Миллий ўзликни англаш Ватанга муҳаббатни юксалтиради
  • 03 Август 2016

Миллий ўзликни англаш Ватанга муҳаббатни юксалтиради

Мустақиллик ҳақида ўйлаганда, аввало, ўзликни англаш, моддий ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш, тарихий хотирани тиклаш борасида қилинган кенг кўламли ишлар кўз олдимиздан ўтади. Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ ўиждувоний, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Мотуридий каби алломалар қадамжоларини обод ҳамда мўътабар зиёратгоҳларга айлантириш, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, шунингдек, миллат озодлиги йўлида курашган маърифатпарварлар шон-шавкатини улуғлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳар бир инсонни ҳайратга солади, қалбини фахр ва ифтихорга тўлдиради. 

Кечагидек ёдимизда, Наврўз тақиқланиб, сумалак тўла қозонлар ағдариб ташланган. Чопон кийганлар таъқиб қилинган, диний китоблар ёқилган. Буям камлик қилгандек, “ўзбек иши” деган айблов билан “қама-қама” авж олган. Ота-бобосидан қолган удумнинг бошини тутган борки, “миллатчи” деб айбланган...

Юртбошимиз 1989 йил 23 июнь куни Ўзбекистон раҳбари сифатида фаолият бошлагач, бундай ишларга батамом чек қўйилди. Миллатнинг қаддини кўтариш, ҳимоясиз ҳамда камситилган халқнинг дардини эшитиш, дил ярасига малҳам қўйиш учун эл-улус қалбига қулоқ тутди. Пировардида шу хайрли ҳаракатлар кўнгилларда умид уйғотди. Шундан сўнг Наврўзни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш, тилимизга давлат тили мақоми бериш, топталган қадриятларимизни тиклаш каби долзарб масалалар илгари сурилди...

Ўша вақт қилинган саъй-ҳаракатларнинг кўлами улкан. Амалга оширилган беқиёс эзгу ишлар бугунги нурли ҳаётимизга йўл очди. Эндиликда барча-барча мамлакатимиздаги ободлик ва бунёдкорликка астойдил ҳавас билан қарамоқда. Давлатимиз раҳбари яқинда Сурхондарё вилоятига қилган сафарида таъкидлаганидек, халқимизнинг ҳалол-покизалиги, иймон-эътиқоди ҳамда яратувчанлик салоҳияти бунда муҳим ўрин тутади, албатта.

Президентимиз айтганидек, тарихий хотирасиз келажак йўқ. Шу маънода, миллий тарихимиз ҳамда анъаналаримизни ҳаққоний таҳлил ва тарғиб қилиш, аждодлар хотирасини эъзозлаш борасида қилинган ишлар ғоят серқирра ҳамда кўламлидир. Бу борада, айниқса, музейлар фаолияти алоҳида ўрин тутади.

Давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 12 январдаги “Музейлар фаолиятини тубдан яхшилаш ва такомиллаштириш тўғрисида”ги  Фармони тизимда катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Жумладан, халқимиз тарихини тўлақонли акс эттирувчи ноёб ашёларни тўплаш, уларни асл ҳолича сақлашни таъминлаш, мамлакатимизда шаклланган музейлар тизимини такомиллаштириш ҳамда жаҳон музейшунослиги тажрибаларини қўллашга зарур шарт-шароит яратди.

1996 йилда соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳри марказида Темурийлар тарихи давлат музейи ташкил этилиши ҳаётимизда унутилмас воқеа бўлди. Юртбошимиз ушбу масканнинг очилиш маросимида таъкидлаганидек, “Темурийлар тарихи давлат музейи Соҳибқирон шахсиятига нисбатан юртимизда тарихий адолат тантана қилганининг яна бир амалий исботидир. Айтиш мумкинки, Амир Темур хиёбони гўзал бир узук бўлса, бу музей шу узукнинг ёқут кўзидир”.

Шунингдек, қисқа вақт ичида Олимпия шон-шуҳрати музейи,  Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси,  Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмаси, Қуролли Кучлар давлат музейи, Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ-музей, Алоқа тарихи музейи, Термиз археология музейи ташкил топиши мамлакатимиз маданий ҳаётида янги саҳифалар очди. Хивада Маъмун академияси тарихи музейи, Самарқандда Мирзо Улуғбек расадхона-музейи барпо этилди. Мазкур музейлар халқимиз ҳаётининг турли жабҳаларини қамраб олган бўлиб, бугун улар ёш авлод маънавий-маърифий тарбиясига хизмат қилиб келмоқда.

Мустақиллик туфайли музейлар фондида сақланиб келинган ноёб ва нодир экспонатлар яна юзага чиқди, уларни дунё халқларига намойиш этиш борасида салмоқли ишлар қилинди. Зеро, ҳар бир осориатиқа миллий ғурур ҳамда ифтихор манбаи, у озодлик тарихи ва халқимизнинг шонли ўтмишини ёдга солади, Ватанга муҳаббат туйғусини қанотлантиради. Ҳозир шу мақсадга хизмат қилувчи бутун бир тизим юзага келди, десак, муболаға бўлмайди.

Ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга эҳтиром руҳида тарбиялаш, улар қалбига бой миллий мерос ва тарихий хотирани иззат-ҳурмат қилиш туйғусини сингдириш, ота-оналар бўш вақтини мазмунли ўтказишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси 2014 йил 11 июль куни “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди. Ушбу қарорга биноан, давлат музейлари 18 ёшгача бўлган болалар учун сешанба ва жума кунлари бепул хизмат кўрсатади. Худди шунингдек, ҳар йили  сентябрь ойида “Музейлар ҳафталиги” ўтказилиши ҳам анъанага айландики, бунда аҳолининг барча қатлами музейлар фаолияти билан янада яқинроқ танишиши мумкин. 

Мустақиллик йиллари тарихий обидаларни тиклаш, таъмирлаш ҳамда асраб-авайлаш масаласи давлат сиёсатининг узвий қисмига айланди. Мавжуд 7345 та осориатиқа давлат ҳимоясига олинди. Яъни  4124 та археологик, 2277 та архитектура, 657 та маҳобатли санъат асари ва 287 та  диққатга сазовор жой моддий-маданий мерос намунаси сифатида муҳофаза қилиб келинади.  

1991 йили Хивадаги “Ичан-Қалъа”, 1993 йили Бухоро шаҳрининг тарихий маркази, 2000 йили Шаҳрисабздаги Амир Темур ҳамда темурийлар даври меъморчилик обидалари, 2001 йили Самарқанд шаҳридаги тарихий ёдгорликлар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди.

Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан 1996 йили Самарқанддаги Амир Темур мақбараси, Регистон ансамбли, Бибихоним масжиди, Шаҳрисабзда эса Дорут-тиловат ва Дорус-саодат мажмуалари тубдан қайта таъмирланди. Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик, Шаҳрисабз ҳамда Қарши шаҳарларининг 2700 йиллик, Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллик, Тошкент шаҳрининг 2200 йиллик, Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик айёмларини кенг нишонлаш муносабати билан юзлаб тарихий обидалар ва осориатиқалар қайта жило топди. Бугун улар қадимий шаҳарларимиз кўркига кўрк, чиройига чирой бағишлаб турибди.

Айниқса, Ўзбекистон тарихи давлат музейи,  Темурийлар тарихи давлат музейи, Халқ амалий санъати музейи, Ўзбекистон давлат санъат музейи ихлосмандлар билан доимо гавжум. Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда Фарғона давлат музей-қўриқхоналари юртимизнинг кечаги куни ва бугуни ҳақида ҳикоя қилади. Наинки ватандошларимиз, балки чет эллик сайёҳлар ҳам бу масканларни катта қизиқиш билан томоша қиладилар. Музейларда сақланаётган бебаҳо мерос билан танишиш учун ҳар йили 3,5 миллиондан зиёд киши ташриф буюради.  

Давлатимиз раҳбарининг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида:  “...инсон ўзлигини англагани, насл-насабини чуқурроқ билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, улғая боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар юксак бўлади”, дея таъкидланган. Бинобарин, бугун мамлакатимизда маънавий юксалишга хизмат қилаётган ислоҳотлар навқирон авлодни улуғ аждодларимиз хотираси билан ҳақли равишда фахрланиш, тинчлик, осо-йишталик ҳамда ободлик учун курашиш, мустақилликни қадрлаш ва Ватанни ардоқлаб яшашга ундаши билан янада аҳамиятлидир. 

Баҳодир АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Республикаси маданият ва

спорт ишлари вазири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn