Бухорода кино санъати кунлари
  • 18 Август 2016

Бухорода кино санъати кунлари

Бухорода “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ўзбек миллий кино санъати кунлари” фестивали ўтказилди. Тадбир Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилди.

Фестивалнинг очилиш маросимида аҳоли дунёқарашини бойитиш, маънавиятини юксалтириш, ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилишда кино санъатининг ўрни катта эканлиги алоҳида таъкидланди. Шундан сўнг пойтахтдан ташриф буюрган мазкур соҳа вакиллари шаҳар ҳамда туманларда бўлиб, ижодий учрашувлар ўтказдилар.

— Ёшлар билан мулоқотлар бизда, айниқса, катта таассурот қолдирди, — дейди актриса Муҳаббат Абдуллаева. — Кўзлари чақнаб турган ўғил-қизларнинг қизиқишлари, юксак билим ва кенг дунёқарашини кўриб, руҳланиб кетасан, киши. Муҳими, улар мустақилликнинг қадр-қимматини теран ҳис этишмоқда. Она-юртга муносиб фарзанд бўлишдек олижаноб мақсад билан яшашаяпти.

Фестиваль доирасида ўзбек киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Барон”, “Сотқин”, “Ажал жодуси”, “Хазонрезги”, “Шунқорлар”, “Истиқлолнинг буюк тимсоли”, “Мустақиллик арафасида”, “Умидимиз ёшларда” сингари қатор бадиий ҳамда ҳужжатли фильмлар намойиш этилди.

Ширин неъматлар сайли

Бухорода қовун ва асал сайли бўлиб ўтди. Ҳар икки соҳани ривожлантириш, бу борада тўпланган бой тажрибани оммалаштириш, ширин-шакар неъматлар экспортини кенгайтириш каби мақсадлар кўзда тутилган мазкур тадбирда 1000 тоннадан зиёд маҳсулот кўргазмага қўйилди.

— Юртимизда етиштирилаётган полиз маҳсулотларига чет элликларнинг қизиқиши бениҳоя катта, — дейди Жондор туманидаги “Элмурод Дўстмурод Шаҳриёр” фермер хўжалиги раҳбари Дўстмурод Боймуродов. — “Кўкча”, “Амири”, “Гулоби” навли қовунларимиз мазасидан бир бор татиб кўрган кишида Ўзбекистонимизга яна келиш истаги туғилиши тайин. Биз шуларни ҳисобга олган ҳолда, қовундан мураббо тайёрлаш технологияси устида ишлаяпмиз. Бу жуда истиқболли лойиҳа бўлиб, тайёр маҳсулотни дунёнинг исталган давлатига етказиб бериш имконини яратади. 

Тўрт кун давом этган сайил якунида қовунчилик ва асаларичиликда яхши натижаларга эришаётган бир гуруҳ омилкор деҳқонлар вилоят ҳокимлиги  ҳамда ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn