Буюк Ипак йўлидаги мўъжизалар франциялик ижодкорлар нигоҳида
  • 28 Июль 2016

Буюк Ипак йўлидаги мўъжизалар франциялик ижодкорлар нигоҳида

Ўзбекистонда франциялик ижодкорлар томонидан “Буюк Ипак йўли ва бошқа мўъжизалар” номли ҳужжатли фильм тасвирга олинмоқда. Фарғона вилояти ушбу киноасар сценарийсига киритилган манзилларимиздан бири экани диққатга сазовордир.

Маълумки, милоддан юз йил аввал Чин юртидан йўлга отланган илк савдо карвони довону даралар, бепоён саҳролар оша Фарғона водийсига ипак ва бронза кўзгулар келтирган. Шу тариқа дунё цивилизацияси ривожида муҳим ўрин тутган Буюк Ипак йўлига асос солинган. Кейинчалик бу савдо тармоғи такомиллашиб, заминимиз унинг чорраҳасига айланди, десак, муболаға бўлмайди. Хусусан, Қўқон ҳамда Марғилон шаҳарларидаги бетакрор амалий санъат ва ҳунармандчилик намуналари ўша даврлардан то ҳозирги кунгача жаҳон аҳлининг қизиқишига сабаб бўлиб келаётир.
Франциянинг “Elektron Libre Productions” телестудияси вакиллари суратга олиш жараёнида айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиб, аждодларимиз ҳамда замондошларимизнинг бинокорлик, тўқувчилик, зардўзлик ва ҳунармандчиликнинг бошқа йўналишларидаги маҳоратини тасвирларга муҳрлашмоқда. Қолаверса, ижодий гуруҳ Қўқон шаҳридаги қадимий обидаларни кўздан кечириб, тарих синоатлари билан ҳам яқиндан танишди.
— Биз “ARTE” телеканали учун ҳужжатли фильм тайёрлашни мақсад қилганмиз, — дейди журналист Альфред де Монтескю. — У ўн беш қисмдан иборат бўлиб, шундан уч серияси Ўзбекистонга бағишланади. Картиналарда Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ҳамда Марғилон шаҳарлари тарихи, бугуни, бу ерлик одамларнинг ҳаёт тарзи, урф-одат ва анъаналари ҳақида сўз юритилади. Тарихчилар, археологлар ҳамда маҳаллий аҳоли вакилларининг интервьюлари берилади.
Очиғи, ижодий сафаримиз бу қадар мароқли таассуротларга бой ўтади, деб ўйламагандик. Юртингизда чорак асрда рўй берган ўзгаришлардан ҳайратга тушдик. Тарихингиз буюклигига, ота-боболарингиз ақлу закосига яна бир бор тан бердик. -Халқингизнинг меҳмондўстлиги, меҳнаткашлиги, самимийлиги таҳсинга лойиқ. Улар билан суҳбатлашиб, дилимиз яйради. Бундай бетакрор мамлакат ва унинг ажойиб одамлари ҳақида фильм тайёрлашни ният қилиб, янглишмаган эканмиз.
— Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” корхонаси фаолияти ҳам бизда катта қизиқиш уйғотди, — дейди фильм продюсери Гиём Бернард. — Чунончи, табиий ипакнинг кўзни яшнатувчи атлас ҳамда адраслар, жимжимадор гиламлару миллий ва замонавий дизайндаги кўркам либосларга айланиши жараёнига мафтун бўлиб қолдик. Натижада таъсирчан лавҳаларни кадрларга муҳрладик. Умуман, Ўзбекистонга келганимдан жуда хурсандман. Насиб этса, келгусида бу заминга оиламни ҳам саёҳатга олиб келишни кўнглимга тугиб қўйдим.


Элёржон ЭҲСОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Номи жаҳонга таралган Биз дунёга чиқаяпмиз »