Куч ва қатъиятда ҳеч кимдан кам эмас
  • 22 Июль 2016

Куч ва қатъиятда ҳеч кимдан кам эмас

Айни чоғда жаҳон аҳли интиқиб кутаётган ХХХI ёзги Олимпиада ўйинлари бошланишига саноқли кунлар қолди. Дунёнинг кўзга кўринган атлетлари орасида мамлакатимизнинг энг сара спортчилари профессионал маҳоратини синовдан ўтказади. Шубҳасиз, Олимпиада ўйинларида иштирок этиш ҳар бир давлат вакили учун чинакам фахр ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида ана шундай шарафга эга бўлаётган спортчиларимиз сони йил сайин ортиб бораётгани ғоятда қувонарли, албатта. Эндиликда улар нафақат тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида қатнашиш, балки дунё миқёсида ўрни ва мавқеи юксалаётган диёримизга салмоқли натижалар билан қайтишга интилмоқдалар. Бу, аввало, ёшларимизнинг она-Ватанга чексиз муҳаббати ҳамда ўзларига бўлган мустаҳкам ишончидан, салоҳият, куч ва қатъият бобида ҳеч кимдан кам эмаслигидан далолат беради.

Дарҳақиқат, истиқлолнинг илк йилларидан ўсиб келаётган авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, оилаларда ҳамда жамиятда соғлом турмушни қарор топтиришга устувор эътибор қаратилиб, шу мақсадда рўёбга чиқарилаётган комплекс чора-тадбирлар саломатлик омили — спортнинг тобора оммалашувини таъминламоқда. Болалар спортини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани халқаро майдонда юртимиз шарафини муносиб муҳофаза этишга қодир авлоднинг шаклланишига замин -яратди. Ўтган қисқа даврда шаҳару қишлоқларимизда барча қулайликка эга 51 мингдан ортиқ спорт иншоотлари бунёд қилинди.

Бу борада узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ишлар натижасида ҳозирги пайтда республикамизда 5 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг қарийб олтмиш фоизи спорт секцияларига қатнамоқда. Муҳими, бугун жаҳон шоҳсупаларини забт этаётган ўғил-қизларимизнинг сафи кенгайиб бораётир ҳамда уларнинг ютуқлари ҳар биримизга чексиз ғурур ва ифтихор ҳиссини бағишлаяпти.

Ваҳолонки, атиги чорак аср олдин юртимизнинг олис, чекка ҳудудларида ҳам замонавий спорт иншоотларининг барпо қилинишини, ўзбек ёшлари жаҳон чемпионатларида бемисл зафар қучиши у ёқда турсин, бундай нуфузли мусобақаларда иштирок этишини тасаввуримизга ҳам сиғдира олмаганмиз. Сир эмас, мустабид тузум даврида спортни оммалаштириш, айниқса, болалар спортини ривожлантириш ҳақида умуман сўз юритилмас, мактаблардаги жисмоний тарбия дарслари ҳам номига ўтилар, бу борада қишлоқларда аҳвол янада ачинарли эди. Ер юзининг қайсидир манзилида ўтаётган халқаро мусобақани телеэкран орқали кузата туриб, “Бизнинг фарзандларимиз ҳам шунақа беллашувларда қатнашармикан?” дея ўкинган одамларни кўп кўрганмиз.

Навқирон авлодни жисмоний, руҳий ҳамда маънавий етук қилиб тарбиялаш масаласи эътибордан четда қолиб келгани сабаби, мана, энди ҳаммамизга равшан. Ахир кеча ким эдигу бугун ким бўлганимизни вақт ўтгани сайин теран англаб етмоқдамиз, эртага янада юқори марраларни эгаллаш нечоғли муҳим эканини тобора чуқур ҳис этаяпмиз.

Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қиладиган спорт байрами яқинлашгани сари кўнглимиздан кечаётган бу ўйлар ҳаяжон билан қоришиб кетмоқда. Кимдир оғир атлетикачиларимиз, яна кимдир эса таэквондо бўйича меҳрини қозонган спортчиларимиз номини тилга олиб, вакилларимиз, сўзсиз, зафар қучишига умид билдираяпти. Шу ўринда Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритган вакилларимиз орасида боксчиларимизга ҳам алоҳида ишонч билан қаралаётганини таъкидлашни истардик. Ўтган йилларда мамлакатимизда барча спорт тури қаторида боксни ривожлантириш, профессионал чарм қўлқоп усталарини тайёрлаш тизими изчил такомиллашди. Бунга исбот тариқасида 2014/2015 йилларда юртимизнинг барча ёш ва вазн тоифасидаги чарм қўлқоп усталари турли даражадаги 269 та медалга сазовор бўлганини мисол сифатида келтириш мумкин. Қолаверса, ўтган йили пойтахтимизда бокс бўйича ўсмирлар ўртасида уюштирилган Осиё чемпионатида юртимиз спортчилари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистоннинг спорт соҳасида, жумладан, боксда эришаётган муваффақиятлари Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (AIBA) томонидан юксак эътироф этилмоқда. Ушбу уюшма раҳбари Чинг-Куо Ву яқинда Оқсарой қароргоҳида давлатимиз раҳбари қабулида бўлиб, спорт ҳамда олимпия ҳаракатини оммалаштириш йўлидаги улкан хизматлари учун, шунингдек, боксни халқаро ва миллий даражада ривожлантириш борасидаги фидокорона меҳнати эътирофи сифатида Ўзбекистон Республикаси -Президентига АIBАнинг юксак мукофоти — “Хизматлари учун” орденини топширгани янада эътиборлидир.

Дарвоқе, 200 дан ортиқ давлат вакиллари қатнашиши кутилаётган Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон байроғи остида майдонга кириб келадиган спортчиларимизнинг ҳар бири куч, маҳорату ирода бобида тобланган. Улар орасида мустақиллик йилларида туғилган ҳамда камолга етган йигит-қизларнинг сафи кенг. Бу ёш спортчиларимиз тимсолида “Фарзандлари соғлом юрт қудратли, қудратли юртнинг фарзандлари соғлом бўлур”, деган ҳақиқатнинг ҳаётбахшлигига яна бир карра амин бўламиз.

 

Рустамали МАЖИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,

Бешариқ туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn