Алам билан ўтган тўй
  • 21 Июль 2016

Алам билан ўтган тўй

Ўтган йилнинг 15 октябрида набирамизни уйлантирдик. Маҳалламиз фаоллари: “Илтимос, машиналар сонини кўпайтирманглар. Иложи борича, ортиқча дабдабага йўл қўйманглар, ихчамлаштиринглар”, деб маслаҳат беришди. Шундай қилдик. Шу гап менга ёшлигимни, уйланганимда бошимга тушган ғавғоларни эслатди.

1968 йил. Ўн тўққиз ёшда эдим. Отамнинг аҳволи ёмонлашди. У киши менинг тўйимни кўриб кетсин, деб ҳаракатга киришдик.  Биласиз, биз томонларда катта тўй келиннинг уйида бўлади. Маросим бошланди. Дастурхонда  нон, қовун-тарвуз, узум, сочилган туршак, майиз, парварда, шафтолиқоқи. Ўртада кайвони отамга келиб биғиллади: “Ёғни вақтида олиб келмадинглар, энди кутасизлар...” Буни эшитиб мулзам тортдим. Онам қозон бошига югурар, макка уни аралашган нонлар қотиб, меҳмонлар кучаниб тўрт бўлишга уринишар, ўртада отамнинг акаси “Ҳовуздаги сувни пақирга олиб, уч кун тиндириш керак эди, чой эмас, лой бўпти-ку”, дея самоварни чангаллаган, хуллас, машмаша устига машмаша...

Қарасам, келин пиқиллаб йиғлаб ўтирибди. Оғайниларим аллақачон оч қоринга ширакайф бўлиб олишган. Индамаса, баҳона топиб, уришиб олишса...

Тўй тугади. Амал-тақал қилиб аравада келинни уйга олиб келдик. Ўшанда “Уфф, азобдан қутулдим”, деб даҳлизга бориб ўзимни таппа ташлаганман. Ота-онам эрталабгача бир-бирларидан норози бўлиб, гап талашиб чиқишди. Хуллас, тўй эмас, “Во аламо, во алам” бўлди. 

Набирамнинг тўйида эса... Қасрдек тўйхона. Дастурхон тўла ноз-неъматлар. Хизматчиларнинг икки қўли кўксида. Турли-туман таом ва салатлар, салқин ичимликлар, пистаю бодом... Чой ичсанг, таъмидан ҳузур топасан. Бу ёқда созандалар. Куй-қўшиқ авжида. Келин-куёв бахт оқшомининг тароватидан мамнун. Меҳмонлар қувончга тўлиб, энг яхши тилаклар билдиришдан шоду хуррам.

Бугун билан кечанинг ўртасида тоғдек фарқ бор. Демоқчиманки, яйраб, ҳузур қилиб яшайдиган замон келди. Уни кўз қароғидек асраш лозим. Чунки тўй — инсон ҳаётининг бахтли кечиши ифодаси. Бугунги оилавий шодиёналаримиз мазмуни айнан шундай.

Меҳмон БОТИРОВ,

меҳнат фахрийси.

Қоракўл тумани

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn