Ижод ва рағбат
  • 18 Август 2016

Ижод ва рағбат

Урганч шаҳрида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида “Энг улуғ, энг азиз” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда воҳадаги истеъдодли ижодкорлар, хусусан, журналистлар, шоир ва ёзувчилар, кино ҳамда тасвирий санъат намояндалари, шунингдек, ёш иқтидор соҳиблари мамлакатимизда истиқлол йилларида қўлга киритилган улкан муваф-фақиятлар, халқимизнинг тинч ва фаровон турмуши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари тараннум этилган ранг-баранг асарлари билан қатнашди. 

Танловда босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг журналистик ишлари, “Телевидение ва радиоижодкорларининг материаллари”, “Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари”, “Тасвирий санъат, фотодизайн асарлари” йўналишлари бўйича ғолиблар аниқланди. Совриндорлар ташкилотчиларнинг махсус диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ўнлаб ёш ижодкорлар эса рағбатлантирувчи мукофотларга сазовор бўлди.

* * *

“Энг улуғ, энг азиз” республика танловининг Андижон вилояти босқичида 600 дан зиёд сара асарлар ҳакамлар ҳайъатининг баҳосини олди. 

Ўтказилган тақдирлаш маросимида сўзга чиққан шоир ва ёзувчилар, журналистлар, рассомлар, тасвирий санъат усталари мамлакатимизда адабиёт, маданият ҳамда санъат ривожига юксак эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидладилар. 

— Эркин ва самарали ижод қилишимиз учун барча шарт-шароитга эгамиз, — дейди танлов ғолиби, “Иқбол” газетаси фотомухбири Зуҳриддин Умрзоқов. — Ватан, истиқлол ҳамда тинчлик қадр-қимматини тараннум қилиш учун фақат изланишимиз, янги ғояларни илгари суришимиз керак. Камтарона хизматларимизни юқори баҳолаб, янада илҳом бахш этиб келаётган мазкур тадбирлар эса бизни бундан-да фаолликка ундайди. 

Ойбек РАҲИМОВ,

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn