Амалий санъатнинг нодир мактаби
  • 08 Сентябрь 2016

Амалий санъатнинг нодир мактаби

Халқ амалий санъати бугунги кунга келиб бебаҳо анъаналарни акс эттирган соҳа сифатида эътироф қозонди. Риштон тумани  ҳудудида яшаб меҳнат қилаётган усталар фаолияти буни яққол тасдиқлайди. Кулоллик мактабининг етук вакилларидан бири  Тоҳиржон Ҳайдаровнинг бу борадаги ишлари, айниқса, алоҳида таҳсинга сазовор.

—    У тайёрлаётган маҳсулотларнинг ўзига хослиги шундаки, — дейди Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Шарофиддин Юсупов, — оддий игна билан турли тасвирларни чизиб, ўймакорлик услубида ижод қилади. Минг йиллар давомида Риштон  кулоллик мактаби тарихида анъанавий чизма услубларидан фойдаланилган бўлса, мустақиллик йилларида бу йўналишга  Тоҳир Ҳайдаров томонидан бир неча ноанъанавий усуллар, нақшлар ва тасвирлар билан ишлов бериш  услуби олиб кирилди. Шунинг учун бўлса керак, уни кулол-рассом сифатида яхши билишади.
Дарҳақиқат, устанинг ишини кузатар эканмиз, сопол буюмларга чизилган бетакрор нақш ҳамда суратларни кўриб, ҳайратланамиз. Айниқса, Тоҳиржон аканинг уй-музейидан катта таассурот олиш мумкин. Хонадоннинг бир томонида Алишер Навоий ва Заҳирид-дин Муҳаммад Бобурнинг асарларига ишланган миниатюралар, иккинчи  томонда эса мураккаб ҳамда нафис нақшлар, ўзига хос услубда яратилган, табиат манзаралари туширилган  турли кўринишдаги сержило идишлар тартиб билан жойланган.
Кулол-рассом пойтахтимиз ва вилоятларимизда ташкил этилган кўплаб кўргазмаларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда. Унинг  меҳнати қадрланиб, мамлакатимизнинг юксак мукофоти — “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
— Бу эътироф мени   руҳлантирди, — дейди уста. — Масъулиятимни янада оширди. Янги режаларга қанот бағишлади. 
Хонадонимиз марказдан узоқда жойлашган. Устахона ҳамда уй-музейимизга  сайёҳларнинг келиб-кетишлари бир оз ноқулай. Шунинг учун туман  ҳокимлиги кўмаги билан Бешкапа шаҳарчасидаги катта йўл ёқасида 10 сотихли  устахона ва музей ташкил қилдик. Ҳозир 500 га яқин экспонатлар жойлаштирилган 4 та катта хона, қадимги кулоллар усулига, фақат қўл меҳнатига асосланган устахона, сопол идишларга нақш ҳамда безак бериладиган махсус айвонча сайёҳлар эътиборини ўзига қаратмоқда. Келгусида кулоллик мактабини ҳам ташкил этиш ниятидамиз.
Айни дамда устанинг 40 нафар шогирди ушбу ҳунар сирларини қунт билан ўрганмоқда. Мустақиллик тенгдоши бўлган ўғли Элбек Ҳайдаров ҳам бобомерос анъаналарни давом эттираяпти.
—    Ҳудудимиздаги мавжуд 4 та маҳаллада ҳунармандликнинг  ривож топишида Тоҳиржон Ҳайдаровнинг катта ҳиссаси бор, — дейди “Бешкапа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси  Қобилжон Мўминов. — Яқинда  ҳунарманднинг
10 нафар шогирди ҳам мустақил тарзда ўз устахонасини очиб, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланишни йўлга қўйди.


Элёржон ЭҲСОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn