишига бағишланган тадбирда шу хусусда алоҳида таъкидланди.
Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ва бир  қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда фаолият кўрсатаётган моҳир усталар ўзларининг энг сара маҳсулотлари, ижодий ишлари билан иштирок этмоқда. 
Миллий ҳунармандчилик ва амалий санъат маҳсулотларини халқимиз ҳамда мамлакатимизга ташриф буюраётган чет эллик меҳмонларга намойиш қилиш, ушбу соҳага ёшларнинг қизиқишини ошириш, ҳунармандлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва улар ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйишдек эзгу мақсадда ташкил қилинган кўргазмадан ҳар бир вилоятнинг ўзига хос ҳунармандчилик йўналишидаги маҳсулотлари жой олган.
Жумладан, наманганлик Аҳмаджон Абдулатиповнинг атрофи меҳмонлар билан гавжум. Сабаби, у шу ернинг ўзида ўрнатилган махсус дастгоҳида қадимий адрас нусхаларини тўқимоқда. Ўз-ўзидан аёнки, бундай инжа гўзаллик санъат ихлосмандларини бефарқ қолдирмайди.
— Бугунги кўргазма-савдонинг “Мустақил юрт ҳунармандлари” дея номланиши бежиз эмас, — дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Когон шаҳар бўлими раҳбари Нилуфар Абдуллаева. — Негаки, миллий ҳунармандчилигимизнинг ривожланиши, ҳунар аҳлининг эркин ижод қилиши, уларга яратилган шарт-шароит, кўрсатилаётган эътибор мустақиллигимиз туфайлидир. Бундай имкониятдан унумли фойдаланиб, изланган, интилган киши борки, албатта, ўз мақсадига эришади.
Дарҳақиқат, юртимиз ҳунармандларига яратилаётган имконият ва имтиёзлар боис уларнинг сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Масалан, 1997 йилда уюшма аъзолари сони 700 нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб улар 21191 нафарга етди. Айни пайтда ҳунармандлар томонидан йигирма беш йўналишда мингдан зиёд маҳсулот турлари ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларга касб-ҳунар ўргатиш мақсадида 600 дан зиёд “Устоз — шогирд” мактабларининг фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Уч кун давом этадиган  кўргазма-савдода тажрибали усталар билан бир қаторда, йигирма нафарга яқин ёш ҳунармандлар ҳам ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда. Шўрчилик ёғоч ўймакорлиги устаси, 21 ёшли Баҳриддин Тошқўзиев шулардан бири.    
— Очиғи, мамлакат миқёсидаги бундай нуфузли тадбирда илк бор иштирок этишим, — дейди у. — Ўтган йили Республика дизайн коллежини тугаллаб, туманимиздаги 7-мусиқа ва санъат мактабида иш бошладим. Айни пайтда ўндан зиёд шогирдларим бор. Мақсадим — устозлар изидан бориб, ушбу соҳада муваффақиятларга эришиш, миллий ҳунармандчилигимиз бардавомлигига ҳисса қўшиш.

Мавжуда ХОЛМАТОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn