Беғубор қалблар зиёси
  • 29 Сентябрь 2016

Беғубор қалблар зиёси

Касблар кўп, бироқ улар орасида азиз болаларимизга илк сабоқ берадиган ўқитувчиликнинг ўрни бошқача. Шу боис бу касб эгалари номини алоҳида ҳурмат, иззат-икром билан тилга оламиз. Бундай эҳтиромни кўриб,  гапнинг очиғи, муаллимликни танлаганимдан  ич-ичимдан хурсанд бўлиб кетаман.

Истиқлол шарофати билан таълим соҳасини ислоҳ қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бизга қанот бағишлади. Чунки мактабларимизнинг моддий-техника имкониятлари тубдан яхшиланди. Муҳташам бинолар, замонавий фан кабинетлари, лаборатория ҳамда устахоналар, минглаб китоблар ва электрон адабиётларга эга кутубхоналар ихтиёримизда. Бундай шароит касбимизга меҳримизни янада ошириб, бизни юқори натижаларга эришиш учун руҳлантиради.  

Мана, йигирма йилдирки, бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бериб келаяпман. Алломалар бу паллада бериладиган сабоқни тошга ўйилган нақшга бежиз муқояса қилишмаган. Шунинг учун ҳам мазкур жабҳада ишлаётган муаллимга қўйиладиган талаб бирмунча баланд. Зиммамдаги масъулиятни сира унутмаган ҳолда,   янги педагогик технологиялардан унумли фойдаланиш, ўз устимда мунтазам ишлаш, болаларни китобга жалб этишнинг янада мақбулроқ йўлларини излаб топишга ҳаракат қиламан. Бу — давр тақозоси. Боиси, бугун мактаб партасига қадам қўйган болакай ўн-ўн беш йил аввалги тенгдошларидан фарқланади. Демак, биз ҳам  онги мактабга қадар ахборот билан бойиган авлодга мос бўлишимиз керак. Ҳозирги пайтда болаларни машғулотларга фаол жалб этишнинг самарали воситаси бўлган ахборот технологиялари, унинг ёрдамида ташкил этилаётган кластер, синквейн, ақлий ҳужум, инсерт усулларидаги сабоқлар болаларга мавзуни содда қилиб тушунтиришда муҳим омил бўлмоқда.   

Жорий йилнинг июль ойида пойтахтимизда “Бошланғич таълимни модернизациялаш орқали ўқув-тарбия жараёни сифати ва самарадорлигини ошириш” мавзуида бошланғич синф ўқитувчиларининг форуми ўтказилди. Унда иштирок этиб, бир қатор олимларнинг маърузаларини тингладик,  пойтахт мактабларида ташкил қилинган “Маҳорат дарслари”да ҳамкасбларимизнинг илғор тажрибасидан баҳраманд бўлдик.  Анжуман давомида ёндафтарим таълим жараёнида замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, чет тилларни ўқитишнинг инновацион технологиялари, касбий маҳоратни ошириш борасидаги бир қатор янгилик ҳамда фойдали фикрлар билан тўлди. 

Форумнинг сўнгги кунида ялпи йиғилиш ўтказилиб, фаол иштирокчилар Халқ таълими  вазирлигининг махсус мукофотлари билан тақдирланди. Ўн икки нафар муаллимга эса  “Халқ таълими аълочиси”  кўкрак нишони топширилди. Залга тўпланган юзлаб ҳамкасбларим  орасида мен ҳам ушбу нишонга лойиқ кўрилганимни ҳамон ҳаяжон билан эслайман. 

Бу йил навбатдаги биринчи синф ўқувчиларини қабул қилиб олдим. Уларнинг кўзларида билимга чанқоқлик,  юрагидаги шижоатни кўриб, яйраб кетаман. Шиддатли замонга мос бўлиб ўсаётган бундай ўғил-қизлар билан ишлаш  жуда мароқли. Масъулияти ҳам шунга яраша.   Ишонч билан айтиш мумкинки,  бугун биз  таълим-тарбия бераётган ёшлардан янада юксак салоҳиятли инсонлар етишиб чиқади.

 

Манзура КАРИМОВА,

Тўрақўрғон туманидаги

37-умумтаълим мактаби ўқитувчиси. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn